Home / МАҚОЛАЛАР / ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК – ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИ ГАРОВИ

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК – ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИ ГАРОВИ

Маълумки, бугунги кунда дунёда 1600 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Харитада эса 200 дан ортиқ давлатни кўрамиз. Демак, давлатларга кўп миллатлилик хосдир. Мазкур миллатлар вакиллари турли эътиқод, хусусан, диний эътиқодга амал қилади. Бу 130 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қиладиган Ўзбекистон учун ҳам хосдир. Аҳолининг 90 фоиздан ортиғи ислом динига эътиқод қилиши баробарида, яна 15 турдаги бошқа конфессия вакиллари ҳам юртимизда баҳамжиҳат ҳаёт кечирмоқда.

Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган ва ҳамиша ўзаро тинч-тотув яшаган халқлар масканидир. Бизнинг мамлакатимиз ҳам азал-азалдан қадимий динлар ривож топган замин сифатида алоҳида мавқега эга.

Инсоният тарихидаги тараққиётнинг барча ютуқлари  жамиятдаги тинчлик-тотувликка чамбарчас боғлиқдир. Жамият равнақи ва ижтимоий муносабатлар ривожи ҳамда фаолият турларининг барча соҳалари учун тинчлик энг муҳим омил ҳисобланади. Жамият, юрт тинчлиги – бебаҳо неъмат, тараққиёт гаровидир. Бу тинчликнинг барқарор бўлишида бағрикенглик, миллатлараро тотувлик муҳим аҳамият касб этади. Шу боисдан бу муборак заминда ҳам аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлган, мана шу юрт озодлиги, фаровонлиги йўлида улар бир-бирларига елкадош бўлган.

Шу сабабли бугунги кунда ҳам тинчлик, мамлакатимизнинг дунё сиёсий майдонида илгари сураётган асосий ғояларидан биридир.

 Албатта, тинчликка ўз-ўзидан ёки баландпарвоз сўзлар билан эришиб бўлмайди, уни изчил ва қатъий ҳаракатлар ва айни вақтда дунё сиёсий майдонида содир бўлаётган  жараёнларни тафаккур қилиб узоқни кўра билиб, амалга ошириладиган тадбирлар орқали таъминлаш мумкин. Тинчлик деб аталмиш неъматни тутиб турувчи омиллардан бири диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ҳисобланиб, бугунги кунда бу сиёсат миллий мафкурамизнинг энг муҳим бўғинларидан биридир.

Шу нуқтаи назардан қараганда, конфессиялараро муносабатлар, уларнинг мазмуни жамиятдаги мавжуд ижтимоий муносабатларнинг характерини белгилаб берувчи омил сифатида намоён бўлади. Тарихга назар ташласак, бугунги Ўзбекистон ҳудуди қадим даврлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи аҳоли яшаган ўлка бўлганини кўрамиз.

Бағрикенглик, энг аввало, инсоннинг барча ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олиш асосида шаклланган фаол муносабатдир. Бағрикенглик ҳеч қандай вазиятда ана шу асосий қадриятларга тажовузларнинг баҳонаси бўлиб хизмат қилмайди. Бағрикенгликни алоҳида шахслар, гуруҳлар ва давлатлар намоён қилиши лозим.

Бағрикенглик – инсон ҳуқуқларини қарор топтириш, плюрализм (жумладан, маданий плюрализм), демократия ва ҳуқуқ тантанаси учун кўмаклашиш мажбурияти. У ақидапарастликдан, ҳақиқатни мутлақлаштиришдан воз кечишни англатувчи ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ўрнатилган қоидаларни тасдиқловчи тушунчадир.

Сўнгги йилларда Мьянмадаги мусулмонларга тажовузлар[1], Ҳиндистондаги Бобур масжидининг бузилиши[2], Шри-Ланка ва Африканинг айрим давлатларида юз бераётган диний низолар булар сингари кўплаб бошқа аянчли воқеалар ушбу муаммо дунё миқёсидаги ҳал этилиши лозим бўлган долзарб масалалардан бири эканини кўрсатди. Диний бағрикенгликни таъминлаш, турли динлар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат руҳини қарор топтириш 130 дан ортиқ миллат ва элат яшайдиган Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада мустақиллик йилларида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди ва ижобий натижаларга эришилди. Шу сабабдан диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган тадбирлар ва уларнинг натижаларини таҳлил этиш ҳозирги куннинг долзарб илмий масалаларидан бирига айланди, десак, янглишмаган бўламиз.

Мустақиллик йилларида дастлаб юртимизда яшаётган турли халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг қонуний асослари яратилди. Мазкур тамойиллар Ўзбекистон Конституциясида белгилаб қўйилди. Жумладан, Бош қонунимиз 4-моддасида Ўзбекистон давлати ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг равнақи учун шароит яратиши кўрсатилган бўлса, 18-моддасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилди[3].

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодига содиқ қолиши учун зарур шароитлар яратиб беришга, конфессиялараро ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 1995 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида “Бир само остида” шиори билан халқаро мусулмон-насроний конференцияси ўтказилди, 1996 йилнинг ноябрида эса Рус православ черкови Тошкент ва Марказий Осиё епархиясининг 125 йиллиги нишонланди[4].

Шу билан бирга, ўтган йиллар давомида турли диний жамоаларнинг юбилейларига бағишланган кенг кўламли тадбирлар ташкил қилинди. Хусусан, 2003 йилнинг октябрь ойида Самарқандда Арман апостол черковининг 100 йиллиги нишонланди. Юбилей тадбирларида юртимиздаги барча конфессиялар вакиллари иштирок этди. Бу эса ўз навбатида, конфессиялараро муносабатлар ривожида муҳим аҳамият касб этди. 

Ўтган даврда ҳукумат томонидан диний муносабатларни тартибга солиш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш жараёни фаол давом эттирилди. Жумладан, 1990-2005 йилгача бўлган даврда диний соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 та фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 48 та қарори қабул қилинди[5]. Амалга оширилган мазкур тадбирлар диний соҳа фаолиятини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.  

Бу йўналишдаги ислоҳотлар 2016 йилдан янги босқичга кўтарилди. Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшнилик муҳитини ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида ўрин берилди[6].

Бу борадаги тадбирларни халқаро миқёсда ҳал этиш бўйича ҳам ҳукумат томонидан қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббус асосида мазкур ташкилотнинг олий органи 2018 йилнинг 12 декабрь ойида ўтказган ялпи мажлисда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди[7].

Аждодларимизнинг меросини кенг тарғиб қилиш билан бир қаторда динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик, инсонпарварлик тамойиллари ҳамда диний-маънавий ҳаётда содир бўлаётган янгиликлардан кенг жамоатчиликни хабардор қилиб боришни таъминлаш йўлида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шу мақсадда Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ҳузурида “Зиё” медиа-маркази ташкил этилди[8]. Ушбу марказ бу борадаги янгиликларни оммага тез ва холис етказишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, мустақиллик йилларида диний бағрикенгликни, конфессиялараро муносабатларда барқарорликни таъминлаш борасида кенг миқёсдаги ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён изчил давом этмоқда. Соҳага тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва улар муттасил такомиллаштирилмоқда, мунтазам равишда турли диний ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чоралари кўриляпти. Ўтган даврда юзлаб масжид, черков, синагога ва ибодат уйлари қурилди ва қайта таъмирдан чиқарилди. Кейинги йилларда мазкур соҳа ривожи янги босқичга кўтарилди. Бу даврда ислом дини таълимотини чуқур ўрганиш, уни илмий тадқиқ этишга йўналтирилган халқаро илмий тадқиқот марказлари ўз фаолиятини бошлади. Шу ва бошқа омиллар юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг таъминланиши ва уни янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

[1] https://kun.uz/68336945?q=%2Fuz%2F68336945
[2] https://www.azon.uz/content/views/bobur-masjidi-urnida-buthona-birinchi-g
[3] Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. Lex.uz
[4] https://www.islaminstitut.uz/17203
[5] Расулов А. Диний бағрикенглик тамойиллари ёшлар талқинида//Талабалар республика илмий-амалий анжумани материаллари. –Т., 2015, – Б. 17.
[6] http://strategy.regulation.gov.uz/uz/document/2
[7] https://islaminstitut.uz/6126
[8] https://www.gazeta.uz/uz/2018/04/17/farmon/
Жонибек ЖУМАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …