Home / АЛЛОМАЛАР / МАҲМУД БУХОРИЙ ВА УНИНГ “ҲАҚОИҚУ-Л-МАНЗУМА” АСАРИ

МАҲМУД БУХОРИЙ ВА УНИНГ “ҲАҚОИҚУ-Л-МАНЗУМА” АСАРИ

Кўҳна Бухоро ўзининг покиза заминида кўплаб буюк алломаларни етиштирган. Улар қолдирган асарлар неча асрларки ислом оламида муҳим манба сифатида эътироф этиб келинади. Алломаларнинг сермаҳсул меҳнати сабаб бу шаҳар “Қуббатул Ислом” (“Ислом дини гумбази”) деган шарафга муносиб кўрилган.

Бухоро мадрасаларининг етук вакилларидан бири, ҳанафий мазҳаби давомчиси Маҳмуд Бухорийдир. Унинг тўлиқ исми Абулмаҳомид Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Довуд Луълуъий Бухорий Ифсанжий бўлиб, ўз замонасининг кўзга кўринган арбобларидан бўлган. У фақиҳ, муҳаддис, ҳофиз, муфассир, мутакаллим, адиб ва усулшунос олим сифатида танилган.

Манбаларда аллома ҳақида маълумот кўп учрамайди. Тарожим ва табақот сингари китобларда унинг туғилган йили, устозлари, асарлари ҳақидаги қисқа маълумотлар билан танишиш мумкин. Уларда қайд этилишича, олим 627 ҳижрий (1230 милодий) санада Бухорода туғилган ва 671 ҳижрий (1272 милодий) санада мўғулларнинг Бухорога қилган босқинида қатл қилинган[1: 127].

Алломанинг қабри қаердалиги маълум эмас. Баъзи манбаларда “Маҳмуд Бухорий мўғул-татарлар босқини пайтида шаҳид бўлган. Унинг жасади қатл қилинганларга қўшиб йўқ қилиб юборилган”[2: 270-530] дейилган. Бу маълумот унинг қабри номаълумлигини билдиради.

Олим марғиноний фиқҳ мактаби давомчиларидан биридир. Устозларининг аксарияти “Ҳидоя” асари муаллифи Имом Марғинонийга бевосита ва билвосита боғланади. У Имом Бурҳониддин Зарнужий, имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Қазийний, Имом Сирожуддин Қазийний, Имом Бадриддин Кардарий, Имом Ҳумайдуддин Зарир, Ҳофизуддин Кабир Бухорий сингари уламолардан дарс олган. Санаб ўтилган устозлардан охирги тўрттаси Бурҳонуддин Марғинонийнинг шогирди Шамсуддин Муҳаммад ибн Абдусаттор Кардарийнинг шогирдларидан ҳисобланади. Имом Зарнужий эса тўғридан тўғри Имом Марғинонийга шогирд бўлган[3: 269-412].

Алломанинг меросидан “Шарҳ ала манзумати-н-Насафий”(“Насафий манзумасига шарҳ”) ва “Ҳусулу-л-маъмул фи-л-хилоф”[4] (“Умид қилинганга эришиш”) номли асарлар бизгача етиб келган. Имом Насафийнинг манзумасига ёзилган шарҳини муаллиф “Ҳақоиқу-л-манзума”(“Манзуманинг ҳақиқатлари”) деб номлаган.

Маҳмуд Бухорийни илм аҳллари орасида машҳур қилган омил айнан ушбу “Ҳақоиқу-л-манзума” асаридир. Бу асарнинг ёзилишига асос бўлган Абу Ҳафс Умар Насафий қаламига мансуб “Манзумату-н-насафий фи-л-хилоф” асари ўнта бобга ажратилган бўлиб, уларнинг саккизтасида Имом Аъзам ва у зотнинг машҳур мужтаҳид шогирдларининг фарқли қарашлари жамланган. Қолган иккитасида эса имом Шофиъий ва имом Моликларнинг сўзлари келтирилган.

Бу асарнинг бир қанча шарҳлари мавжуд. Шулар жумласида Маҳмуд Бухорийнинг шарҳи ўз ўрни ва мавқеига эгадир. Муаллиф уни 7 йилдан кўпроқ вақт давомида ёзган. 666 ҳижрий йил Қурбон ҳайити куни Бухорода ниҳоялаган[3: 269-412].

Муаллиф асар муқаддимасида ушбу шарҳ ҳақида қуйидагиларни айтади: “Мендан атрофимда тўпланган кишилар “Манзума”даги масалаларга малоллантирар даражада узун ва мазмунни англаб олишга халал берар даражада қисқа бўлмаган, ундаги фарқли ва иттифоқ қилинган масалаларни аниқ кўрсатиб берадиган бир шарҳ ёзиб беришимни сўрашди. Мен уларнинг илтимосларини қабул қилдим, Аллоҳдан ёрдам сўраб, мақбул меҳнат бўлишига умид қилиб бу ишга киришдим. Мазкур шарҳни маъно-мазмунига далолат қилиши, ўз ичига олганлардан хабар бериб туриши учун “Ҳақоиқу-л-манзума” деб номладим”.

Бу шарҳ ислом уламолари томонидан жуда яхши қабул қилинган, гўзал мақтовларга муносиб кўрилган. “Китабул аълом” асарида Аллома Қосим ибн Қутлубуғонинг шарҳ ҳақида қуйидаги фикрлари келтирилади: “У (Маҳмуд Бухорий) Имом Насафийнинг манзумасига гўзал шарҳ ёзди ва уни “Ҳақоиқул манзума”, деб атади. Умримга қасамки, у гўзал услубда ёзилган, омма эътиборини тортган, пешво уламолар томонидан қўлма-қўл бўлиб кетган, катта фақиҳлар томонидан қабул қилган. У ҳақиқатларни жамловчи, нозик масалаларни ўз ичига олувчи, серманфаат шарҳ бўлиб, муаллифнинг фазилати, буюклиги, нозик жиҳатлар, кичик ишораларгача идрок эта олиши ҳақида ҳикоя қилади”[5: 270].

“Ҳақоиқул манзума” асарини ёзишда муаллиф кўплаб ҳанафий, моликий ва шофиъий фиқҳига оид манбалардан фойдаланганини ёзади. Шамсулаимма Сарахсийнинг “Мабсут”, Али Паздавий, Хоҳарзода, Носир Самарқандийнинг мазкур номдаги асарлари, Алоуддин Самарқандийнинг “Жомиъу-л-кабир”, шунингдек, Исбижобий, Абу Бакр Розий сингари алломалар қаламига мансуб жами 101 та асардан истифода қилган[6].

Аллома асарни 53 китоб (фасл)га бўлиб шарҳлаган. Ҳар бир китобга киришишдан олдин сарлавҳага шарҳ берган, унинг луғавий ва истилоҳий маъноларини изоҳлаган.

Ҳозирда дунё кутубхоналарида асар қўлёзмасининг бир нечта нусхалари мавжуд. Мисрдаги ал-Азҳар университети қўлёзмалар фондида (№44205, №327485), Туркиядаги “Файзуллоҳ афанди” (№14878) ва “Юсуф Оғо” (№7524), Дамашқдаги “Дорул кутубиз зоҳирийя” (№8267), Риёз шаҳридаги “Хорижийя” (№395), Босниядаги “Ғози Хисравбек” (№311)[1] кутубхонасида қўлёзма нусхалар сақланмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар бўлимида ҳам қўлёзманинг электрон нусхалари мавжуд.

Хорижий интернет сайтларда келтирилган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, асар ҳанузгача қўлёзма ҳолатида қолмоқда ва танқидий ўрганилмаган, унинг замонавий нашрлари мавжуд эмас[7]. Асар устида бир нечта магистр ва докторлик тадқиқот ишлари олиб борилган. 2011 йилда Мисрдаги ал-Азҳар университети магистранти Абдулҳасиб Санад Атия[8], 2014 йилда Саудия Арабистонидаги Фаҳд ибн Малик тадқиқотлар маркази тадқиқотчиси Фаҳд Фавоз Ғироф[9], 2015 йилда Иорданиядаги Ислом илмлари халқаро университети тадқиқотчиси Равво Валид Рошид Убайдий[10] асарнинг маълум бобларини ўрганган.

Юқоридагиларга асосланиб шундай хулосага келиш мумкинки, Маҳмуд Бухорий бугун кунда нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун янги ном десак, хато қилмаган бўламиз. Чунки, уламолар томонидан юксак эътироф ва мақтовларга муносиб кўрилган “Ҳақоиқул манзума” асари ҳанузгача қўлёзма ҳолатида турибди. Бу ҳақдаги маълумотлардан соҳа мутахассисларигина хабардордир.

Аллома меросини чуқур ўрганиш, қўлёзмалар асосида асарнинг танқидий матнини яратиш, ўзбек тилига таржима қилиш сингари ишлар тадқиқотчилар ва соҳа масъуллари олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. З.И. Мунавваров. Ўрта Осиё олимлари қомуси. –Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007.
  2. Маҳмуд ибн Сулаймон Ҳанафий. Китабул аъламул ахёр мин фуқаҳаи мазҳубин нўъманил мухтар. (Ж.2. Б.270 530 б.)
  3. Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун. Ж. 3. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2008.
  4. Ҳозирда Ирландиядаги Честера Битти кутубхонасида 4329-рақам остида сақланади. Шунингдек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар бўлимида мазкур қўлёзма асарнинг электрон нусхаси мавжуд.
  5. Истанбулдаги “Файзуллоҳ афандий” кутубхонасида 14878 рақам билан сақланган қўлёзма сўнгида ушбу маълумотларни ўқиш мумкин.
  6. almajidcenter.org/search_details.php?keyword=الإفسنجي:محمود%20بن%20محمد%20بن%20داود%20اللؤلؤي%20البخاري%20الحنفي,أبو%20المحامد,671هـ.
  7. https://www.feqhweb.com/vb/t1554.html.
  8. http://thesis.mandumah.com/Record/93393.
  9. http://ecat.kfnl.gov.sa:88/ipac20/ipac.jsp?session=14766N05F7S87.1253023&profile=akfnl&uindex=BAW&term=%D8%BA%D8%B1%D8%A7%D9%81%20%D8%8C%20%D9%81%D9%87%D8%AF%20%D9%81%D9%88%D8%A7%D8%B2&aspect=basic_search&menu=search&source=172.16.17.75@!kfnl1256.
  10. https://search.mandumah.com/Record/864158.
 
Усмонхон МУҲАММАДИЕВ

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …