Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДАГИ ФИҚҲИЙ ҚАРАШЛАРИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДАГИ ФИҚҲИЙ ҚАРАШЛАРИ

Имом Бухорий ўзига хос ижтиҳоди билан фиқҳ илмининг ҳам пешвоси бўлган. Аммо уламолар наздида фиқҳ илмидаги ўрни ҳадисшуносликдагидек, очиқ-равшан намоён бўлмаган. Бунга сабаб фиқҳдаги ижтиҳодининг барчаси махфий ҳисобланади. Шу сабабли фиқҳ борасидаги пешволиги фақат иккита иш билан чегараланиб қолган. Биринчиси, уламолар ҳаққига мақтовлар айтиб, “Фақиҳ” деб сифатлаган бўлса, иккинчиси, Имом Бухорий ўз “Саҳиҳи”да тузган бобларнинг сарлавҳалари фиқҳда пешво бўлганига ишора қилган.

Демак, уламоларнинг Имом Бухорийни олқишлаб, “Фақиҳларнинг саййиди”, деб сифатлаши унинг ҳадис илмидан ташқари фиқҳда ҳам пешво бўлганига далил бўлади.

Имом Бухорийнинг котиби Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ айтади: “Ҳошад ибн Исмоилнинг бундай деганини эшитдим: “Мен Басра шаҳрида бўлганимда, Муҳаммад ибн Исмоилнинг бу шаҳарга келаётганини эшитиб қолиб, уни кутиб олиш учун чиқдим. У келган вақтда Муҳаммад ибн Ёсар : “Бугун бу шаҳарга фақиҳларнинг саййиди кириб келди”, деб олқишлаб кутиб олди” [3.2/6].

Аҳмад ибн Ёсар айтади: “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғира Жуъфий илм толиби, одамларнинг суҳбатдоши ва ҳадис йўлида сафар қилиб, унда моҳир эди. Ҳадисдаги билими ва ёдлаш қобилияти жуда кучли бўлиб, шу билан бирга, фиқҳ илмини ҳам ўрганар эди” [3.2/6].

Имом Бухорийни фиқҳ илмида Имом Аҳмаддан афзал кўрганлар ҳам топилади. Абу Мусъаб Аҳмад ибн Абу Бакр Маданий бир даврада: “Муҳаммад ибн Исмоил бизнинг наздимизда Имом Аҳмаддан кўра фақиҳроқ эди”, деди. Бу пайтда унга шу ерда ўтирганлардан бири эътироз билдириб: “Чегарадан ошириб юбординг”, деди. Абу Мусъаб унга жавобан айтди: “Агар Имом Моликни ҳаётлик чоғида топиб, унинг юзига назар қилиб, кейин Муҳаммад ибн Исмоилнинг юзига қараганингда эди, албатта, иккаласи фиқҳ ва ҳадис илмида баробар экан, деб айтар эдинг” [3.2/19].

Яъқуб ибн Иброҳим Давроқий айтади: “Муҳаммад ибн Исмоил бу умматнинг фақиҳидир” [3.2/22]. Шунга ўхшаш гапни Наим ибн Ҳаммод ҳам Имом Бухорийни сифатлаб айтган [3.2/24]. Исҳоқ ибн Роҳавайҳ бундай деган: “Эй ёшлар жамоаси! Бу ёш йигитга эътибор беринг ва ундан ҳадис ёзиб олинг. Агар у Ҳасан ибн Абу Ҳасан (Ҳасан Басрий) замонида яшаганида эди, ҳадис ва фиқҳ илмини ўрганишда, албатта, унга одамларнинг эҳтиёжи тушар эди” [3.2/27].

Шунга ўхшаш Имом Бухорийнинг фиқҳдаги мавқеи ҳақида гапириб ўтган баъзи уламолар унинг ҳаққига мана шундай сифатлар билан кўп мақтовлар битган. Ўз ўрнида бу мақтовлар худди уламолар томонидан Имом Бухорийнинг фиқҳда пешқадам эканига ижмоъ қилганга ўхшайди. Биз фиқҳ борасида унинг ҳаққига айтилган очиқ ва маъноли мақтовларни келтиришни лозим топдик. Қолаверса, уни “Фақиҳларнинг саййиди”, деб сифатлаб, ҳатто Имом Аҳмаддан афзал қилиб, Имом Моликка тенгладик. Буларнинг барчаси шак-шубҳасиз Имом Бухорийнинг фиқҳда пешқадам бўлганидан далолатдир.

Имом Нававий “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган шарҳи чўзилиб кетганидан узрланиб, бундай деган: “Агар одамларнинг ғайрати ва интилиши заифлашмаганда ва кенг ҳадис китобларга қизиқиши камаймаганда эди, албатта, “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган шарҳимни такрор келган ҳадисларни киритмасдан 100 мужалладга етказган бўлар эдим. Чунки бу китобнинг фойдаси кўп ва у ислом қонуншунослигидаги махфий ва зоҳир услубларни қамраб олган асардир” [4.18].

Имом Бухорийнинг фиқҳ борасида пешволигига сабаб бўлган омил, яъни ўз “Саҳиҳи”да тузган бобларнинг сарлавҳалари унинг фиқҳда пешво бўлганини кўрсатиши борасида Ҳофиз ибн Ҳажар бундай деган: “Имом Бухорий ўзи ёзган “Саҳиҳул Бухорий” китоби фиқҳий фойдалар ва чуқур маъноли гаплардан холи бўлмаслигини билгач, ўзининг ақлу фаросати билан ҳадис матнларидан кўпгина фойдаларни чиқариб олиб, уларни ҳадиснинг маъносига муносиб бўлишига қараб, китобнинг бобларида сарлавҳа ўрнида келтирди. Яна у ерда ҳукм оятларига эътибор бериб, улардан фиқҳ борасида асосли далилларни чиқариб олди ва уларни тафсир қилишга ишора қилиб, кенг йўлни очиб берди” [6.10].

Яна уламоларнинг ижмоси шуни кўрсатадики, Имом Бухорийнинг саҳиҳ ҳадисларни ажратиб, саралагандан кейинги мақсади ҳадис матнларидан кўпгина маъноларни чиқариб олиш бўлган. Айнан шу йўл у кишининг фиқҳи ҳисобланади [7.1/19].

Имом Бухорийнинг фиқҳда пешқадам бўлганини билдирадиган сабаблардан яна бири “Саҳиҳул Бухорий”ни шарҳлаган уламоларнинг шариат илмида ўз ўрни бўлганига қарамай, унинг мақсадини баён қилишда ҳар хил қарашлар билдирганидир. Кимки шарҳловчиларнинг “Саҳиҳул Бухорий”да боблар учун тузилган мавзулардаги мақсадни ёритиб беришдаги сўзларини ва ўша мавзудаги далилларни ўқиса, Имом Бухорийнинг фиқҳ борасида пешқадамлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилади.

Имом Бухорий ҳадис китоб ёзиш билан бирга шариат қонунларини чиқариб олишда қуйидаги далилларга суянган:

  1. Қуръони карим. Имом Бухорий Аллоҳ таоло каломидан кўпгина оятларни бобларнинг сарлавҳаларига қўйиб, ўша оятлардан ажойиб далилларни чиқариб олган. Бунга мисол, Имом Бухорий “Савдо китоби”да “Унда яна (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрасиз. Унинг фазли (ризқи)дан талаб этишингиз ва (неъматларига) шукр қилишингиз учун (шундай қилди)”[1], деган оятни Матордан келган ривоятга кўра, денгиздаги кемага тижорат қилиш учун минишнинг жоизлигига далил қилиб келтиради. Бу билан Имом Бухорий худди Абу Довуднинг “Жиҳод китоби”да Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан: “Денгиздаги кемага фақат ҳаж ё умра ёки Аллоҳ йўлида душманга қарши уруш учун чиқилади” [5.5/145], деб ривоят қилинган ҳадисга раддия бергандек бўлади. Чунки, Абу Довуд ўзи бу ҳадисга изоҳ бериб, бундай деган: “Бу ҳадис жуда заифдир. Уни ривоят қилган Абу Абдуллоҳ ва Башир ноаниқ ровийлардир” [7.145].
  2. Суннат. Имом Бухорийнинг суннатдан далил олишда пухта билимга ва саҳиҳ ҳадислар тўғрисида жуда кўп маълумотга эга бўлган.У ҳатто кўпгина масалаларни шартига тўғри келмайдиган ҳадисни сабаб қилиш билан сарлавҳа тузиш орқали чиқариб олади ва ўша сарлавҳа остида шартига мос келадиган ҳадисларни келтиради.
  3. Ижмо. Уламолар ижмоси ҳам Имом Бухорий наздида далил сифатида қабул қилинган. Шу сабабли унинг фикрига кўра, агар уламолар ижмоси қозининг ҳукмига қарши чиқса, унда қозининг ҳукми бекор бўлади. Имом Бухорий мана шу сўзини қувватлаш учун “Ҳукмлар китоби”даги бобга “Ҳоким шафқатсизлик қилишни ёки илм аҳлига хилоф иш тутишни буюрса, рад қилинади”, деб сарлавҳа қўйган [2.551]. Бу бобда Солим отасидан ривоят қилган ҳадисни келтирган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валидни аскарларга бошлиқ қилиб, Бани Жузайма қабиласига юбордилар. Улар: “Исломни қабул қилдик!” дейиш ўрнига, билмай: “Диндан қайтдик!” деб юборди (яъни, “Аввалги динимиздан қайтиб исломга кирдик!” деб айтмоқчи бўлган). Шунда Холид Ибн Валид уларга қарши аскарларни жангга ташлади ва кўпчилигини ўлдириб, қолганларини асир олди. Кейин ҳар биримизга ўзимиз қўлга туширган асиримизни ўлдиришни амр қилди. Мен бундан бош тортдим, шерикларим ҳам шундай қилди. Қайтиб боргач, бу ҳақда Жаноб Расулуллоҳга айтган эдик, у зот: “Эй Парвардигоро, Холид ибн Валиднинг қилмишида қўлим йўқдир!” дедилар, яъни Холид ибн Валиднинг суриштирмай-нетмай уларни ўлдирганини назарда тутдилар”. Имом Бухорий бу бобда Холид ибн Валид бошлиқ бўлишига қарамай, саҳобалар унинг ҳукмига ўз ижмоъси билан қарши чиққанини эътиборга олган.

Буюк муҳаддис “Китоб ва суннатни маҳкам ушлаш китоби”да “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм аҳлининг иттифоқи ҳақида сўз юритганлари ва ундаганлари; Икки ҳарам – Макка ва Мадина (уламолари) ижмо қилган нарсалар ҳақидаги боб”, деб сарлавҳа қўйиб, бу бобда ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисни келтирган [8.8/507].

Бундан ташқари, Имом Бухорий сукутий (жим туриш) ижмо билан ака-укалар учун бўлган меросдаги ҳақдан бобонинг ман қилинишига қарши Абу Бакрнинг сўзини ҳужжат қилиб келтириб, бобонинг мерос олишини жоиз деб кўрсатган ва бу ҳақда “(Маййитнинг) отаси ва ака-укалари билан бирга бобосининг ҳам мерос олиши ҳақида” [1.1669], деб боб тузган. Унда аввал саҳобаларнинг сўзини келтирган, яъни “Абу Бакр, Ибн Аббос ва Ибн Зубайр айтди: “Бобо ота (ўрнида)дир”. Ибн Аббос “Эй Одам болалари[2], “Оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубнинг миллатига эргашдим[3] оятларини қироат қиларди. Бу масалада Абу Бакрга ўз замонасида бирор кишининг қарши чиққани айтилмаган, ҳолбуки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари жуда кўп эди.

Ибн Аббос: “Мендан (кейин) ака-укаларим қолиб, ўғлимнинг ўғли мерос олади-ю мен ўғлимнинг ўғлидан мерос олмайманми?” деган. Бу борада Умар, Али, Ибн Масъуд Зайддан бошқа қавллар ҳам ривоят қилинган” [1.1670].

Изоҳ: Агар маййитнинг отаси ўлиб кетган бўлса, бобоси, яъни отасининг отаси, ота ўрнида мерос олади. Ибн Аббос бунга далил сифатида мазкур оятларни эсга олган. Зеро, Қуръони каримда инсониятга “Одам болалари” дейилгани, яъни Одам алайҳиссалом бутун инсониятнинг отаси деб қаралиши, шунингдек, Юсуф алайҳиссалом ўз боболарини ҳам “оталарим” деб айтгани бобонинг ота ўрнида кўрилишини тақозо этади.

Имом Бухорий Ибн Аббосдан бобонинг мерос олишига бошқа бир қиёсий далил келтиради: набира отаси бўлмаганда бободан мерос оладими, демак, бобо ҳам ўртада ўз фарзанди бўлмаганда набирадан мерос олади. Бобонинг мерос олиши ҳақида ижмо собит бўлса-да, қанча миқдорда олиши ҳақида турлича фикрлар бор [8.8/153].

Демак, Абу Бакр бобони отага тенглаштириб, бобони ота деб ҳукм чиқардилар, аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари кўп бўла туриб, ўша вақтда бирортаси унга қарши чиқмади [2.485]. Яъни, Абу Бакрнинг сўзларига ҳеч бир саҳоба қарши чиқмасдан сукут қилди. Уларнинг сукут қилиши шу ҳукмга рози эканлигини билдиради. Имом Бухорий бу масалада саҳобаларнинг мана шу ижмосини далил қилиб олган.

  1. Қиёс. Имом Бухорий қиёсни далил ўрнида қабул қилган. Аммо баъзи аҳли илмлар каби қиёсни кенг йўл қилиб олмаган. Балки “Китоб ва суннатни маҳкам ушлаш” китобида, “Раъй (ўз билганича фикр юритмоқ) ва қиёсда такаллуф қилиш жумласидан бўлган ишлар қоралаб айтилган нарсалар ҳақидаги боб” [8.8/496] ва “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эркагу аёл умматларига раъй ва қиёс (ўхшатиш) билан эмас, Аллоҳ у зотга ўргатган нарсадан ўргатганлари ҳақидаги боб” [8.8/499] деб сарлавҳа қўйди.

Биринчи бобда Урва Абдуллоҳ ибн Амрдан: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ илмни уларга (одамларга) бергандан кейин уни бирдан суғуриб олмайди, балки ораларидан уламоларни илмлари билан қабз қилиб, уни суғуриб олади. Шунда жоҳил одамлар қолади. Улардан фатво сўралади, улар ўз раъйлари билан фатво бераверади. Натижада адаштиради ва адашади”, деб айтганларини келтирган. Имом Бухорий бу бобни Қуръон ва ҳадис илмига таянмасдан ўз фикри билан фатво чиқаришни қоралаш мақсадида тузган.

Иккинчи бобда Абу Саиддан ривоят қилинган ҳадисни келтирган, яъни: “Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули! Эркаклар ҳадисингиз(ни ўрганиш)да илгарилаб кетди. Бизга ҳам бир кунни тайин қилсангиз, шу кунида ҳузурингизга келсак, Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан бизга ҳам ўргатсангиз”, деди. Шунда “Фалон-фалон кунлари фалон-фалон жойга тўпланинглар”, дедилар. Улар тўпланди. У зот келиб, Аллоҳ ўзларига ўргатган нарсалардан уларга ўргатдилар…” [1.1806].

Имом Бухорий бу бобни тузиш билан худди юқоридаги бобни таъкидлагандек, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматини ўз раъйлари билан фатво беришдан қайтаришларидан ташқари, у зот ҳам эркак, ҳам аёл умматларига раъй ва қиёс билан эмас, балки Аллоҳ у зотга ўргатган нарсадан таълим берганларини айтиб ўтаяпти.

Имом Бухорий қиёс бобини “Сўровчига тушунтириш мақсадида Аллоҳ ҳукмларини баён қилиб қўйган маълум аслни баён қилинган аслга ўхшатиш ҳақидаги боб” [1.1807] деб номлаган. Бу билан қиёсга ижобий фикр билдириб, Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисни келтирган: “Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Аёлим қоп-қора бола туғди. Мен эса уни тан олмадим”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Туяларинг борми?” дедилар. У “Ҳа”, деди. “Ранглари қанақа?” дедилар. “Қизил”, деди. “Ораларида кулранги ҳам борми?” дедилар. “Ҳа, кулранги ҳам бор”, деди. “Бу уларга қаердан келган деб ўйлайсан?” дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, наслига торгандир-да”, деди. Шунда у зот: “Эҳтимол, бу ҳам наслига тортгандир”, дедилар ва ундан тонишга рухсат бермадилар” [8.8/502]. Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўровчига қиёс билан жавоб беряптилар. Имом Бухорий юқоридаги сарлавҳани шунга асосан қўйган.

Буюк муҳаддис қиёсга тааллуқли тўртинчи сарлавҳани ҳам шу китобда тузиб, уни “Далиллар билан билинадиган ҳукмлар ҳақида. Далолатнинг маъноси ва унинг изоҳи қандай бўлади?” [1.1815] деб номлаган. Бу бобда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам от ва ундан бошқа нарсаларнинг закотини бериш ҳукмини айтиб берганлар. Кейин эшак(дан закот бериш-бермаслик) ҳақида сўрашган эди, уларга Аллоҳ таолонинг “Бас, ким зарра оғирлигича яхшилик қилса ҳам, уни кўради”[4] деган сўзини эслатганлар” [8.8/521], деган хабарни келтирган. Яъни, от ҳақидаги гапларни эшитган одамлар энди эшак боқиш ва ундан закот бериш-бермаслик ҳақида сўраган. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умумий маънодаги оятни келтириб, яхшилик учун боққан одам савоб олишини тушунтирганлар. Яъни, бу ҳадисдаги далил билан билинадиган ҳукм шуки, юқоридаги оятга биноан эшак боқишда ундан закот берилмаса-да, аммо яхшилик йўлида боққани учун савоб олиши маълум бўлади.

Натижада бу сарлавҳаларнинг баъзиси, бошқаси билан жам қилинганда, аввалги тузилган икки бобда раъй ва қиёснинг салбий томони олинган бўлса, кейинги икки бобда уларга ижобий қаралган, деган тушунча ҳосил бўлади. Бундан маълум бўладики, Имом Бухорий оз ўринда бўлса ҳам қиёсни далил сифатида олган ва қиёс унинг наздида далил ўрнида ишлатилган, аммо кенг қўлланилмаган.

Уламоларнинг ижмоси шуни кўрсатадики, Имом Бухорийнинг саҳиҳ ҳадисларни ажратиб, саралагандан кейинги мақсади ҳадис матнларидан кўпгина маъноларни чиқариб олиш бўлган. Айнан мана шу йўл унинг фиқҳи ҳисобланади [7.1/19].

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Байрут: Дару Ибн Касир, 2002.
  2. Абдулазиз Мансур. Саҳиҳи Бухорий. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2008.
  3. Абу Бакр Аҳмад ибн Али Хотиб Бағдодий. Тарих Бағдод мадинатус салам. – Байрут: Дарул фикр, 2004.
  4. Имом Нававий. Мо тамассу илайҳи ҳажатул Қори ли-Саҳҳиҳил Имамил Бухориййи. – Байрут: Дарул кутубул илмийя , 2018.
  5. Имом Абу Довуд Сижистоний. Сунану Аби Довуд. – Байрут: Дарул кутубил илмийя, 1996.
  6. Ибн Ҳажар Асқалоний. Ҳадюс сорий. – Байрут: Дарул маърифати, 2014.
  7. Муҳаммад Закариё ибн Яҳё Кандеҳлавий. Ал-абвабу ват тарожиму ли-Саҳиҳил Бухориййи. – Байрут: Дарул башаирул исламийяти, 2012.
  8. Олтин силсила: 8-жуз : Саҳиҳул Бухорий – Тошкент: Hilol-Nashr, 2018.
Отабек  БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ШАМСУЛ АИММА ҲАЛВОНИЙ ҚАЛАМИГА МАНСУБ АСАРЛАР

Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳанафий Бухорий ал-Ҳалвоний (ваф. 448/1056-1057) ижтимоий-сиёсий фаолияти учун …