Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ТУРКИЯДА АМАЛИЁТ ЎТАМОҚДА

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ТУРКИЯДА АМАЛИЁТ ЎТАМОҚДА

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлимининг 3 нафар илмий ходими Туркия Республикасига илмий сафарга жўнаб кетди.

Сафар Туркия университетлари ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш юзасидан эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича имзоланган “Йўл харитаси” ижроси доирасида уюштирилган бўлиб, бир ой муддатга мўлжалланган. Сафарнинг асосий қисмида илмий ходимлар: Й.Исаев, И.Қушшақов ва Б.Иботовлар Туркия қўлёзма асарлар Бош бошқармаси китоб шифохонаси ва Архив ишлари бошқармаси (Türkiye Yazma Eserler Kurumu Başkanlığı Kitap Şifahanesi ve Arşiv Dairesi Başkanlığı)да касбий малакаларини оширадилар.

Куни кеча илмий ходимлар Истанбулдаги Қўлёзма асарлар Бош бошқармаси китоб шифохонаси ва Архив ишлари бошқармаси раҳбари Нил Байдар хоним билан учрашди. Қисқа мулоқотдан сўнг, ходимлар муассаса фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шифохонага таъмир учун олиб келинган китобларни қабул қилиб олиш, улардаги қурт ва ҳашаротлар (зараркунандалар)дан тозалаш учун мўлжалланган карантин музлатгичини ишлатиш тартиби билан яқиндан танишдилар.

Китобларни таъмирлашдан олдин уларнинг ҳолатини (муқова, варақ, матн ўлчамлари, муқоваси ва варақларнинг қалинлигини ва китобга етган зарарларни даражасини) аниқлаш ва шу асосида қўлёзма асарларни таъмирлаш қайдномасини тўлдириш жараёнларини ўзлаштиришди.

Сафар давомида марказ илмий ходимлари Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) бўлим бошлиғи, тарих фанлари доктори, профессор Аширбек Муминов билан учрашиб, икки муассаса ҳамкорлигида олиб борилиши режалаштирилаётган истиқболдаги лойиҳалар борасида суҳбатлашди.

Илмий сафар давом этмоқда.

Марказ Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …