Home / МАҚОЛАЛАР / «САҲИҲУЛ БУХОРИЙ»НИНГ ҲАДИС ТЎПЛАМЛАРИ ОРАСИДАГИ ЎРНИ

«САҲИҲУЛ БУХОРИЙ»НИНГ ҲАДИС ТЎПЛАМЛАРИ ОРАСИДАГИ ЎРНИ

Илм-фан ва жаҳон тамаддуни ривожида ўчмас из қолдирган муҳаддислар ўз асарларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, саҳобаларнинг сўз ва амаллари ва ҳатто тобеинларнинг фатволарини жамлаган.

Ҳадис илмига оид манбаларнинг кўпайиб бориши натижасида муҳаддислар уларни мавзуи, ёзилиш услуби, соҳаси ва бошқа жиҳатларига эътиборан гуруҳларга ажратиб чиққан. Аввал муснад услубидаги ҳадис тўпламлари пайдо бўлган, кейин бошқа жанрдаги ҳадис китоблари ёзилган ва вақт ўтган сайин бу иш ривожланиб, янги турдаги асарлар пайдо бўлган.

Ҳижрий иккинчи асрнинг иккинчи ярмига келиб, ҳадис тўпламлари орасида мусаннафлар, яъни ҳадисларни ўз мавзуига оид сарлавҳада ёзишга асосланган тўпламлар пайдо бўлган. Бу борада Абдураззоқ Санъоний (ваф. 211/826 й.), Ибн Абу Шайба (ваф. 235/849 й.) ўз китобларини ёзган. Бу асарларда ҳадисларнинг саҳиҳлик бўйича турли даражалари мавжуд. Вақт ўтгани сайин муҳаддисларнинг олдида муайян турдаги ҳадисларни жамлаш вазифаси пайдо бўлган ва бу ишга биринчи бўлиб Имом Бухорий қўл урган. У ўз олдига фақат саҳиҳ бўлган ҳадисларни жамлашни вазифа қилиб олган. Натижада унинг “Саҳиҳул Бухорий” асари вужудга келган ва Имом Бухорий бу асарни “ал-Жомеъ ал-муснад ас-саҳиҳ ал-мухтасар мин умур Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва сунаниҳ ва айямиҳ” деб номлаган.

Бу асар ҳадис илмида ва мусулмонлар орасида қисқача «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» («Ишончли тўплам»), аксар ҳолларда эса «Саҳиҳул Бухорий» номи билан машҳур экани маълум.

Ишончли ҳадисларни жамлаган олимлардан яна бири Имом Муслим бўлиб, у ўз асарини «Саҳиҳ» деб номламаган. Шунинг учун олимлар бу китобни номлашда ихтилофга борган. Кўпчилик тафсир, ҳадис, фиқҳ ва бошқа китобларда уни «Саҳиҳ» деб номлаган[1]. Бироқ Имом Муслим «Саҳиҳ»ни бошқа бир китобида «Муснад» деб атаган.

Муҳаддислар ҳадис тўпламларини мавзулар ва ёзилиш услубларига қараб турларга бўлган. “Саҳиҳул Бухорий” асари ривоят илмига оиддир.

Барча мавзуларни ўзида жамлаган асарлар «жавомеъ» («жомеъ»нинг кўплиги) деб юритилади. «Жомеъ» луғатда «жамловчи», «қамраб олувчи» маъноларида келади. Истилоҳда эса, ҳадис мавзуларининг барчасини ўзида мужассам этган тўплам ҳисобланади[2]. Ҳадис мавзулари деганда, ақоид, ҳукмлар, риқоқ (нафосат)қа оид ҳадислар, ейиш-ичиш, сафар одоблари, шунингдек, тафсир, тарих ва сийрат, фитналар, маноқиб (фазилатлар) ва масолиб (камчиликлар) кабилар назарда тутилади. Имом Бухорийнинг асари буларнинг барчасини қамраб олгани учун ҳам «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» деб номланади.

Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» тўплами юқорида зикр қилинган кўплаб илмларга оид ҳадисларни ўз ичига олса-да, тафсир ва қироатга оид ҳадислар мавжуд бўлмагани боис у “Жомеъ” деб аталмаслигини Муборакфурий «Туҳфа Аҳвазий» асарида қайд этиб ўтади[3].

Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизийнинг «Сунан» номи билан машҳур бўлган «ал-Жомеъ ал-мухтасар мин ас-сунан ан Расулиллаҳ (С.А.В.)» асари юқорида кўрсатилган саккиз мавзунинг барчасини ўз ичига олади. Шундан келиб чиқиб, Имом Термизийнинг асарини «сунан» дейишдан кўра «Жомеъ» деган маъқул ва бу қоидадан келиб чиқиб, «Сунан»ни нашрга тайёрлаган олимларнинг кўпи уни «Жомеъ» деб берган.[4]. Бу асар шу жиҳатдан Имом Бухорийнинг асарига ўхшайди.

Ҳадис тўпламларини асар номланишидан келиб чиқиб ҳам турларга ажратиш мумкин. Масалан, «Саҳиҳ» китоблар. Бундай тўпламларда асар номида «саҳиҳ» сўзи қўлланган. Имом Бухорийнинг ва Имом Муслимнинг асарларидан ташқари, Ибн Хузайма, Ибн Сакан, Ибн Ҳиббон ва бошқаларнинг «Саҳиҳ»лари мавжуд[5]. Бироқ уларнинг саҳиҳлик даражаси билан олти ишончли тўпламга кирмаган. Бошқача айтганда, «Сиҳоҳи ситта»даги тўпламлар орасида «Сунан»лар ҳам борки, улардаги ҳадислар бошқаларига қараганда ишончли бўлгани учун шу даражага кўтарилган.

Деярли барча тўпламлардаги ҳадислар иснодлар билан ёзилгани учун уларни «Муснад» деб аташ ўринли бўлади. Аммо саҳиҳлардаги ҳадисларни жамлаш иснодлар асосида эмас, балки мавзуга кўра тартибланган. «Саҳиҳ»нинг тўлиқ номи «ал-Жомеъ ал-муснад ас-саҳиҳ ал-мухтасар мин умур Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва сунаниҳ ва айямиҳ» бўлгани учун бу асардаги ҳадислар иснодлар билан келтирилган, аммо мавзулар бўйича тартибланган[6]. Кейинги давр муҳаддислари олдинги асарлар устида янгича услубда иш олиб боргани сабабли ҳадис иснодларини тушириб қолдирган.

Муҳаддислар ҳадис тўпламларини ишончлилик даражасига қараб мартабаларга ҳам ажратган. Ҳадис асарлари ҳар хил даврда ва турли савиядаги одамлар томонидан таълиф этилгани учун савияси ҳам фарқли. Шу нуқтаи назардан муҳаддислар ҳадис тўпламларининг ишончлилик даражасини эътиборда олган ҳолда, уларни тўрт табақага бўлган ва биринчи табақага Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларини ва Моликнинг «Муватто»сини киритган[7]. Чунки уларда ҳадиснинг мутавотир, оҳод ва ҳасан қисмлари мавжуд.

Имом Муслим ўз асарини бобларга бўлиб чиққан, аммо уларга ном бермаган, Имом Бухорий эса ном берган. Ҳозирги кунда Имом Муслимнинг асари нашрларида бобларга ном берилган бўлиб, бу Имом Нававийга оид ҳисобланади.

Ҳоким Найсобурий бундай таъкидлаган: «Муҳаммад ибн Исмоил (Аллоҳ уни раҳматига олсин) усулни, яъни ҳадис аҳкомлари асосларини биринчилардан бўлиб таъриф этиб, ислом оламига баён қилган. Ундан кейин бу борада асар ёзганлар унинг китобидан фойдаланган (мисол учун Имом Муслим ибн Ҳажжож каби)»[8].

Имом Доруқутний: «Бухорий бўлмаганда, Имом Муслим шундай асар ёзмаган бўларди». Яна бир жойда у: “Имом Муслим нима қилган бўлса, Имом Бухорийнинг китобидан олган ва ундан фойдаланган ҳолда айрим қўшимчалар қўшган”, деб эътироф этади[9].

Мағриблик олимлар Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ини Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»идан устун қўйган. Имом Муслимнинг асари фиқҳий нафислик, нозик услубий иборалар, хилма-хил иснод ва бошқа жиҳатлари билан ажралиб туради. Бу ҳақда юзлаб китоблар тасниф этилган. Шу билан бирга, аллома Ибн Халдун: «Унинг шарҳи ислом уммати учун энг афзал бўлиб қолмоқда», деб ёзган[10].

Имом Жалолиддин Суютий «Тадриб ар-ровий» асарида: «Имом Бухорийнинг асари (Имом Муслимникидан) саҳиҳроқ ва фойдаси кўпроқдир. Баъзилар Имом Муслимнинг асари саҳиҳроқ деган, аммо биринчи гап тўғри», деган[11]. Чунки Имом Муслим асарини Имом Бухорийнинг асарига асосланиб ёзган. Унинг асари баъзи зиёдаликларга эга бўлса-да, мартабаси Имом Бухорийнинг асарига етмаган. Қолаверса, у Имом Бухорийнинг шогирди бўлган, буни ўзи тан олиб, устозини «Саййид ал-муҳаддисийн» («Муҳаддислар султони»), деб атаган. Умуман, кўп олимлар Имом Бухорийнинг асарини Имом Муслимникидан ишончлироқ деб билган[12].

Имом Бухорийдан кейин яшаб ўтган муҳаддислар «Саҳиҳ» асарини турли йўналишдаги янги тадқиқотларда қўллаган. Масалан, «Мустадрак» (тўлдириш) йўналишидаги асарлар[13]. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ига Ҳоким Найсапурий (ваф. 405/1014 й.) «Мустадрак» ёзган. Бунга Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»и ҳам қўшилган. Шунингдек, Абу Зарр Ҳаравий номи билан танилган Ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Уфайр Ансорий (ваф. 434/1043 й.) «Мустадрак ала саҳиҳайн» асарини ёзган. Имом Али ибн Умар Абу Ҳасан Дорақутний (ваф. 385/995 й.)нинг «Илзомот» асари ҳам мустадрак каби бўлиб, икки имомнинг шарти асосида ёзилганини Каттоний келтирган.

Зиё Мақдисий номи билан танилган ҳофиз Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Аҳмад Саъдий Димашқий (ваф. 643/1245 й.) «Мухтора» номли асар ёзган. Унинг иккинчи номи «ал-Аҳодис ал-мухтора мимма лам юхаррижҳу ал-Бухорий ва Муслим фи саҳиҳима»дир. Бу асарда шаръий ҳукмларда эҳтиёж сезилган мақбул ҳадисларни келтириш шарт қилиб қўйилади. Шу билан бирга, бу ҳадислар икки саҳиҳ китобда келтирилмаган. Асар муснад услубида, саҳобийлар алифбо тартибида, фақат ашараи мубашшарани аввал келтирган ҳолда тузилган. Шунингдек, агар бирор ҳадисни бошқа муҳаддислар келтирган бўлса, улар ҳам кўрсатиб ўтилган[14].

Мустахраж услубида ҳам Имом Бухорийнинг асаридан фойдаланилган[15]. Аҳмад ибн Иброҳим Исмоилий Журжоний Шофеий (ваф. 371/981 й.), Муҳаммад ибн Абу Ҳомид Ғитрифий (ваф. 377/987 й.), Ибн Абу Зуҳл номи билан танилган Муҳаммад ибн Аббос Зиббий Усмий Ҳаравий (ваф. 378/988 й.), Ибн Мардувайҳ номи билан танилган Аҳмад ибн Мусо Исфаҳоний (ваф. 416/1025 й.), Аҳмад ибн Абдуллоҳ Исфаҳоний (ваф. 430/1039 й.) “Саҳиҳул Бухорий”га мустахраж ёзган.

Ҳадис тўпламларининг яна бир тури «Завоид»[16] бўлиб, Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»и шу туркумга киритилган. Бундай тўпламлар бир нечта асарни ўз ичига олгани билан ажралиб туради. Улардан бири сифатида Имом Муғлатой Ҳанафийнинг (ваф. 762/1361 й.) «Завоид Ибн Ҳиббон ала ас-саҳиҳайн» асарини келтириш мумкин.

Шунингдек, «ас-Саҳиҳ»га «атроф»[17] тузганлар ҳам учрайди. Имом Бухорийнинг асари бўйича Аллома Нуриддин Синдий (ваф. 1138/1726 й.) ёзган асар «Атроф» деб номланади. Шунингдек, Халаф ибн Муҳаммад Воситий (ваф. 400/1010 й.), Иброҳим ибн Муҳаммад Димашқий (ваф. 401/1011 й.), Убайдуллоҳ ибн Абу Али Ҳасан Исфаҳоний (ваф. 517/1123 й.) ва ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний икки саҳиҳга «Атроф саҳиҳайн» ёзган номли асарларини келтириш мумкин. Имом Бухорийнинг асарига Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ва бошқалар ҳам атроф ёзган[18].

Умуман олганда, Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»идан бошқа турдаги тўпламларни ёзишда ҳам фойдаланилган. Жумладан, баъзилар «Саҳиҳ»нинг ровийларини алоҳида китобга жамлаган. Бироқ кўп ўринларда, жумладан, Абу Али Ҳусайн ибн Муҳаммад Андалусий (ваф. 498/1105 й.) томонидан бу иш Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»и билан бирга амалга оширилган.

Хулоса қилиб айтганда, Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»и ҳадис манбалари орасида энг юқори ўринга эгадир. У аввалги муҳаддислар қўлламаган услуб билан фақат саҳиҳ ҳадисларни жамлашга алоҳида эътибор бериб ва муайян бобларни тузиб, асар ёзган. Ҳар бир ровийга қўйган талаблари бошқа муҳаддисларнинг талабига билан ўхшаса-да, уларнинг шартларидан кучлироқ бўлган.

[1] Муҳаммад Нурстоний. Ал-Мадхал ила саҳиҳ ал-имом Муслим ибн Ҳажжож. – ал-Кувайт: Мактаба шуун ал-фаннийя, 2008. – Б. 44.

[2] Саййид Абдулможид Ғоврий. Ал-Важиз фи таъриф кутуб ал-ҳадис. – Байрут: Дор Ибн Касир, 2009. – Б. 19.

[3] Ал-Муборакфурий. Туҳфат ал-Аҳвазий. Муқаддима. – Байрут: Дор ал-фикр. Нашр йили кўрсатилмаган. – Ж. 1. – Б. 64-66.

[4] Маъмар ибн Рошид (ваф. 154/771 й.), Ибн Ваҳб Фиҳрий (ваф. 197/812 й.), Разин ибн Муовия Сарқустий (ваф. 535/1140 й.) каби олимлар «Жомеъ» ёзганлар. Ибн Асир номи билан машҳур бўлган Муборак ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим (ваф. 606/1209 й.), Ибн Дабиъ номи билан машҳур бўлган Абдураҳмон ибн Али Шайбоний (ваф. 944/1537 й.), Шайх Алоуддин Али Муттақий Ҳиндий (ваф. 975/1567 й.), Муҳаммад ибн Сулаймон Рудоний Мағрибий (ваф. 1094/1683 й.) каби олимларнинг жомеъ асарлари ҳам бўлиб, уларда муайян олимнинг китобига (масалан, Бухорий, Муслим) асосланиш тамойили мавжуд. Улар бир неча китоблардаги ҳадисларни жамлаган, ҳадислар иснодлар билан келтирилмаган ҳамда матннинг ўзи ва ривоят қилган муҳаддиси билан берилган ва бошқалардан ажраб туради.

[5] Саҳиҳ номида асар ёзган олимлардан Имом Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма ибн Муғийра Абу Бакр Найсапурий Шофеий (ваф. 311/923 й.), Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад ибн Муоз Абу Ҳотам Тамимий Доримий Бустий (ваф. 354/965 й.), Ҳофиз Саид ибн Усмон ибн Саид ибн Сакан Абу Али Бағдодий Мисрий (ваф. 353/964 й.), Аҳмад ибн Исмоил Абу Бакр Исмоилий Журжоний (ваф. 371/981 й.)ларни келтириш мумкин. Аммо буларнинг асарларидаги ҳадислар саҳиҳлик даражасида унчалик кучли эмас.

[6] Ҳадис тўпламлари орасида бобларга бўлингани, алифбо тартибида жамлангани ва бошқа турлар ҳам барчаси иснодли бўлса, уларни шу маънодан келиб чиқиб муснад – санадга асосланган тўплам дейиш мумкин. Бироқ услуби жиҳатидан олиб ўрганиладиган бўлса, муснад фақат ровий асосида тўпланади, мавзуларга ва бошқаларга ажратилган ҳолда эмас. Масалан, Имом Бухорий асари каби «Муснад Сирож» (ваф. 313/ й.) деб номланган тўплам боблар асосида ёзилган. Бундан ташқари Имом Дайламийнинг (ваф. 558/ й.) «Муснад Фирдавс» асари эса, алифбо тартибида тузилган. Қузоийнинг (ваф. 454/ й.) «Муснад аш-Шиҳоб» асари сўзларга асосланиб тузилган. Бироқ Бақи ибн Махладнинг «Муснад»асари мусаннаф ҳисобланади. Чунки саҳобаларнинг ривоятдаги мартабалари асосида тузилган. Аввал асҳоб ал-улуфдан (мингдан ортиқ ҳадис ривоят қилган саҳобалардан) бошланган, охири вуҳдонга (битта ҳадис ривоят қилган саҳобалар) келиб тугатган ва фиқҳий тартибни қўллаган. Ибн Ҳазм: Унда 1300 дан ортиқ саҳобадан ривоят келтирган. Муснад ҳисоблансада, фиқҳий бобларга бўлган ва унинг мислидек китоб ёзилмаган, деган.

[7] Субҳи Солиҳ. Улум ал-ҳадис ва мусталаҳуҳ. – Байрут: Муассаса сақофа, 1984. – Б. 116.
[8] Асқалоний. Муқаддимат ал-фатҳ. – Байрут: Дор ар-рисола, 2013. – Т. 1. – Б. 24.
[9] Асқалоний. Муқаддимат ал-фатҳ. – Байрут: Дор ар-рисола, 2013. – Т. 1. – Б. 24.
[10] Муборакфурий. Сийрат ал-имом ал-Бухорий. – Макка: Дор ал-илм ал-фавоид, 2001. – Т. 1. – Б. 354.
[11] Суютий. Тадриб ар-ровий. – Риёз: Мактаба кавсар, 1994. – Т. 1. – Б. 91.
[12] Нававий. Шарҳ саҳиҳ Муслим. – ал-Қоҳира: Мактаба ал-азҳар, 1929. – Б. 4.
[13] Бу услубда бир муҳаддис ўзидан олдинги муҳаддиснинг ўз шартларига кўра китобига киритмай қолдирган ҳадисларни тўплаб, янги асар ёзади. Бошқача қилиб айтганда, муҳаддис ўз шарти асосида эмас, балки аввалги муҳаддиснинг шартига биноан ҳадислар жамлаган тўпламига мустадрак дейилади. Бу худди муҳаддис ўзидан олдин ўтган муҳаддиснинг асарини тўлдирганга ўхшайди, аммо бошқа асарни юзага келтирган бўлади.
[14] Зиёуддин Мақдисий. Ал-Аҳодис ал-мухтора. – Байрут: Дор Хизр, 2001. 1-13-жилдлар.
[15] Мустахраж сўзи араб тилида чиқариб олмоқ, топмоқ маъно­ларини билди­ради. Бу турдаги китобларда мусанниф бошқа, ўзидан олдин ўтган муҳаддиснинг, масалан, Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» китобидаги ҳадисларни ўзи топган иснод орқали келтиради. Бунда аввалги мусанниф билан мустахраж тузув­чининг шайхи ёки ундан юқорида турган шайхи туташади ҳамда Бухорий қайсидир саҳоба йўли билан чиқарган ҳадисни ўша саҳобанинг ўз йўли билан чиқариш лозим бўлади.
[16] Завоид сўзи араб тилида зиёдалик, ортиқчалик, бисёрлик маъноларини билдиради. Ишончли ровий бошқа ишончли ровий ривоятида келган ҳадисни зиёда лафзлар билан ривоят қилишига айтилади. Зиёда санад ва матнда бўлади. Муҳаддислар бундай ҳадисларни тўпламларга жамлаганлар. Шундай ҳадислар бир жойга тўпганган китобларга завоид дейилади.
[17] Атроф сўзи тарафлар маъносини билдиради. Бу услубда тўпланган китобларда ҳадисларнинг фақат бир муайян бўлими ёзилиб, тўлиқ матни келтирилмайди. Зикр этилган қисм қолган қисмга далолат қилади. Сўнгра ҳадиснинг барча иснодлари атрофлича келтирилади. Масалан, «Амаллар фақатгина ниятлар билан эътиборлидир ва ҳар бир киши учун унинг ният қилган нарсасигина берилади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун деб эътибор қилинади. Кимнинг ҳижрати бирон дунё матоҳини қўлга киритиш ёки бирон аёлни никоҳлаб олиш учун бўлган экан, бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўша учундир» деган ҳадиснинг бир қисми «Амаллар ниятга қараб белгиланади» ёки «Ислом беш нарса устига барпо қилинган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Расули, деб гувоҳлик бериш; намозни адо этиш; закот бериш; Байтуллоҳни ҳаж қилиш; Рамазон ойида рўза тутиш» деган ҳадиснинг «Ислом беш нарса устига қурилган» қисми келтирилади. Бундан сўнг ҳадиснинг иснодлари зикр қилинади.
[18] Саййид Абдулможид Ғоврий. Ал-Важиз фи таъриф кутуб ал-ҳадис. – Байрут: Дор Ибн Касир, 2009. – Б. 221-231.
Дониёр МУРАТОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти,
тарих фанлари номзоди

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …