Home / МАҚОЛАЛАР / “ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” – ҚУРЪОНИ КАРИМДАН КЕЙИНГИ АСОСИЙ МАНБА

“ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” – ҚУРЪОНИ КАРИМДАН КЕЙИНГИ АСОСИЙ МАНБА

Дунёдаги барча муҳаддис, фақиҳ, усулий, мутакаллим, наҳвий ва бошқа уламолар “Саҳиҳул Бухорий” Мусҳафи шарифдан кейинги энг ишончли ва саҳиҳ манба эканига иттифоқ қилган ва уни катта иноят билан қабул қилиб, юқори мақомга қўйган.

Имом Нававий “Саҳиҳи Муслим”га ёзган шарҳи муқаддимасида қуйидагича ёзади: “Қуръони каримдан кейинги энг саҳиҳ китоб Бухорий ва Муслимнинг “саҳиҳ”ларидир. Уммат бу икки китобни қабул қилиб олган ва Имом Бухорийнинг китоби иккисидан саҳиҳроғи ва фойдалироғидир.

Собит бўлган ҳақиқат шуки, Имом Муслим Имом Бухорийдан фойдаланган кишидир. У ҳадис илмида Имом Бухорий беназир эканини эътироф қилган”.

Имом Дора Қутний ёзади: “Имом Бухорий бўлмаганида, Имом Муслим кетмасди ҳам, келмасди ҳам. Имом Муслим нима қилган? Фақатгина Имом Бухорийнинг китобини олиб, унинг асосида баъзи ҳадисларни чиқарган ва баъзи зиёдалар киритган, холос”.

Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий “Тарихул Ислом” китобида қуйидагиларни ёзади: “Аммо Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”и Ислом динининг Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги энг улуғ ва афзал китобидир. У китоб бизнинг вақтимизда одамлар учун энг олий санаддир. Улар ўттиз йилдан буён уни эшитиш олий мақом эканидан хурсанд бўлиб юради. Бугун қандай бўлишини ўзингиз билиб олаверинг. Агар бир одам у китобни эшитиш учун минг фарсах йўл юрса, сафари зое бўлмайди”.

Бу китоб ҳақида сўз очилар экан, беихтиёр ўқувчининг кўз ўнгида саҳиҳ ҳадислар ва машаққатли сафар қийинчилиги гавдаланади. Аммо биз бу мақолада машаққатли сафар ёки Имом Бухорийнинг қувваи ҳофизаси ҳақида сўз юритмоқчи эмасмиз. Балки бу китобни ёзишга сабаб бўлган омиллар ҳамда “Жомеъ ас-Саҳиҳ”га тўғрисида айтилган фикрлар ва унинг сақланиб қолган нусхалари ҳақида имкон қадар маълумот бериб ўтмоқчимиз.

Иброҳим ибн Маъқал Насафийдан ривоят қилинади: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий бундай деди: “Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг ҳузурида эканимизда, у: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан саҳиҳларини ихчам ҳолда жамласанглар эди”, деди. Шунда қалбимга буни амалга ошириш фикри тушди ва “Жомеъ ас-Саҳиҳни” тўплашга киришдим”[1].

Абу Али Ғассоний ривоятида Имом Бухорий бундай дейди: “Мен уни (яъни,“Жомеъ ас-Саҳиҳ” китобидаги саҳиҳ ҳадисларни) олти юз минг ҳадис орасидан танлаб олдим”[2].

Исмоилий эса, Имом Бухорийдан қилган ривоятида бундай дейди: “Мен бу китоб (яъни,“Жомеъ ас-Саҳиҳ”)га фақат саҳиҳ ривоятларни киритдим. Аммо саҳиҳ ривоятлардан китобга киритмай тарк қилганим, киритганимдан кўра кўпроқ бўлди”[3].

Яна Исмоилий: “Агар Имом Бухорий ўзи билган барча саҳиҳларни бунга (яъни,“Жомеъ ас-Саҳиҳ”) киритганида, биргина бобнинг ўзида саҳобалардан (шу бобга доир бўлган) кўплаб ривоятлар ва уларнинг ривоят йўналишидан кўпини жамлаган бўларди. Бас шунда китоб, жуда катта бўлиб кетарди” деди.

Бу ҳақда Иброҳим ибн Маъқал Насафий, Имом Бухорийдан ривоят қилиб, бундай дейди: “Мен “Жомеъ” китобимга фақат саҳиҳларни киритдим. Китоб узайиб кетмаслиги учун (кўплаб) саҳиҳларни тарк этдим”[4].

Фирабрий Муҳаммад ибн Абу Ҳотам Имом Бухорийдан ривоят қилади: “Тушимда Муҳаммад ибн Исмоилни кўрдим. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан юриб борарди. Қачонки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қадамларини кўтарсалар, ўша жойга Имом Бухорий қадамини қўяр эди”.

Фирабрий ва Нажм ибн Фузайл ҳам шунга ўхшаш туш кўрганини ривоят қилиб келтирган.[5]

Таъкидлаб ўтганимиздек, бу китобни барча даврлар уламолари энг тўғри ва мўътабар манба деб эътироф этган. Баъзиларда “Жомеъ ас-Саҳиҳ” ҳақида юзага келган нотўғри тасаввурнинг негизи фақат ровийларнинг ихтилофи сабаблидир[6].

Бу, баъзилар ўйлаганидек, “Жомеъ ас-Саҳиҳ”га салбий ёндашувни келтириб чиқармайди. Балки бу табиий ҳол бўлиб, муҳаддис уламолар ўз мусаннифотини ёзишда илмий жиҳатига қанчалик диққат билан ёндашганини, ўз шайхларидан олган ҳадисларни қайта кўриб чиқиб, хатоларини тўғрилашда давом этганини, манбаларга қайта-қайта мурожаат қилишга ўта талабчан бўлгани ва уни пухта билганини фикр қилиш имконини беради.

Бундай эътиборни нафақат “Жомеъ ас-Саҳиҳ”, балки Имом Моликнинг “Муватто” китоби ҳақида ҳам айтишимиз мумкин. Унда ҳам ровийларга қайта-қайта мурожаат қилингани учун ҳадис ривоятлари бир нечта бўлганини кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, бошқа ҳадис китобларида ҳам ровий ва ривоятларнинг кўплиги мусулмонлар далилларнинг ишончли ва аниқлигига беҳад эътиборли бўлганидан далолат беради.

Имом Бухорий ўз мусаннифотларига катта эътибор қаратган. Бу ҳақда у бундай дейди: “Барча китобларимни уч мартадан тасниф қилиб чиқдим”[7].

“Жомеъ ас-Саҳиҳ” хусусида Ҳофиз ибн Ҳажар бундай дейди: “Имом Бухорий ундаги ҳадисларни шаҳарлардан тўплаган бўлса-да, уларни тартибга солиш ва бобларга ажратиб ёзишни Масжидул ҳаромда бошлаган. Ўн олти йил мобайнида уларни қоғозга туширган. Аммо бу муддатни тўлиғича Маккада ўтказмаган”.

Ибн Адий бир қанча ҳадис шайхларидан қилган ривоятида: “Имом Бухорий “Жомеъ ас-Саҳиҳ” китобини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ва минбарлари ўртасида ёзган. Ҳар бир ҳадисни ёзишдан олдин икки ракаат намоз ўқирди”, дейди.Бу ҳақда Имом Бухорийнинг ўзи бундай деган: “Саҳиҳ” китобига ғусл қилмасдан ва икки ракат намоз ўқимасдан олдин бирор бир ҳадисни киритмадим”.[8]

Яна: “Жомеъ ас-Саҳиҳ“ни 16 йил давомида тўплаган 600 минг ҳадисдан тасниф қилдим. Уни ўзим билан Аллоҳ ўртасида ҳужжат қилдим”[9].

Яна: “Жомеъ ас-Саҳиҳ“ китобимни Масжидул ҳаромда тасниф қилдим. Икки ракат намоз ўқиб, Аллоҳ таолодан истихора қилиб, саҳиҳ эканига ишонч ҳосил қилмагунимча бирор ҳадисни унга киритмадим”, деди.[10]

Абу Жаъфар Уқайлий: “Имом Бухорий “Жомеъ ас-Саҳиҳ” китобини тасниф қилгач, уни Ибн Мадиний, Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Муин ва бошқаларга кўрсатди. Улар китоб ҳақида яхши фикр билдириб, тўртта ҳадисдан бошқа барчаси саҳиҳ эканига гувоҳлик берди”, деди. Уқайлий: “Имом Бухорий айтганидек, сўз саҳиҳдир”, деди.[11]

Имом Бухорий одамлар ҳадисларни ва “Жомеъ ас-Саҳиҳ” китобини ёзиб олиши учун илмий мажлислар ташкил этган. Фирабрийнинг айтишича, Имом Бухорийнинг ўзидан тўқсон минг киши ҳадис тинглаган. Ундан ҳадис тинглаган охирги одам Қози Ҳусайн Маҳомилий бўлган[12].

Ибн Рушайд “Жомеъ ас-Саҳиҳ” ҳақида бундай дейди: “Сўнг бу китоб Фирабрийдан мутавотир бўлди. Бас, мусулмонлар уни маржон қилиб тақиб олди ва унга ижмо қилди”.[13]

Ҳозирги кунда “Жомеъ ас-Саҳиҳ”нинг қўлёзма нусхалари сақланиб қолганми ёки йўқми? Ғарб ва Шарқдаги мусулмонлар “Жомеъ ас-Саҳиҳ”нинг нусхаларига эга бўлиб, уларни масжидлар, хос кутубхоналар ва умумий кутубхоналарга қўйишга, барчанинг бирдек фойдаланишига талабчан бўлган. Кейинчалик мусулмон мамлакатлари босиб олингач, у китоб ва қўлёзмалар олиб кетилган ва турли давлатлардаги кутубхоналарга топширилган. “Жомеъ ас-Саҳиҳ”нинг қўлёзма нусхалари энг кўп ёзилган асар сифатида эътироф этилган.

Ҳозир кунда “Жомеъ ас-Саҳиҳ”нинг тўлиқ шакли ёки баъзи қисмлардан иборат қўлёзма нусхалари дунёнинг 2327 (икки минг уч юз йигирма етти) кутубхонасида сақланмоқда. Жумладан: Мадинаи мунавварадаги “Малик Абдулазиз” кутубхонасида бу китобнинг 226 та асл нусхаси мавжуд. Уларнинг баъзиси тўлиқ ва бошқалари бўлаклардан иборат[14].

Биз буюк ватандошимиз Имом Бухорий ва унинг “Жомеъ ас-Саҳиҳ” китоби ҳақида имкон қадар маълумот бериб ўтдик. Бу маълумотлар алломанинг ҳаёти ва асарларини янада қизиқиб ўрганишимизга туртки бўлса, ажаб эмас.

  Фойдаланилган адабиётлар:

 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Одоблар хазинаси” китоби. Тошкент шаҳри. “Шарқ” нашриёти. 2011 йил.
Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас-Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил.
Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз Заҳабий “Тарих ал Ислам ва вафиййот ал Машаҳир вал Аълам” китоби. Байрут шаҳри. “Дорул кутуб ал Арабий” нашриёти. 1987 йил.
Ибн Ҳажар Асқалоний. “Фатҳул Борий” “Дорул Маърифа” нашриёти. Байрут 1379ҳижрий сана.
Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Али Хатиб ал Бағдодий. “Тарих Бағдод” китоби “Дорул кутуб ал илмия” нашриёти. Байрут-Лубнон.
Шамсиддин Заҳабий. “Сияр Аълам Нубала” “Муассаса ар Рисала” нашриёти. Байрут. 1993 йил.
 [1] Ибн Ҳажар Асқалоний. “Фатҳул Борий” “Дорул маърифа” нашриёти. Байрут 1379 ҳижрий сана. Муқаддима.
[2] Ўша манба. Муқаддима.
[3] Ўша манба. Муқаддим.
[4] Ўша манба. Муқаддима.
[5] Ўша манба. Муқаддима.
[6] Ҳадис матнининг ҳар-хил лафзлар билан ривоят қилинишидир.
[7] Шамсиддин Заҳабий. “Сияр Аълам Нубала” “Муассаса ар Рисала” нашриёти. Байрут. 1993 йил.Б-403
[8] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил.Б-11
[9] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил.Б-11
[10] Юқорида айтилганидек унинг таснифи Маккаи Мукаррамада бошланиб Мадинаи Мунавварада давом этган.
[11] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил. Б-12.
[12] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил. Б-4.
[13] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил. Б-11
[14] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил. Б-33
Олимхон Юсупов,
Ҳадис илми мактаби ректори

Check Also

“ҲИЗБУТ ТАҲРИР” ДАЪВОЛАРИГА РАДДИЯЛАР (Халифалик борасида)

Бугунги кунда ўзларини аҳли сунна вал жамоа таркибида деб даъво қилиб, ислом давлатини барпо этишга …