Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ЎЗБЕКИСТОН ФАЙЛАСУФЛАРИ ЕТАКЧИСИ ХОТИРЛАНДИ

ЎЗБЕКИСТОН ФАЙЛАСУФЛАРИ ЕТАКЧИСИ ХОТИРЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон файласуфлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта таълим вазирлиги Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, фалсафа фанлари доктори, академик Хайруллаев Музаффар Муҳитдиновичнинг 90 йиллигига бағишлаб “Шарқ Ренессанси: фалсафа, тарихий-маънавий мерос ва тамаддун ривожи” мавзусида илмий-назарий семинар бўлиб ўтди.

Офлайн ва онлайн тарзида ўтказилган мазкур анжуманда ташкилотчилар билан бирга Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, И.Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институти олимлари ва хорижлик тадқиқотчилар иштирок этди.

 

Анжуман иши давомида Ўзбекистон файласуфлари етакчиси эътирофига сазовор бўлган Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Халқаро Ибн Сино мукофоти ва “Меҳнат шухрати” ордени совриндори Музаффар Хайруллаев ҳақида хотиралар, Шарқ фалсафаси ва фалсафа тарихи, онтология, билиш назарияси ва мантиқ ҳамда бошқа йўналишларда илмий маърузалар тингланди.

Академик Музаффар Муҳиддинович Хайруллаев Ўзбекиcтонда ижтимоий фанлар, хусусан, фалcафа фани тараққиётига йирик ҳиccа қўшган забардаст олимлардан бири эди. Олим академик Иброҳим Мўминов раҳбарлигида Абу Наcр Форобийнинг улкан илмий мероcини таҳлил этиб, аллома яшаган даврни Марказий Оcиё фани ва маданияти тарихида ўзига хоc уйғониш даври бўлганлигини дадил исботлаб берган эди.

М.Хайруллаев Марказий Осиё мутафаккирлари меросини тадқиқ этиш асосида, минтақамизда бундан минг йиллар илгари ҳам тараққий этган яхлит маданий қатлам бўлгани ва Марказий Осиё халқлари ана шу юксак маданий мероснинг қонуний ворислари эканини кенг илмий жамоатчилик олдида аcоcлаб берган олим бўлиб, унинг ҳаёти ва илмий фаолияти ёшлар учун ибратдир.

Иштирокчилар забардаст олимнинг залворли ҳаёти ва илм йўлидаги заҳматли меҳнатларини тилга олишиб, улуғ устоз билан кечган қизиқарли воқеаларни чуқур ҳурмат билан хотирладилар.

Шунингдек, анжуманда фалсафа фанининг долзарб муаммолари муҳокама этилди, хусусан, комил инсон тарбиясига доир янги илмий ёндошувлар баён қилиниб, академик Хайруллаевга хос устоз-шогирд анъаналарини амалиётда кенг қўллаш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …