Home / МАҚОЛАЛАР / АБУ НАСР ФОРОБИЙНИНГ ТАЪЛИМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БОРАСИДАГИ ҚАРАШЛАРИ

АБУ НАСР ФОРОБИЙНИНГ ТАЪЛИМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БОРАСИДАГИ ҚАРАШЛАРИ

Ватан остонадан, инсон яшаб, нафас олиб турган гўшадан бошланади. Одамзот ўзи вояга етган она заминга доим меҳр-муҳаббат кўрсатиши, унинг муқаддас саналган ҳар бир ҳовуч тупроғини кўзига тутиёдек суриши, унга нисбатан бир умр фарзандлик садоқати билан яшаши ҳам фарз ҳам қарздир[1].

Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Узлуғ ибн Тархон Форобий (873-950 йй., Ўтрор шаҳри) ислом илмлари ғоятда ривожланган, куч-қудратга тўлган, бутун мусулмон оламида, хусусан, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Бағдодда қатор илмий марказлар вужудга келган бир ажойиб даврда яшаб ижод қилди. Ўша вақтлари Қуръон илмлари, айниқса, тафсир ғоят тараққий этган, ҳадис илми мисли кўрилмаган даражада ривожланиб, ўзининг юксак чўққисига етган ҳамда тўртта фиқҳий мазҳаб юзага келиб, мусулмон халқлари орасида мустаҳкам ислом қонуншунослиги вужудга келган эди.

Абу Наср Форобий юнонларнинг илмини, хусусан, Арастунинг фалсафий меросини чуқур ўрганиб чиқиб, ислом оламида илоҳий ҳикматлар манбаи бўлган Қуръон ва ҳадисларга асосланган фалсафа илмига асос солди. Шу сабабли “Ислом уламолари орасидаги илк файласуф”, “Муаллимус соний” ва “Шарқ Арастуси” номлари билан Ғарбу Шарқда шуҳрат қозонди. Илмнинг турли соҳаларига оид 160 дан ортиқ асар ва рисолалар ёзди. Алломанинг китоблари, хусусан, “Фозил одамлар шаҳри” деб номланган асари Шарқ маънавиятида янги саҳифа очиб берди. Бу асар асрлар оша ҳанузгача башариятни бахт-саодат ва маънавий комиллик сари етакловчи муҳим воситалардан бири бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Шу боис юртимизда Абу Наср Форобий илмий-маънавий меросининг гултожи бўлган бу асарни ўрганиб, илмий тадқиқ этиш ва кенг оммага етказишга кенг эътибор берилмоқда.

Аллома мазкур асарида ахлоқшунослик, мусиқашунослик, давлат бошқаруви, фалсафа ва мантиқ илми масалалари билан бирга, таълимни ривожлантириш борасида ўзининг аниқ ва асосли назарий қарашларини олға суради. Жумладан, инсонни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказишда муҳим ўрин тутувчи воситаларни, бунда жамият ва таълим-тарбиянинг ўрни ҳақидаги фикр ва қарашларини ўртага ташлайди. Шунингдек, аллома одамзотнинг инсоний фазилатлар билан йўғрилган ҳолда шаклланиб, камолга етишини ва бунда жамиятнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлайди: “Инсон туғилганда камолотли бўлиб таваллуд топмайди, одамлар орасида ўша вақти фарқ ҳам бўлмайди, уларнинг хулқи, фаолияти, ҳаёти ўхшаш бўлади, фақат кейинчалик ўзгаради, яъни ижтимоийлашув жараёнида жамиятда одамлар минг йиллардан буён амал қилиб келаётган қадрият ва меъёрларни қабул қилади. Уларга мослашади, теварагидаги воқеалар ва муҳит таъсирида яхши ёки ёмон одатларни ўрганади. Шу боис одамлардаги хато ва камчилик, ютуқ ва муваффақиятлар уларда жамият ривожига қараб кейинчалик шаклланади. Инсон жамиятдаги қарама-қаршиликларни ўзига сингдира бошлайди ва бу жараёнда ҳар хил мушкулотларга дуч келади”.

“Инсон фаолиятининг адолатга яқин ё узоқлиги унинг ақл-заковати, хулқи, яшаётган жамиятига боғлиқдир. Унда ёмонлик ҳақидаги фикрлар озроқ бўлса, адолатга яқин бўлади, кўпроқ бўлса, адолатдан, инсофдан узоқроқ бўлади. Хулқ, албатта, инсондаги яхши ёки ёмон хислатларнинг нисбатига боғлиқдир”, деб, шаклланиб келаётган ёш авлод онгидан ёмон иллатларни чиқариб ташлаб, уларнинг ўрнини яхши хислатлар билан тўлдириш зарурлигини уқтиради.

Форобий ёшларда таълим-тарбия таъсирида ижобий хислатлар ва инсоний фазилатларнинг шаклланиши ҳақида сўз юритиб: “Ҳар бир инсон бошдан комил эмас, аммо туғма равишда ўзига хос бўлган ички шуур ила босқичма-босқич комилликка жидду жаҳд билан интилади”, дейди ва бу жараёнда уларга ўзлари қизиққан касб-ҳунарни ўргатиш лозимлигини, агар ўзларида бирор касбга интилиш ё истак бўлмаса, мажбурий тарзда таълим бериш кераклигини айтади. Яъни, таълим-тарбия борасида икки йўл: ихтиёрийлик ва мажбурийликни қўллаш тўғрисида ўз тавсияларини илгари суради.

Ихтиёрий ҳолатда таълим-тарбия беришда “қаноатбахш, чорловчи, илҳомлантирувчи сўзлар ёрдамида одат ҳосил қилинади, малака вужудга келтирилади, одамдаги ғайрат, қасд-интилиш ҳаракатга айлантирилади”, деб интилувчан талабани унинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш учун илм ва ҳунар томон етаклаш ва бунда бор имкониятлардан фойдаланиш зарурлигини уқтиради[2].

Назарий ва амалий билимларга интилмайдиган, ҳаётда бирор мақсадга эга бўлмаган ёшларни кинояли тарзда “…гапга кирмайдиган қайсар шаҳарликлар ва бошқа саҳройи халқлар. Чунки улар ўз истакларича, сўз билан ғайратга кирадиганлардан эмас. Улардан бирортаси назарий билимларни ўрганишга киришса, унинг фазилати яхши бўлади. Касб-ҳунарларни ва жузъий санъатларни эгаллашга интилиш бўлмаса, бундай одамларни мажбур этмаслик керак. Чунки шаҳар халқларига тарбия беришдан мақсад уларни фазилат эгаси қилиш ва санъат аҳлларига айлантиришдир”, дея баён қилиб, уларга мажбурий таълим-тарбия бериш усулини қўллаш кераклигини, бу жараёнда талабанинг қандай касб-ҳунарга салоҳияти етарли эканини аниқлаш ва салоҳияти етмаган нарсага мажбурламаслик зарурлигини айтади[3]. Жумладан, тарбия ҳақида алоҳида фикр билдириб: “Тарбия оқилликни вужудга келтиради. Кишининг тарбияси бўлмаса, у бемаъниликни хуш кўради”, дейди[4].

Демак, Форобий таълим-тарбия беришда ёшлар нималарга қизиқиши, уларнинг қандай касб-ҳунарга интилиши билан ҳисоблашиш ва интилиши бўлмаган ёшларни муайян бир касбга йўналтириш методикасини бундан ўн аср олдин илгари сурган. Аллома орзу қилган ва ўз асарида баён этган бу таълим тизими бугунги кунда бизнинг диёримизда тўлалигича ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Ҳозир етишиб келаётган ёш авлод учун мажбурий ўрта таълим ва тўгараклар, кейин эса муайян касбга йўналтирилган уч йиллик ихтиёрий-мажбурий таълим тизими йўлга қўйилгани Форобий ғояларининг ҳаётда ўз исботини топганига ёрқин далилдир.

Биз “Фозил одамлар шаҳри” асаридан фақат алломанинг таълимга оид қарашлари ҳақида сўз юритдик. Албатта, бу китобнинг ҳикматлари бисёр. Буни мазкур асар замонлар оша ўзининг қиймати ва долзарблигини йўқотмай келаётганидан ҳам англаб етиш мумкин. Алломанинг бу китоби қанчалик кўп мутолаа қилинса, ўзидаги сир ва ҳикматларни шунчалик кўп намоён қилавериши шубҳасиздир. Жумладан, бу асар ёшларимизнинг ахлоқий тарбиясида, айниқса, ўзлигини англашида улар таянадиган бебаҳо манбалардан бири бўлиб хизмат қилади.

[1] Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги. Тошкент давлат иқтисодиёт университети. Ўзбекистон тарихи кафедраси. «Ўзбекистон тарихи» фанидан маъруза матнлари, Тошкент – 2010.
[2] Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. Абдулла Қодирий нашриёти, Т.: – Б 184.
[3] Ўша асар. – Б 185
[4] Ўша асар. – Б 30.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …