Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Қирғизистонлик уламолар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлишди

Қирғизистонлик уламолар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлишди

Айни кунларда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир хожи Ракиев бошчилигидаги делегация аъзолари бугун, 20 ноябр куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ҳамроҳлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раиси Тойганбай Абдикаров, Қирғизистон мусулмонлари Уламолар кенгаши раиси Кочконбай хожи Садиллаев, Ҳазрати Умар номидаги Ислом университети ректори Абдушукур Норматов, Ўш шаҳар бош имом хатиби Убайдулло хожи Сарибаев ва Жалолобод вилоятидаги Умар жомеъ масжиди имом-хатиби Абдулазиз қори Юлдашев ҳамда қардош қирғиз халқининг бошқа бир гуруҳ уламоларидан таркиб топган делегацияни Марказ директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев кутиб олиб, Марказ ва унинг фаолияти тўғрисида қисқача маълумот берди.

Юқори мартабали меҳмонлар даставвал Марказ музейида бўлишиб, ундан ўрин олган экспонатлар ва нодир қўлёзма нусхалари билан яқиндан танишдилар.

Шундан сўнг меҳмонлар Марказ кутубхонаси фаолияти ва ундаги китоб фонди ҳамда Марказда яратилган шароитлар билан таништирилди.

Ташриф якунида делегация раҳбари Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир хожи Ракиев Марказнинг фахрий меҳмонлари китобига дастхат ёзиб қолдирди.

Делегациянинг мамлакатимизга ташрифи давом этмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …