Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ДЕЛЕГАЦИЯ АЪЗОЛАРИ ИРСИКА МЕҲМОНИ

ДЕЛЕГАЦИЯ АЪЗОЛАРИ ИРСИКА МЕҲМОНИ

Айни кунларда Туркия сафарида бўлган Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари делегацияси Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIS)нинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA – ИРСИКА) га ташриф буюриб, марказ Бош директорининг ўринбосари Проф. Др. Абу Бакар Сенгҳоре, Бош директор маслаҳатчиси Проф. Др. Садиқ Унай ва марказнинг тадқиқотлар ва нашрлар бўлими бошлиғи Саид Касимоғлу билан учрашди.

Учрашувда Марказлар фаолияти ҳамда биргаликда амалга оширилган лойиҳалар, шунингдек, ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларининг ҳозирги ҳолати ҳақида сўз борди. Дарҳақиқат марказлар ташкил этилганидан буён ўтган қисқа вақт давомида ИРСИКА билан ҳамкорликда туркум халқаро анжуманлар ўтказилиб, илмий тўпламлар нашр этилди.

Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва янги истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан музокаралар олиб борилди. Хусусан, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда ИРСИКА ташкилоти билан биргаликда халқаро симпозиум ташкил этиш, ИРСИКА каталогларидан фойдаланиш, ташкилот билан ҳамкорликда нашрларни амалга ошириш, Имом Мотуридий ва Имом Бухорий илмий мероси юзасидан ёзилган асарлар каталогини яратиш, Ўзбекистонда ислом санъатлари, шу жумладан, ҳаттотлик, қоғозчилик ва миниатюра каби ислом амалий санъатлари бўйича кўргазма ва конференция ўтказиш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ИРСИКА ёрдамида ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг малака ошириш дастурларини ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Ташриф давомида икки Марказ томонидан нашр қилинган китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди ҳамда мазкур китоблар ИРСИКА кутубхонасига топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …