Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ЎЗБЕК ТИЛИДАГИ “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРИ ТАҚДИМОТИ АНДИЖОН ВИЛОЯТИДА

ЎЗБЕК ТИЛИДАГИ “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРИ ТАҚДИМОТИ АНДИЖОН ВИЛОЯТИДА

Республикамиз вилоятларида бўлгани каби Имом Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан таржима қилиниб нашр этилган 30-жузи тақдимоти Андижон вилоятида ҳам ўтказилди.


Мазкур вилоятда жойлашган “Саййид Муҳйиддин Махдум” ўрта-махсус ислом билим юрти ўқитувчи ва талабалари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакили ва вилоятдаги фаол имом-хатиблар иштирок этган тадбирда марказ илмий жамоаси томонидан амалга оширилган ушбу таржима юртимизда диний-маърифий соҳада кенг кўламда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яққол самараси ўлароқ, тафсиршунослик ва исломшунослик йўналишида эришилган йирик муваффақият сифатида эътирофга молик экани қайд этилди.


Жумладан, тадбир очилишида сўз олган Андижон вилояти бош имом хатиби М.Алиев ва “Саййид Муҳйиддин Махдум” ўрта-махсус ислом билим юрти мудири Р.Махмудовлар буюк аждодимизнинг ушбу дурдона асари динимизнинг асл моҳиятини англаш, бу орқали турли ботил фирқаларга қарши илмий асосланган дунёқарашни шакллантириш ҳамда мўътадиллик таълимотини кенг тарғиб қилишда беқиёс аҳамият касб этишини таъкидлашди.
Тақдимот маърузачилари йиғилганларга ислом оламида жуда катта мавқега эга бўлган тафсирлар сирасидаги “Таъвилот ал-Қуъон” асарининг юксак маънавий-маърифий қиймати, илмий-амалий аҳамияти ҳамда бугунги кундаги салоҳияти тўғрисида батафсил маълумот бердилар.


Тадбирда айни пайтда Мотуридий каби алломаларимиз ҳаёти ва илмий мероси янада муфассал ўрганилиб, уларнинг ақида ва калом илми ривожига беназир ҳисса қўшган бебаҳо асарларига тегишли бўлган илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларни нашр этиш, халқ ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳамда ушбу йўналишдаги илмий тадқиқотларнинг тизимли тарздаги давомийлигини таъминлашга бўлган эҳтиёж алоҳида тилга олинди.

Тақдимотда иштирокчилар қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“Маърифат карвони” — маънавиятнинг нурли йўлида

“Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот лойиҳаси доирасида 5 декабрь куни Қашқадарё, Навоий, Андижон ва …