Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРИНИНГ ЎЗБЕК ТИЛИДАГИ НАШРИ НАМАНГАН ВИЛОЯТИДА ТАҚДИМОТ ҚИЛИНДИ

“ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРИНИНГ ЎЗБЕК ТИЛИДАГИ НАШРИ НАМАНГАН ВИЛОЯТИДА ТАҚДИМОТ ҚИЛИНДИ

Шу кунларда республикамиз вилоятларида буюк аллома Имом Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўзбек тилига таржима қилинган 30-жузи тақдимоти тадбирлари ўтказилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Наманган вилоятида бўлиб ўтди.

Унда Наманган вилояти ҳокимлиги масъул ходимлари, вилоятдаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчи ва талабалари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили ва фаол имом хатиблар, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Малака ошириш марказининг Наманган вилояти минтақавий филиали тингловчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари М.Абдураззоқов, вилоят бош имом-хатиби А.Турсунов ва Наманган вилоятида жойлашган “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири А.Бобомирзаевлар ўз нутқларида мамлакатимизда диний -маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Жумладан вилоятдаги “Ҳидоя” мадрасасининг янги биноси қад кўтариб, гўзал қиёфа касб этгани ҳамда шу мадрасада малака ошириш маркази ва Қуръон мактаби ташкил қилинганини мазкур ислоҳотларнинг юксак самаралари сифатида эътироф этдилар. Шунингдек, нотиқлар тақдимоти ўтказилаётган “Таъвилот ал-Қуръон” асари 30-жузининг ўзбек тилидаги нашри мазкур илм даргоҳларининг ўқув дастурларидан мустаҳкам ўрин олишига ишонч билдирдилар ва бу орқали Қуръони карим оятларини чуқур ўрганишга имкон яратилганидан мамнуният изҳор этишди.

Тақдимотнинг асосий маърузачилари асар муаллифи Имом Мотуридий сийрати, унинг бой илмий мероси ва ислом илмлари ривожига қўшган беназир ҳиссаси ҳақида қимматли маълумотлар келтириб, таржима жараёнлари ва унда эътибор қаратилган жиҳатлар хусусида тўхталдилар.

Тадбирда йиғилганлар томонидан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимларининг мазкур таржима иши йирик илмий натижа сифатида баҳоланиб, бу каби хайрли ишлар кўламини кенгайтириш зарурати алоҳида таъкидланди.

Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

ОКСФОРДДАГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ОИД ХАЗИНАЛАР

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзолари Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ҳақ …