Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ ЯНГИЛАНМОҚДА

ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ ЯНГИЛАНМОҚДА

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган АҚШ Тинчлик институтининг Марказий Осиё ва Афғонистон дастурлари директори Скотт Ворден бошчилигидаги делегация Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Юқори даражадаги меҳмонларни Марказ директори Ш.Зиёдов кутиб олди.

Ташриф доирасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокамасига оид икки томонлама мулоқот бўлиб ўтди. Унда меҳмонларга Марказ фаолияти ва вазифалари, яратилган шароитлар, кутубхона фонди ва ундаги замонавий асарлар, музей фаолияти ҳақида, халқаро ҳамкорлик йўналишида Марказ томонидан бугунга қадар етакчи хорижий илмий тадқиқот муассасалари ва турдош ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар, шунингдек, Марказ илмий ходимлари томонидан таржима ва нашр этилиб, кенг жамоатчиликка тақдим қилинаётган мовароуннаҳрлик алломалар қаламига мансуб асарлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Ўз навбатида делегация раҳбари Скотт Ворден ўтган давр мобайнида ҳамкорликда амалга оширилган тадбирлар хусусида тўхталиб, 2018-2019 йилларда Марказда ходимлар педагогик маҳоратини оширишган бағишлаб ўтказилган ўқув семинарларнинг аҳамияти ва натижалари тўғрисида ижобий фикрларини баён этди.

Мулоқот мобайнида мазкур ўқув семинарларида олинган билим ва кўникмалардан Марказ томонидан диний-маърифий йўналишда олий ўқув юртлари ва маҳаллаларда олиб борилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари, диний соҳа вакиллари, хусусан имом-хатиблар, отин-ойилар иштирокида ўтказилган давра суҳбатлари ва семинарлар давомида самарали фойдаланилганлиги Марказ раҳбарияти томонидан зўр мамнуният билан ёдга олинди.

Томонлар ҳамкорликда ўтказиб келинаётган ва пандемия туфайли вақтинча тўхтаб қолган семинар-тренинглар жараёнини янгилаб,  “Тинчлик учун педагогика: тасвирлаш ва етказиб бериш” номли ўқув семинарининг 3-босқичини давом эттиришга келишиб олдилар.

Истиқболда бу каби тадбирларни мамлакатимизнинг Тошкент, Бухоро ва бошқа шаҳарларида ҳам ташкил этиш таклифи билдирилди.

Янги форматда ўтказилиши режалаштирилган ўқув семинаридан олинган янги билим ва кўникмалар илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириши ҳамда Марказ ходимларининг иш жараёнида қўл келиши ҳар икки томон вакиллари томонидан яна бир бор эътироф этилди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“Буюк саркарда, адолат ва улуғворлик тимсоли”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 688 йиллиги муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий …