Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИНИНГ АСОСИ ТЕРМИЗИЙЛАР ЮРТИДА ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИНИНГ АСОСИ ТЕРМИЗИЙЛАР ЮРТИДА ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

Аввал хабар берилганидек, шу кунларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Мотуридия таълимотининг асосий манбаси – “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг марказ тадқиқотчи олимлари ўзбек тилига таржима қилган 30-жузини республикамиз вилоятларида кенг жамоатчиликка тақдим этишга бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Асарнинг навбатдаги тақдимоти Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакиллиги ва Имом Термизий номидаги ўрта-махсус ислом таълим муассасаси ҳамкорлигида ташкил этилган тақдимот тадбири очилишида сўзга чиққан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Р.Тоғаев, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Д.Давлатов ва бошқа мутасадди ташкилотлар масъуллари Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари, унинг чуқур тарихий, теран маънавий ва юксак илмий қиймати ҳақида сўзлаб, асарни ўзбек тилига таржима қилинишининг мусулмон оламидаги улкан аҳамиятини эътироф этишди.

“Таъвилот ал-Қуръон” асари Қуръони каримнинг тафсири ва таъвилига бағишланган бўлиб, унда кўплаб саҳобаларнинг сўзлари ҳамда ҳадислар келтирилган.

Асар ўз даврида ёзилганидан ҳам соддалаштирилган, аммо, мутахассислар, унинг  туб моҳиятини тушуниш учун муштарийларда диний билим бўлиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлашди.

Тақдимот маърузачилари марказ ходимларининг мазкур меҳнатини йирик илмий натижа сифатида баҳолаб, Марказ томонидан амалга оширилган нашрлар, уларнинг Имом Мотуридийнинг илмий мероси ҳамда мотуридийлик таълимоти моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишдаги аҳамияти, хусусан, мўътадил таълимотни таъминлашдаги ўрни юзасидан ижобий фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар. Жумладан, йиғилганлар томонидан асарни таржима қилиш таржимонлар гуруҳидан улкан маҳорат ва масъулият талаб этилиши қайд қилиниб, ғоявий зиддиятлар авж олган глобаллашув шароитида бу каби таржималарга улкан эҳтиёж мавжудлиги тилга олинди.

Асарнинг ўзбек тилидаги талқини мўътадил ислом таълимотини кенг тарғиб қилишда, ёшларни миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда ўзига хос ўрин тутиши алоҳида таъкидланди. 

Қизғин мунозаралар асосидаги тақдимот тадбирлари республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам ўтказилиши назарда тутилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
Маркази матбуот хизмати

Check Also

Марказ илмий ходимлари нуфузли анжуманда иштирок этишмоқда

Аввал хабар берилганидек, айни кунларда Индонезиянинг Маланг шаҳрида INTERNATIONAL SYMPOSIUM OF RELIGIOUS LITERATURE AND HERITAGE-3 …