Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЎЗБЕКИСТОН СЎЗИ ЖАҲОН ҲАМЖАМИЯТИНИНГ ДОИМИЙ НИГОҲИДА

ЎЗБЕКИСТОН СЎЗИ ЖАҲОН ҲАМЖАМИЯТИНИНГ ДОИМИЙ НИГОҲИДА

БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида глобал ва минтақавий хавфсизлик, COVID-19 пандемияси шароитида барқарор тараққиёт ва унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини енгиб ўтиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантиришнинг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистоннинг бу борадаги позициясини мантиқий жиҳатдан учта йирик ва асосий йўналишга ажратиш мумкин.

Инсон табиатан тинчликсевар этиб яратилган. Инсоният тарихий тараққиётнинг ҳар бир босқичида тинчликни сақлаш, хавфсизликни мустаҳкамлаш, пировардида, эмин-эркин яшаш учун курашиб келган. Башариятнинг бу олий мақсади мангу, зеро, дунёдаги барча неъматларнинг энг аълоси ҳам осойишталик ва тинчликдир.

Ўзбекистон бунёдкор халқи билан бирга, аввало, ўз ҳудудида, қолаверса, минтақада хавфсизликни таъминлаш, кенгроқ доирада эса жаҳон ҳамжамияти эътиборини глобал таҳдид ва хатарларга қарши ҳамжиҳатликда курашишга қаратиб, тараққиёт йўлида шахдам одимлаб бормоқда.

Ўзбекистон Президенти дунёдаги энг йирик ташкилот минбаридан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар ортга қайтмас тус олганини алоҳида таъкидлади. Бу ўринда гап инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини, сўз ва оммавий ахборот воситалари, дин ва виждон эркинлигини, гендер тенгликни, миллатлараро тотувликни таъминлаш билан бирга камбағалликни камайтириш, ҳар бир киши учун кафолатли даромад манбаини яратиш ҳақида боряпти.

Асосий мақсадимиз — 2030 йилга бориб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар миқдори бўйича даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига киришдир, деди Ўзбекистон Президенти.

Ҳар қандай давлатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси глобал инновацион индекс билан ўлчанади. Бу индекс дунё мамлакатларининг инновацион ривожланиш даражасини белгилайди. Ўзбекистон жаҳон бўйича бу рейтингда 132 давлат ўртасида 86-ўринда қайд этилди. Бу натижа мамлакатимизнинг рейтингдаги ўтган йилги ўрнидан 7, 2015 йилги ўрнидан эса 36 поғона юқорилагани билан эътирофлидир. Бу рейтингни чиқариш жараёнида 2 та субиндекс, 7 та йўналиш, 21 та гуруҳ ва 81 та кўрсаткич орқали турли иқтисодий тараққиёт даражасидаги ўлкаларнинг инновацион имкониятлари, амалга оширган ишлари ўлчанади, кучли ва кучсиз томонларига қиёсий баҳо берилади.

Ҳар йили дунё миқёсида катта қизиқиш билан кузатиб бориладиган бу рейтингда мамлакатлар 4 та даромад гуруҳига бўлинган (юқори, юқори ўрта, қуйи ва паст даромад) ва Ўзбекистон ўз гуруҳида (қуйи ўрта даромад) 34 давлат орасидан 10-ўринга лойиқ топилган.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, бу йилги ҳисоботда Ўзбекистон энг кўп поғона юқорилаган мамлакатлар 10 талигига кирди. Истиқболдаги пировард мақсад ва устувор вазифалардан бири эса 2030 йилга қадар республикамизни глобал инновацион баҳолаш рейтингида етакчи 50 давлат қаторига киритишдан иборат. Чунки Ўзбекистонда яратилаётган имкониятлар, қулай инвестицион муҳит, тадбиркорлик соҳасига қаратилаётган эътибор ва давлатимизнинг чексиз салоҳияти шундан дарак беради.

Муҳими, ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик

Сир эмас, яқин бир ярим йил ичида бутун дунё жиддий синовдан ўтди. COVID-19 пандемияси ҳаётнинг ҳар бир жабҳаси, айниқса, иқтисодиётга салбий таъсирини ўтказмасдан қолмади. Бугун жаҳоннинг энг йирик ва қудратли давлатлари ҳам пандемия оқибатларига қарши курашишда давом этмоқда. Ўзбекистон томони бу курашда БМТ томонидан эълон қилинган Ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик, ҳамма учун ва барча жойда тамойили асосида биргаликда енгиб ўтиш масаласига ҳам тўхталиб, пандемиядан кейинги даврда жаҳон иқтисодиётини қайта тиклаш муаммоларини ўрганиш, камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга татбиқ этишга бағишланган халқаро конференцияни Тошкентда ўтказишни таклиф қилди. Мазкур таклиф билан чиқишга бизда барча асослар етарли.

Мамлакатимизда пандемия оқибатларини юмшатиш нуқтаи назаридан белгиланган қатъий чоралар самара жиҳатидан ўзини кўп куттиргани йўқ. Шундай экан, бутун дунёга иқтисодни қайта тиклаш борасида айта оладиган сўзимиз ва ўрганадиган жиҳатларимиз бисёр. Мақсад жаҳоннинг етакчи иқтисодчилари билан дунё миқёсидаги вазиятни оқилона баҳолаб, одилона қарорлар қабул қилиш, барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга тўғаноқ бўлаётган омилларни бартараф этиш йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш орқали муттасил тараққиёт умумстратегиясини белгилаб олишдан иборат.

Ўзбекистоннинг бутун дунёга нисбатан юритаётган очиқлик сиёсати бу каби таклифларни баралла илгари суришга имконият яратмоқда. Айниқса, яқин қўшнилар билан ўрнатилган яхши муносабатлар давлатимиз ташқи сиёсатининг асосий мезонларидан бирига айланди. Аввало, қўшни давлатлар билан чегаралар очилиб, ўзаро қардош ва ўзаги бир халқлар янада яқинлашди.

Галдаги вазифа — ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўламини кенгайтириш. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сургани маълум қилинди.

Трансмиллий тенденциялар башарият диққати марказида

Халқимизда “Қўшнинг тинч — сен тинч” деган нақл бор. Шу нуқтаи назардан, Афғонистондаги вазиятга нисбатан Ўзбекистон позицияси доим инсонпарварлик ғояларига йўғрилган. Айни пайтда мазкур мамлакатда давлат бошқаруви тизими қандай бўлишидан қатъи назар, давлатимиз қўшни мамлакатлар ички сиёсатига аралашмаслик тамойилига тўла амал қилади. Афғон халқининг орзу-истакларини рўёбга чиқаришни, аввало, тинчлик ўрнатиш ва осойишталикни таъминлашдан бошлаш лозим.

Бу давлатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан нафақат биз, қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдордир, Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас, Афғон масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозим, дея таъкидлади Ўзбекистон Президенти.

Давлатимиз Афғонистонга нисбатан нафақат сўзда, балки амалда ҳам яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилиши тарафдори. Айнан шунинг учун бу мамлакат билан чегаралар очилиб, бирламчи эҳтиёж буюмлари ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат инсонпарварлик ёрдамлари юборилиб, электр энергияси ва ёқилғи билан таъминлаш давом эттирилмоқда. Мазкур давлатнинг янги бошқарув тизимига келган қатлам вакиллари ушбу ёрдамдан самимий миннатдор эканлигини билдириб, афғон халқи бу яхшиликларни унутмаслигини таъкидлади.

Бугун дунёда хавф-хатар ва зиддиятлар, трансмиллий таҳдидлар тобора ортиб бораётгани туфайли жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкентда БМТ нинг Глобал аксилтеррор стратегияси Марказий Осиё учун режасининг ўн йиллик натижалари ва истиқболларига бағишланган Халқаро конференция ўтказилиши халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Дарҳақиқат, минтақада хавфсизликни таъминлашга фақат қўшни давлатлар билан яхши муносабат орқали эришиш қийин. Шу нуқтаи назардан, бу борада даврани кенгроқ олиб, масалага Марказий Осиёнинг барча мамлакатларини жалб қилган ҳолда, эришилган натижаларни сарҳисоб қилиб, галдаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадлари кўзланган.

Юқоридаги таклифнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган яна бир муҳим ташаббус — мазкур конференция доирасида БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан 2022-2025 йилларга мўлжалланган Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий дастурни имзолаш ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё давлатларини қамраб оладиган Гиёҳвандликка қарши умумий Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш. Таъкидланганидек, бу муҳим ҳужжатлар мазкур йўналишдаги ишларга мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Трансмиллий тенденцияларга ўзининг бевосита таъсирини ўтказмай қолмайдиган йўналиш — бу экология соҳаси. Ўзбекистон Президенти иқлим ўзгаришларига қарши кураш, атроф-муҳит ва биохилма-хилликни муҳофаза қилиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш борасида кўрилаётган чораларга алоҳида тўхталди ва жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор Оролбўйи минтақасига қаратиб, 2022 йилда Нукус шаҳрида “яшил” энергетика бўйича БМТ билан ҳамкорликда юқори даражадаги халқаро форум ўтказиш ташаббусини билдирди.

Бундан ташқари, БМТ шафелигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2023 йилда Ўзбекистонда Атроф-муҳит бўйича БМТнинг юқори даражадаги Олтинчи Ассамблеясини ўтказиш таклифи айтилди.

Ассамблея иштирокчилари Орол денгизининг қуриши натижасида юзага келган, экологик офат маркази бўлган Оролбўйи минтақасидаги оғир вазият билан бевосита танишиш ва зарур хулосалар чиқариш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, Ассамблеяда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология Хартиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурмоқчимиз, деди Ўзбекистон Президенти.

Эътибор қилган бўлсангиз, Ўзбекистон томони ҳар доим юксак минбарларда минтақавий ва глобал муаммоларни кўтариб, бу жараёнларда ёшлар иштирокига ҳам алоҳида урғу бериб келмоқда. Бунда ҳар жараёнга ёшларни жалб қилиб, улар иштирокини таъминлаш масаласини илгари суради. Бу сафар ҳам глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш бўйича Бутунжаҳон конференцияси мамлакатимизда муваффақиятли ўтказилгани таъкидланди ҳамда ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг давоми сифатида Самарқанд шаҳрида мунтазам ўтказилаётган Инсон ҳуқуқлари мулоқотлари доирасида Глобал таълим форумини ташкил этиш режалаштирилгани маълум қилинди.

Агар бу борада илгари сурилаётган эзгу ташаббуслар мағзини тўла чақиб кўрадиган бўлсак, илм аҳлига қаратилаётган эътибор ва рағбат тараққиёт пойдеворининг янада пишиқ бўлишига ишорадир.

Билдирилган таклиф ва илгари сурилган ташаббуслар сон ва салмоқ жиҳатидан кенг миқёс касб этяпти. Асосийси, буларнинг барчаси жаҳон ҳамжамияти томонидан маъқулланиб, ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани кишида қониқиш ва мамнунлик ҳиссини уйғотади.

Дунёдаги энг йирик муассаса — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг аввалги сессияларида Ўзбекистон номидан кўтарилган масалалар эътибордан четда қолгани йўқ. Бош Ассамблеянинг 2020 йил сентябрь ойида ўтказилган 75-сессиясида Ўзбекистон билдирган таклиф инобатга олиниб, Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги мамлакатимизда ишлаб чиқилган кодекс бу борадаги глобал саъй-ҳаракатларга Ўзбекистоннинг муносиб ҳиссаси сифатида БМТ томонидан расмий ҳужжат шаклида тарқатилди. Бундан ташқари, жорий йилнинг май ойида давлатимизнинг яна бир ташаббуси қўллаб-қувватланиб, БМТ Бош Ассамблеяси Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида махсус резолюцияни қабул қилди. БМТ шафелигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик трансжамғармаси самарали фаолият юритмоқда.

Таъкидлаш жоизки, барча соҳаларда амалга оширилган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар, туб ислоҳотлар, бу борада эришилган улкан ютуқлар қиёс сифатида мустақил Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган бурилиш ясади ва халқаро муносабатлар, ташқи сиёсий ва иқтисодий алоқаларда янги даврни бошлаб берди. Айни пайтда муваффақият билан амалга оширилаётган муҳим ташқи сиёсий ташаббуслар натижаси ўлароқ, халқаро майдонда юксак натижаларга эришилмоқда.

Маълумки, замонавий халқаро муносабатлар уларда кўп томонлама дипломатиянинг роли ортиб бораётгани билан ҳам характерланади. Кўп томонлама дипломатия халқаро ҳаётнинг БМТ фаолияти билан боғлиқ кўплаб муҳим жабҳаларини қамраб олади. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий йўналишларидан бири — ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида БМТ билан шериклик алоқаларимиз сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бугун мамлакатимиз ушбу ташкилот ва унинг ихтисослашган тизимлари ишида фаол қатнашмоқда.

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро ҳаётда ҳам муносиб ўрни борлиги, Ўзбекистон сўзи жаҳон ҳамжамиятининг доимий нигоҳида экани барчамизга фахр ва ифтихор бағишлайди.

Шовосил ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2021 йил 29 сентябрь, № 194(450)

Check Also

Юракни мадҳ этган садо!

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан Марказда “Юракни мадҳ этган садо!” шиори …