Home / МАҚОЛАЛАР / “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” БАРЧА МАВҲУМ МАСАЛАЛАРГА АНИҚЛИК КИРИТИБ БЕРАДИ

“ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” БАРЧА МАВҲУМ МАСАЛАЛАРГА АНИҚЛИК КИРИТИБ БЕРАДИ

Имом Мотуридий номи билан машҳур бўлган улуғ алломанинг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий Самарқандий Ансорийдир.

Имом Мотуридий Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний, Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёзий, Нусайр ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва бошқалардан таълим олган.

Ушбу тўрт аллома Имом Мотуридийнинг Абу Ҳанифагача бўлган санадини боғловчи устозлар ҳисобланади. Маълумки, Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Абу Наср Иёзий ва Нусайр Балхий Абу Сулаймон Мусо Жузжонийнинг шогирдларидир. Бу зот эса Абу Ҳанифанинг асосий икки издоши бўлмиш Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммаднинг шогирди бўлган. Демак, шунга кўра, ҳанафия мазҳаби Имом Мотуридийга қуйидаги санад билан етиб келган:

– Имом Абу Ҳанифа;

– Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад;

– Абу Сулаймон Мусо Жузжоний;

– Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Абу Наср Иёзий ва Нусайр Балхий;

  • Имом Мотуридий.

Имом Мотуридий фиқҳда Абу Ҳанифанинг мазҳабида бўлганидек, ақидада ҳам у кишига эргашган. Шунинг учун ҳам баъзи манбаларда мотуридийлар ҳанафийлар деб ҳам аталади. Уламолар Имом Мотуридийни “Имомул ҳудо” – Ҳидоят имоми, “Мусаҳҳиҳу ақоиди аҳли сунна” – Аҳли сунна ақидасини тўғриловчи деб эътироф этган.

Имом Мотуридий тафсир йўналиши бўйича “Таъвилот ал-Қуръон” номли беназир асар ёзган. Бу китоб аҳли сунна вал жамоанинг Қуръон оятлари тафсиридаги қарашлари тўғри эканини асослаш, тасдиқлаш ва исботлаш билан бирга, адашган фирқаларнинг нотўғри қарашларини ҳам очиб берувчи мўътабар асар ҳисобланади.

Алломанинг бу китоби тафсир илмининг “тафсир бил маъсур” (муфассир Қуръон оятларини ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари билан тафсир қилади) ва “тафсир бир раъй” (муфассир ўз фикри ва ижтиҳоди ила тафсир қилади) йўналишлари ўртасини жамлаган ҳолда ёзилган асардир. Унда асосан исломий ақидага нисбатан турли қарашлар баён этилиб, уларга мотуридия ақидаси асосида баҳо берилган. Бу китобни Имом Мотуридийнинг шоҳ асари деб аташ мумкин.

Имом Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммасига раддия берган. У киши аҳли сунна вал жамоани қўллаб-қувватлаган. Шу боис бу асарнинг бошқа бир номи “Таъвилоту аҳли сунна” деб номланади. Имом Мотуридий унда сунний ақидага таъвилда зид қарашларни рад этади ва Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган ҳолда иш кўради.

Мазкур китоб бизга тўлиқ ҳолда eтиб кeлган бўлиб, дунёнинг кўплаб қўлёзма фондларида унинг қўлёзма нусхалари мавжуд. Энг қадимий нусхаси Маккадаги “Мактабатул ҳарам ал-Маккий” кутубхонаси қўлёзмалар фондида сақланади. Бу асар бўйича бир неча бор тадқиқот ишлари олиб борилган ва нашр этилган.

Тошкент нусхалари тақрибан 700 йил бурун кўчирилган. Асарнинг бир қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида 5126 рақами билан сақланади. 1971 йили Қоҳирада Иброҳим Муҳаммад Авадайн ва Саййид Муҳаммад Авадайн китобнинг бир қисмини тадқиқ этиб, “Фотиҳа” сурасидан “Бақара” сурасининг ярмигача бўлган қисмини нашр қилган. 1983 йили Бағдодда Муҳаммад Мустафизурроҳман “Фотиҳа” сурасидан “Бақара” сурасининг охиригача бўлган қисмини босмадан чиқарган.

“Таъвилот ал-Қуръон” бангладешлик олим А.А. Раҳмон томонидан 1981 йилда янги изоҳ ва шарҳлар билан тўлиқ нашр қилинган.

Бу китобни 2004 йили Байрутда Фотима Юсуф Хоймий тадқиқ қилиб, беш жилдда чоп эттирган.

“Таъвилот ал-Қуръон” 2005 йили Байрутдаги “Дорул кутубил илмия” нашриётида иккинчи марта доктор Маждий Босалум томонидан тадқиқ қилиниб, ўн жилдда, 6230 саҳифада нашр этилган. Муҳаққиқ китобнинг биринчи жилдида беш бобдан иборат 348 саҳифалик муқаддима ёзган. Унда Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва фаолияти, мазкур китобнинг ёзилиши ҳақида батафсил маълумот берган.

Ушбу китоб 2005 ва 2009 йилларда турк олими доктор Бекир Тўпалўғли томонидан Истанбулдаги “Дорул мезон” нашриётида икки марта ўн саккиз жилдда нашр этилди.

Имом Мотуридийнинг бу тафсири ислом илмлари таълимотида маълум ва машҳур бўлиб, уламолар наздида бошқа бирор аввалги ва кeйинги тафсирлар унга тeнглаша олмаган. “Кашфуз зунун” китоби муаллифи Ҳожи Халифа “Таъвилот ал-Қуръон” ҳақида Абу Муин Насафийнинг: “У бирор китоб тенг кела олмайдиган асардир. Бу фан бўйича ёзилган китобларнинг бирортаси унга яқин ҳам кела олмайди”, деган таърифини келтиради. Ҳожи Халифанинг таъкидлашича, ушбу китоб Имом Мотуридийнинг бошқа асарлари орасида тили ва услуби жиҳатидан энг енгили ҳам ҳисобланади. Шу сабабли, аҳли сунна вал жамоа уламоларининг асосий манбаидир.

Масалан: Аллоҳ таоло “Лайл” сурасининг 14-15 оятларида: “Унда фақат бахтсиз (одам) куйгай. Қайсики, (динни) инкор этиб, (итоатдан) бош тортган бўлса”, деб марҳамат қилади.

Аслида кофирларга тааллуқли бўлган бу оятни мўътазилийлар: “У фақат инкор қилиш маъносида келмаган. Бу ерда Аллоҳ таолонинг буйруқлари борасида камчилик ва нуқсонга йўл қўйганлар ва У қайтарган ишларга қўл урганлар ҳам назарда тутилмоқда”, деган. 

Хаворижлар бундай дейди: “Гуноҳи кабира қилганлар бу ишлари билан инкор қилувчи ва юз ўгирувчига айланади. Чунки улар дастлаб тавҳид ва имонга эътиқод қилганида буйруқ келган барча ишларни тўлиқ адо этишни, унга лойиқ бўлган барча ишларни бажариш ва унга муносиб бўлмаган барча ишлардан тийилишни зиммасига олган. Шундай экан, бу нарса тарк қилинадиган бўлса, аслида уни бажаришга эътиқод қилган нарсани инкор қилувчига айланиб қолади”.

Имом Мотуридий бу икки тоифанинг нотўғри даъволарига раддия ўлароқ: “Бироқ бизнинг ақидамиз бўйича амални бажармаслик билан инкор қилувчи бўлиб қолмайди. Фақат ваъдаси ва эътиқодига хилоф иш қилган кишига айланиб қолади”, дейди.

Аллоҳ таоло фақат мушрик ва кофирларга азоб беради, деган фикрни илгари сурадиган муржиийлар бу оятни далил келтириб, бундай дейди: “У оловга фақат инкор қилган ва бош тортган кишиларгина киради. Мусулмон киши гарчи катта ёки кичик гуноҳга қўл урса-да, инкор қилувчи ҳам, бош тортувчи ҳам бўлмайди”.

 Имом Мотуридий муржиийларнинг бу нотўғри даъволарига раддия бериб, бундай дейди: “Лекин бизнинг наздимизда бу оят тавҳид ва имон аҳллари эмас, кофирлар тўғрисида нозил бўлган.

Бу икки оят дўзахнинг бир эшиги қолиб бошқа бир эшиги, бир қавати қолиб бошқа бир қавати ҳақида келган бўлиши мумкин. Чунки, (дўзахда) ҳар бир тоифанинг ўзига тегишли қавати бордир. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 145-оятида: “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубида (бўлур)лар” деган. Бу ҳолат Ғошия сурасининг 6-оятида “Улар учун таом бўлмас, бўлганда ҳам фақат заҳарли гиёҳдан бўлур”  ёки Ҳоққа сурасининг 36-оятида “Йирингдан бошқа бирор таом ҳам йўқдир” дейилганидекдир. Оятда айтиб ўтилган заҳарли гиёҳ  дўзахнинг бир эшиги ва қаватида, йиринг эса бошқа бир қаватида бўлади. Бинобарин, бу қаватга фақат бахтсиз инсонгина кириши мумкин. Гуноҳи кабира қилган кишилар учун махсус бир қават бўлиши ҳам мумкин.

Уламоларнинг гуноҳи кабира эгалари қаттиқ қўрқитилган ва таҳдид қилинган, деган гапига келсак, биз уларга қилинган таҳдидларни ҳамда уларнинг азобланишини инкор этмаймиз. Бироқ гуноҳи кабира эгалари дўзахга кирадиган бўлса, унинг кофирлар тушган қаватларида бўлмайди, деб айтамиз. Уларнинг олови ва унинг ловуллаши бор деб зикр қилинган азобдан бошқа бир азоб билан азобланиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бизнинг наздимизда гуноҳи кабира эгалари Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасидадир. Хоҳласа, уларни азоблайди, хоҳласа, афв этиб, азобдан халос қилади. Аммо ловуллаб ёниб туриш сифати билан зикр қилинган олов эса кофирлар учундир”.

“Таъвилот ал-Қуръон” ўз даврида катта шуҳрат қозонган. Бунга мотуридия уламоси Абу Муин Насафий “Табсиратул адилла” асарида айтган қуйидаги сўзларни мисол келтириш мумкин: “Имом Мотуридийнинг Қуръонга ёзган тафсири барча мавҳум туюлган масалаларга аниқлик киритиб берувчи, инсон қалбидаги шубҳали қора булутларни ҳайдовчи ҳамда ниҳоятда болиғ васф ила ёзилган асардир. Аллоҳ шундай китобни ёзган зотга ўз саломини йўлласин”.

Имом Мотуридийнинг шу биргина асари узоқ тарих давомида кўплаб алломалар асарларига асос, ижодига туртки бўлган. Шулардан бири Абу Муин Насафийнинг шогирди Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Самарқандийнинг шарҳидир. У “Шарҳу таъвилоти аҳли сунна” деб номланиб, Шарқшунослик институти фондида бу асарнинг иккита нусхаси сақланади. Мазкур шарҳнинг бир қўлёзма нусхаси Истанбулдаги Сулаймония кутубхонаси “Мадина” бўлимида 179 рақам билан сақланади. Яна бир нусхаси Ҳиндистондаги Xудобахш номли кутубхонада 294 рақам остида сақланади. Бу йўналишда тадқиқот олиб борган доктор Айюб Али ушбу китоб Алоуддин Самарқандий томонидан Мотуридийнинг тафсирига ёзилган шарҳдир, деган хулосага келган. Аллома Алоуддин Самарқандий бу асарни устози Абу Муин Насафийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” китобидан дарс бериш жараёнида ёзиб борган ва саккиз жилдда жамлаган. Бу шарҳ қўлёзмаси ҳанузгача бирор ерда чоп этилмаган.

 “Таъвилот ал-Қуръон” асарини ўрганиш, тадқиқ қилиш ва халқимизни бу бебаҳо илмий меросдан баҳраманд қилиш бугунги турли бузғунчи оқимларга қарши курашиш, ислом таълимотини фитна уюштириш мақсадида нотўғри талқин қилиш ҳолатларининг олдини олиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчи олимлари томонидан бу асарни ўзбек тилига таржима қилишдек шарафли ишга қўл урилди. Натижада бугун “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг 30-жузи илк марта ўзбек тилида нашр этилди.  Албатта, бу давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …