Home / ЯНГИЛИКЛАР / ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИКНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИКНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ

Буюк мутакаллим аллома, ватандошимиз Aбу Муин Насафий ҳазратлари эзгулик ва ёвузликдан бирини танлаш инсон ҳаётининг асосини ташкил этишига эътибор қаратар экан, бахтли ёки бахтсизлиги айни шу сабаб билан боғлиқлигини уқтиради ҳамда тўғри танловнинг бир кўриниши жамиятда мавжуд қонунларга итоат қилишда эканини айтади.

Дарҳақиқат, қонунларга итоат этиш ва риоя қилиш – тотувлик ҳамда тинчликнинг асосидир. Барча жабҳада қонун устувор бўлган жамият – комил жамиятдир. Интизом, тартиб, ўзаро ҳурмат бўлган жамият ривожланиш йўлини тез топиб олади ва ушбу йўлда собитқадамлик билан илгарилайди.

Президентимиз томонидан яқинда имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни шу жиҳатдан айни муддаодир.

Мазкур қонун инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон андозаларига мос. Уни қабул қилишда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги халқаро қонунчилик, БМТнинг кўплаб ҳужжатлари, азалдан дунё харитасида шу соҳада обрў қозонган мамлакатлар қонунлари зўр профессионалларимиз ҳамда кучли мутахассисларимиз тарафидан пухта ва чуқур, ҳар жиҳатдан батафсил, кенг ўрганиб чиқилгани ҳар бир моддада яққол кўриниб турибди.

6 та боб, 35 та моддадан иборат янги таҳрирдаги ушбу қонунда бир талай ўзгаришлар бор. Жумладан, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби енгиллаштирилди. Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар, масалан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаслиги белгиланди. Рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилди. Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг 3 ойлик муддати 1 ой этиб белгиланди.

Дунёда элатлар кўп, эътиқодлар, дин ва мазҳаблар хилма-хил. Минг йиллардан бери инсоният билан ёнма-ён яшаётган, унинг маънавий оламини тўлдириб, эзгу амалларга ундаб келаётган динларнинг моҳиятига разм солсак, ҳамоҳанглик, муштаракликни илғаймиз. Ҳатто уларнинг даъвати ҳам ниҳоятда ўхшаш: “Одамлар, аҳил-иноқ яшанг!”, “Ўзганинг ҳақидан хазар қилинг!”, “Бир-бирингизга ёмонлик қилманг!”, “Меҳр-мурувватли бўлинг!”…

Шундай бўлса-да, сайёрамизнинг турли нуқталарида динлараро зиддиятлар, мазҳаблараро қарама-қаршиликлар ҳамон учраётгани, бу ҳол қонли тўқнашувларга сабаб бўлаётгани, бундан тинч аҳоли жабр чекиб, шаҳарлар, давлатлардаги барқарорлик изидан чиқаётгани айни ҳақиқат. Инсонларнинг энг муқаддас аъмоли – эътиқодидан фойдаланиб, мафкуравий хуруж уюштириш, дин ниқоби остида манфур ғояларини амалга оширишдан тап тортмайдиганлар, афсуски, доимо пайт пойлайди, содда, ғўр кишиларга, ёшларга тузоқ қўяди. Бундай таҳдидларга қарши огоҳлик ва хушёрлик йўқотмаслик, ёшларнинг онги ҳамда қалбини ҳимоялаш – давр талаби.

Сир эмас, айрим ғараз мақсадли кимсалар муқаддас динимизни ниқоб қилиб олиб, ёшларни ўз домига тортмоқчи бўлгани яқин тарихимизда кузатилди. Шу ва бошқа сабабларни инобатга олиб, қонунда диний таълимнинг профессионал мақоми расман эътироф этилди. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, динга бўлган муносабатидан қатъий назар, дунёвий таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши қайд қилинди.

Ҳар қандай шахснинг “ўзича” аҳолига диний таълим бериши – ноанъанавий ақидаларнинг тарқалишига, мутахассис бўлмаган шахслар томонидан соф диний масалалар бўйича бирёқлама тушунчалар берилишига олиб келишини ҳаёт кўрсатмоқда. Бу эса жамиятда диний масалалар билан боғлиқ ихтилофлар келиб чиқишига, аҳолининг ёт ғоя ва қарашлар таъсирига тушишига сабаб бўлади. Шу боис диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгилангани айни муддао бўлди.

Кўп миллатли ҳамда кўп конфессияли юртимизда диний бағрикенглик масалаларига катта эътибор берилаётгани боис турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда. “Жаҳолатга қарши – маърифат” устувор тамойилига амал қилинаётир.

Оқилона дин сиёсатидан миннатдор кишилар умуминсоний ғоялар остида бирлашмоқда. Мамлакатимизда динлараро бағрикенглик нафақат диндорларнинг, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини юзага чиқариб, тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шартларидан бирига айланган.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати амалдаги қонунчилик ҳужжатларида “ибодат либоси” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабаб жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ қонундан чиқариб ташланди.

Ушбу ҳужжат доно халқимизнинг бугунги хоҳиш-истакларига, ҳозирги замон талабларига, айни пайтдаги давр эҳтиёжларига тўла-тўкис жавоб беради. Энди ҳамма гап унга риоя қилишда. Зеро, мўмин-мусулмонларнинг яхшиси ушбу ҳадиси шарифда гўзал тарзда ифодаланган: “Охирати деб дунёсини, дунёси деб охиратини тарк қилган банда сизларнинг яхшиларингиз эмас. Зеро, иккисининг жамғариши лозим бўлган жиҳати бор. Одамларга боқиманда бўлиб қолманглар (яъни уларга зинҳор оғирлигингиз тушмасин)!” (Имом Дайламий ривояти).

Ҳусайн Воиз Кошифий: “Давлат ва жамиятни қонун устуворлигисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки бусиз дунёнинг муҳим ишларини тартибга солиш вазифасини амалга ошириш мумкин эмас. Тарбия ва жазо ҳақидаги қонунларнинг бўлмаганлиги давлат фаолиятининг бузилишига ва инсон ҳуқуқларининг камситилишига олиб келади”, деган.

Aбу Наср Форобий эса: “Қонунсиз жамиятда тартиб ўрнатиб бўлмайди”, деб ҳисоблайди. Мутафаккирнинг фикрича, жамиятда қонун устувор бўлиб, инсон ҳуқуқлари кафолатланмаса, ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш тартибга солинмайди. Чунки ҳар ким ўз шахсий манфаатини кўзлаб бошқаларга зарар етказади, ўзаро кураш, бузғунчилик ва зўравонлик каби иллатлар авж олади.

Мухтасар айтганда, янги қонунда миллий фазилатларимиз, диний қадриятларимиз ёритилиб, асрлар давомида улуғ аждодларимиздан доно халқимизга бетакрор мерос бўлиб келаётган беқиёс маънавиятимиз ҳам инобатга олинган.

Қонун юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, барқарорлик сақлаш, адоват ҳамда муросасизликка сабаб бўлувчи ҳар қандай иллатнинг пайини қирқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.

Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари
Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2021-йил 23-июл, 153-сон

Check Also

«ЎРТА ОСИЁ ҚЎЛЁЗМАЛАРИ КОДИКОЛОГИЯСИ ЭЛEМEНТЛАРИ»

1-2 май, 2024 йил соат 10:00 да Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро …