Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЎЗБЕКИСТОН — ТИНЧЛИК, ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ЧОРРАҲАСИ

ЎЗБЕКИСТОН — ТИНЧЛИК, ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ЧОРРАҲАСИ

Халқаро форумдан сўнги ўйлар

Муқаддас динимиз бундан буён ҳам халқимизни бирлаштириб, миллати ва тилидан қатъи назар, маънавий покланиш, одамларни тинчлик, эзгулик бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва тотувликка ундайдиган, ўрнини ҳеч нарса боса олмайдиган восита бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.  Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти

Президентимиз ташаббуси билан бошланган шиддатли ўзгаришлар жамиятимиз, давлатимиз ривожланишининг янги мафкураси, таъбир жоиз бўлса, ўзгача парадигмасини белгилади. Учинчи Ренессанс даври бошланаётган Ўзбекистон мутлақо янги муҳитда тараққиётга юз тутмоқда.

Маърифат, дин ва виждон эркинлиги таъминланган юртда истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ҳамжиҳатликда, дўст, иноқ бўлиб, умргузаронлик қилмоқда.

Ўзбекистон барча соҳаларда очиқ мамлакат сифатида жаҳон сиёсий майдонидан муносиб ўрин эгаллаяпти. Энг муҳими, мамлакатимизда инсонпарварлик сиёсатининг амалга оширили­ши натижасида миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, шу заминда яшаб меҳнат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари юксак қадр топди.

Ўтган ҳафта охирида Самарқандда бўлиб ўтган “Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлашда парламентнинг роли” мавзусидаги форумда мазкур тушунчалар атрофида мулоҳаза юритилди.

Миллатлараро тотувлик, дин ва эътиқод юксаклигини таъминлаш айни замоннинг муҳим вазифаларидандир. Аҳамиятлиси, янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик, деган пур-маъно ғоя юртдошларимиз онгу тафаккурида, уларнинг ҳаётий қарашларида ўзининг ёрқин ифодасини топяпти.

Бугун Ўзбекистон эришаётган ютуқларда саховатли заминда яшаб, ижод қилиб, ҳалол меҳнати билан бошқаларга ўрнак бўлаётган барча миллат вакилларининг муносиб ҳиссаси бор. Юртимизда яшаётган турли миллат ва элат аҳли мустаҳкам дўстлик ришталари атрофида яшаб, ўз орзу-истаклари рўёбини кўрмоқда. Мамлакатимиз мактабларида болаларга 7 тилда таълим берилади. Телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилмоқда ҳамда 10 тилда га­зета ва журналлар чоп этилмоқда. Кейинги йилларда турли миллатларнинг 150 нафар вакили давлатимизнинг юксак мукофотлари — орден ва медаллар билан тақдирланди. Шулардан 5 нафари Ўзбекистон Қаҳрамони деган юксак унвонга муносиб топилган.

Форумда айни даврда динлараро бағрикенглик ривожланиб, умумбашарий аҳамият касб этиб бораётгани туфайли уни мазмунан теранроқ англаш зарурати юзага келгани таъкидланди. Зеро, динлараро бағрикенгликка эришиш ўзига хос мураккаб ва узоқ давом этадиган жараён. Шу боис, бу муаммо тарихий тараққиётнинг барча босқичларида долзарб ҳисобланиб, турли эътиқодларнинг биргаликда тараққий этиши, улар ўртасида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик шаклланиши, пировардида юртлар тинчлиги, тараққиёти умуминсоний маданият ҳамда маънавият ривожига хизмат қилган. Ўзбекистон динлараро бағрикенглик ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган давлатлар сирасига киради. Мамлакатимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлар ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини таъминлаш янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишлари этиб белгиланган. Конституциямизнинг 4-моддасида белгилаб қўйилганидек, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тили, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиб беради. Самарқанд форумида мазкур тамойиллар амалда ўз ифодасини топаётгани таъкидланди.

Жумладан, Ўзбекистондаги немис миллий маданий маркази раиси Наталья Кайзер: “Мен тупроғини кўзларимга тўтиё қилишга арзийдиган ўзбек юртида, меҳрибон инсонлар бағрида туғилиб ўсдим. Ҳеч ҳам кўнглим ўксиганини эслай олмайман. Тўғрисини айтсам, немис миллатига мансуб ўзбек аёлиман. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар биримизнинг кўнглимизга йўл топади, бизни ардоқлайди. Мен учун бу юртнинг бегона гиёҳи йўқ, бир қултум суви ҳам мен учун азиз. Ўзбек халқи бу мен, сиз, шу даврада ўтирган барча қоракўзлардир”, дея гапирди.

Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг ўз сўзида Ўзбекистонда илгари деярли кузатилмаган, тараққиётнинг туб бурилишларини ўзида қамраб олган ўзгача ижтимоий-сиёсий ҳаёт юзага келиб, сўз ва дин эркинлиги янгича кўринишда пайдо бўлганини эътироф этди.

“Ўзбекистон Шарқ гавҳари сифатида азалдан дунё цивилизациясига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бетакрор ўлка, аждодларининг илмий салоҳияти билан нафақат маҳаллий халқ, балки бутун олам аҳли ифтихор туйса арзийдиган мамлакат. Узоқ гапириб, алоҳида изоҳ беришга ҳожат йўқ. Барча миллат ва элат вакилларининг ҳуқуқ ва эркинлиги, билим олиши ва ўз динига эътиқод қилиши тўла таъминланган.

Уларнинг аҳиллигига ҳавасим келди, мамлакатда миллий маданият марказлари фаолият юритиши таҳсинга лойиқ. Президент Шавкат Мирзиёев ўз халқига ўтмишни англашга шароит яратиб бериши баробарида янги дунё истиқболини шакллантиришдек улуғ ишларга чорлаётган шахс эканига у киши билан учрашганда амин бўлдим. Мазкур анжуманнинг Президент ғояси асосида ташкил этилиб, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтаётганида ҳам рамзий маъно бор. Мен бу таассуротларимни бир умр ҳайрат билан ёдда сақлайман. Ўзбекистоннинг тараққиётига юксак ишонч билдираман”, деди Мартин Чунгонг.

Дарҳақиқат, мазкур форумнинг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтказилишининг алоҳида аҳамияти бор. Марказ 2020 йилда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан фаолият бошлади. “Ушбу марказ Имом Бухорий меросини тадқиқ этишда, башариятни илм, эътиқод ва тараққиётга чорлашда дунёдаги маърифат масканларининг юраги бўлиб хизмат қилишига ишонаман”, деган эди давлатимиз раҳбари. Мазкур муқаддас маскан бугун чин маънодаги маърифат ва мулоқотлар майдонига айланди.

Форум иштирокчилари Ўзбекистоннинг миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати устувор йўналишлари, соҳадаги фаолият устидан парламент назорати механизми, мамлакатда диний бағрикенгликнинг тарихий илдизлари, миллатлар ўртасида тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари каби мавзулар доирасида ҳам ўзаро фикр алмашди. Таъкидланганидек, Қонунчилик палатасида депутатларнинг 13 фоизи, Сенатда 8 фоизи бошқа миллат вакилларидан иборат. Улар мамлакат тараққиёти ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилувчи қонунларни қабул қилишда фаол иштирок этмоқда. Қуйи палата томонидан миллатлараро дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбекистонда 30 июль Халқлар дўстлиги куни этиб белгиланиши тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ҳам фикримиз исботидир.

Яна бир муҳим масала. Бу йил халқимиз мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигини кенг нишонлайди.

Мазкур сана халқимиз хаётининг барча жабҳалари ривожини ўзида мужассам этгани билан қадрлидир. Яқинда, аниқроғи 30 июнда Халқаро парламентаризм кунини ҳам нишонлаймиз. Самарқанд форумини ушбу нуфузли тадбирларга уйғунлашган мулоқотлар майдони сифатида ҳам эътироф этиш мумкин.

Ўзбекистондаги халқчил сиёсатнинг асосий йўналишларидан бири — халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилсин, деган тамойил. Ушбу тамойил бугун ҳаётда ўз ифодасини топмоқда. Барча вилоятларда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти қабулхоналарининг фаолияти бунга мисол. Уларда фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш, тинглаш ва ечим топиш тизимли йўлга қўйилган.

Форум якунлангач, Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишди. Бу ерга жорий йилнинг ўтган даврида 12 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Меҳмон қабулга келган фуқаролар билан мулоқотда бўлди.

— Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, суҳбатлашганимда мазкур тизим ҳақида маълумотга эга бўлдим. Қабулхоналар фаолияти менда катта таассурот уйғотди. Уларда, давлатингиз раҳбари таъкидлаганидек, диққат-эътибор фуқароларнинг дардини тинглаш ва ҳал этишга қаратилган. Бу тажрибадан ибрат олса арзийди. Халқнинг мушкулини осон қилишнинг энг оддий ва самарали йўли шу. Амин бўлдимки, Шавкат Мирзиёев ўз халқини севадиган, унинг ташвиши ва истиқболи ҳақида қайғурадиган одил раҳбар. Ушбу қабулхонада бунинг амалий ифодасини кўрдим, — деди Мартин Чунгонг.

Шу тариқа Самарқанддаги форум иштирокчилари бугунги Ўзбекистон ислоҳотларига юксак баҳо берибгина қолмасдан, биз эришган натижалар ва халқчил сиёсатимизнинг амалий ифодаларига ҳавас билан боқиб, ютуқларимизни алоҳида мамнуният билан эътироф этдилар.

Наврўз РИЗАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 29 июнь, № 131 (387)

Check Also

ОКСФОРДДАГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ОИД ХАЗИНАЛАР

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзолари Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ҳақ …