Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Бухорий: Ислом санъати кўргазмаси

Бухорий: Ислом санъати кўргазмаси

Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросини тарғиб қилиш, ислом динининг ҳақиқий қадриятларини очиб бериш мақсадида Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ижтимоий фанлар халқаро фестивали доирасида ислом оламининг буюк олими Имом Бухорий ҳадисларидан илҳомланган ижод аҳлининг ислом санъати кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Кўргазма Буюк Британиянинг Dacore IT компанияси, Лестер университети, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий ҳалқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ва мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган.

Кўргазмада таниқли уста рассомлар билан бир қаторда, халқаро кўргазма ва фестивалларда қатнашган ёш рассомлар ҳам иштирок этмоқда. Уларнинг барчасини ислом дини руҳияти бирлаштиради.

Кўргазма иштирокчилари орасида таниқли миниатюрачи Давлат Тошев, китобот санъати бўйича тажрибали рассом Камолиддин Aбдуллаев, ёш ва истеъдодли рассомлар – хаттот Шейха Aбдуллаева, графикачи рассом Ёқуб Бекназаров ва фотосуратчи Муҳиддин Aли каби таниқли маданият намояндалари бор. Халқаро миқёсда тан олинган «Сўғдиёна» миллий чолғу-асбоблари камер оркестри кўргазма учун махсус янги «Зикр» номли композицияни тайёрлаган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ислом санъати бутун мусулмон дунёсида катта тарих ва бой тажрибага эгалигини, табийки, бунда кўҳна Мовароуннаҳр ва бугунги Марказий Осиёнинг ҳиссаси беқиёслигини таъкидлади. Шундай экан, уни асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказишда мазкур кўргазма беқиёс аҳамият касб этади. Хаттотлик ва меъморий саънат анъаналари ҳанузгача давом этиб келмокда. Уларни етук устозлар ёрдамида муносиб шогирдларга етказишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим. Зеро, санъатдан баҳраманд бўлган инсондан фақат эзгулик кутилади.

Ҳужжатли филмлар бўйича машҳур кинорежиссёр, асли лос-анжелеслик бўлган, ҳозир Буюк Британияда фаолият юритиб келаётган Овидио (Aбдулатиф) Салазар кўргазмага бундай таъриф берди:

Куни кеча очилган Бухорий: Ислом санъати кўргазмасига мени таклиф қилганингиздан беҳад миннатдорман. Рассомлар ижодининг ниҳоятда ранг-баранглиги мени жуда ҳайратга солди. Улар Имом Бухорий тўпламидан ҳадисларни бадиий ифода этиб бергани буюк таҳайюр ва таҳсин ҳисларини уйғотади. Бу ҳақиқатан ҳам илҳомбахш ишдир. У нафосат ва тинчликпарварлик дини сифатида исломнинг анъаналарига таянишимиз мумкин ва зарурлигини намойиш этди.

Ислом санъати энг бой ва кенг тарқалган Шарқ санъатларидан биридирки, ҳали-ҳануз унинг янги-янги қирралари кашф этилиш жараёни тўхтамаган. Тимсолларга бой бўлган ислом санъати жуда жозибадор бўлиб, борлиқнинг барча моддий ва номоддий жабҳалари орқали Холиқни ва Унинг буюклигини англашга йўналтирилган чуқур маънога эга.

Исломда Яратганни англашнинг турли хил усуллари (мазҳаблар ва тариқатлар) мавжуд, аммо уларнинг барчаси бир манбага – Қуръони каримга олиб келади. Шу билан бирга, Қуръонни тушуниш барча мусулмонлар учун намуна ҳисобланмиш Расули Акрам Муҳаммад Мустафо (С.А.В.) орқали келган. Демак, исломни англашнинг иккита асосий усули мавжуд бўлиб, улардан асосийси Қуръонни ўқиш ва ўрганишдир. Шу билан бирга, Имом Бухорий асари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бутун суннатларини ўзида мужассам қилган муқаддас китобдир.

Ислом тарихига назар солсак, минглаб олимлар Муҳаммад Пайғамбарни (С.А.В.), унинг ҳаёти ва таълимотини синчковлик билан ўрганган. Улар орасида таниқли исломшунос олим, муҳаддислар султони, сайёҳ ва филомат – Имом Бухорийнинг тутган ўрни беқиёсдир. Унинг “Саҳиҳул Бухорий” тўплами диний қонун ва ахлоқий кўрсатмаларнинг асосий манбаи сифатида тан олинган бўлиб, ислом оламида Қуръондан кейинги иккинчи муҳим манба ҳисобланади.

Муҳаддисликда “саҳиҳ” йўналишининг асосчиси ҳисобланмиш Имом Бухорий минглаб ислом уламоларидан 600 мингдан ортиқ ҳадис тўплаб, улар орасидан 7275 та энг саҳиҳини (ишончлисини) саралаб олиб, «Aл-Жомиъ ас-Саҳиҳ» китобига киритган. Мазкур тўплам ҳадис тўпламлари орасида энг ишонарли ва мукаммалидир. Тўпламда Пайғамбар (С.А.В.) ҳадисларидан ташқари, фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги), ислом маросимчилиги, аҳлоқ-одоб, таълим-тарбия ҳамда ўша давр тарихи ва этнографиясига доир маълумотлар ҳам берилгани диққатга сазовордир.

Ушбу кўргазма қатор ижодкорларни бирлаштирди. Ижод аҳли ўз илҳоми орқали тинчлик, донолик ва бағрикенгликни ўзида мужассам этган эзгу дин – ислом ғояларини ҳалқаро даражада санъат мухлисларига тақдим этишдек хайрли мақсадни ният қилди. Зеро, бу умуминсоний ва ҳар кимга тегишли бўлган қадриятлардир.

Ушбу кўргазмага қўйилган барча санъат асарлари “Саҳиҳул Бухорий” ҳадисларидан илҳомланиб яратилган ижод маҳсулларидир.

Ислом таълимоти аслида шунчалик кенг қамровлики, уни битта кўргазмада намойиш этишнинг иложи йўқ, албатта. Бироқ исломнинг энг муҳим ва бирламчи омилларидан бири – бу нафақат инсоннинг ташқи, балки ички ҳолатига таъсир кўрсатувчи покликдир. Шу сабабли, ушбу кўргазмада намойиш этилаётган ижодий ишлар қуйидаги мавзуларни акс эттиришга қаратилган:

Жисм нафақат инсониятнинг, балки бутун борлиқнинг жисмоний қисми, моддий шаклидир. Шакллар исломда яхши тасвирланган бўлиб, бунда вужуднинг поклиги энг бирламчи аҳамият касб этади. Кўргазмадаги ижодий ишларда ана шу шаклларни янада гўзаллаштирувчи одоб ва тарбия масалари акс эттирилган.

Тафаккур фикрлар, илм ва зеҳн, демакдир. Aсрлар давомида онг поклиги, билимларни кашф этиш ва кенгайтириш истаги исломда чуқур маъно ва анъаналарга асосланган. Илмнинг муҳимлиги ва фалсафий маънолари доимо диққат марказида бўлиб келгани ҳам шундан.

Қалб, деганда эса, ҳис-туйғулар ҳаёт тарзининг муҳим қисми сифатида майдонга чиқиши англашилади. Ҳадислар уларни ислоҳ этиш тўғрисида сўйлайди. Ҳозир фаол тарғиб қилинаётган эмоционал салоҳият тушунчаси ҳамиша ислом таълимотининг ажралмас қисми бўлиб келган.

Руҳ – тинчлик ва эркинлик, деганидир. Бу мавзу одамлар учун шунчалик равшан бўлиш билан бирга, номаълум жабҳа ҳамдирки, у ижодкорлик ва изланиш учун катта имконият яратади.

Ҳаёт инсониятнинг бутун борлиғи, ботиний ва зоҳирий оламлари туташувини назарда тутади.

Кўргазмадаги барча ижодий ишлар мана шу мавзуларга ишора қилади ва ҳадис илҳомига асослангандир.

Шундай қилиб, асарларнинг тавсифи ва талқини ҳадис орқали ифодаланади, бу эса кўргазмага ташриф буюрувчилар учун исломнинг асосий манбалари билан яқиндан танишишга ёрдам беради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …