Home / ЯНГИЛИКЛАР / МУБОРАК РАМАЗОН ҲАЙИТИ ШОДИЁНАЛАРИ: диний қадриятлар, азалий урф-одатлар ва ўлмас анъаналар

МУБОРАК РАМАЗОН ҲАЙИТИ ШОДИЁНАЛАРИ: диний қадриятлар, азалий урф-одатлар ва ўлмас анъаналар

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда ўз номимдан юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбдан самимий табриклайман.

Ушбу қутлуғ айёмда барчамиз, аввало, шундай файзли ва баракотли кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтамиз. Муқаддас Рамазон ойида тутган рўзаларимиз, ибодатларимиз қабул бўлишини Ҳақ таборак ва таолодан сўраймиз.

Рамазон ҳайити мусулмонларнинг энг улуғ айёмларидан биридир. У Рамазон ойи тугаб, Шаввол ойи бошланганида нишонланади. Рамазон ҳайити “Ийдул фитр” деб ҳам аталади ва рўзанинг тугашини билдиради.

Дарвоқе, “ийд” сўзи араб тилида “қайта-қайта такрорланиш”, “фойда-манфаат”, деган маъноларни англатади. Ҳайит байрами ҳар йили такрор ва такрор келгани ва унда Аллоҳ таолонинг неъматлари бандаларига сероб бўлгани учун “ийд” деб номланган. Баъзи уламолар: “Бу байрам инсонларга уларнинг қийинчилик ва ғам-ташвишларига қарамасдан ҳар йили уларга хурсандчилик ва шодлик билан қайта-қайта келгани учун “ийд” деб номланган”, деганлар.

“Фитр” эса “оғиз очиш”, “таомланишни бошлаш” деганидир. Демак, “Ийдул фитр” рўзадан чиқиб, таомланишга ўтиш кунидир.

Ҳайит куни қайта туғилиш рамзи ҳамдир. Рамазонда инсон жисмини, руҳини поклайди ҳамда нафсини тарбия қилади, келажакда уни фақат Аллоҳга маъқул амалларни бажаришга ундайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ таоло сизларга Рамазон ойи рўзасини фарз қилди. Мен сизларга унинг кечаларини қоим қилишни суннат қилдим. Ким унинг рўзасини тутса ва кечаларини қоим қилса, гуноҳларидан онаси туққан кунгидек фориғ бўлади”, деганлар.

Шубҳасиз, Ҳайит байрами — улуғ айём. Унинг халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни ҳамда жамиятимизда сахийлик, шукроналик, меҳр-оқибат каби фазилатларни қарор топтиришдаги аҳамияти беқиёсдир.

ҲАЙИТ ТАРИХИ

Рамазон ҳайитининг пайдо бўлиши ва нишонланиши Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан узвий боғлиқ. Ҳижратнинг иккинчи йилидан буён Рамазон ҳайити улуғ айём сифатида нишонлаб келинади. Мазкур ибодатнинг тантанаси ўлароқ Рамазон ҳайити Аллоҳ таоло томонидан мусулмонлар учун байрам қилиб берилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида шаҳар аҳли икки кунда ўйин-кулги қилар эдилар.

“Бу иккиси қандай кун?” деб сўрадилар.

“Жоҳилиятда ўйнайдиган кунимиз эди”, дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ сизларга бу иккиси ўрнига улардан кўра яхши — Қурбонлик куни ва Фитр кунини берди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Қурбон ва Рамазон ҳайитлари Аллоҳнинг бандаларига фарз қилган улуғ ибодатлари: Рамазон рўзаси ва Ҳаж ибодати адо этиб бўлинган куннинг эртасига нишонланади. Аллоҳ таоло бандаларини мана шундай улуғ ибодатларни адо этишга муяссар қилгани учун ҳам унинг шукронасига икки ракаат ҳайит намозини ўқишни вожиб қилди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Бас, Роббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг” (“Кавсар” сураси, 2-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор, бу (Ийд куни) бизнинг байрамимиздир”, деганлар. Мўмин-мусулмонлар Ҳайит байрамини яқинлари даврасида ўтказадилар. Айниқса, ота-оналарга янада хушмуомала бўлиб, хурсандчилик улашишади. Уларнинг дуоларини олишади. Шунингдек, муҳтожлар ва беморлар ҳолидан хабар олиш, болаларга шодлик улашиш, уларнинг қалбларига қувонч олиб кириш катта савоб амаллардан бири. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, деганлар.

ҲАЙИТ ҲИКМАТИ

Ийд — Аллоҳ таолога қилинган тоат-ибодатлар туфайли У Зотнинг бандаларига кўрсатган раҳмату мағфирати боисидан хурсандчилик изҳор қилиш учун бир муносабатдир. Аллоҳ таоло: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир”, деб айт”, деган (“Юнус” сураси, 58-оят).

Ийд улуғ ибодатни адо қилгандан сўнг бандаларга тақдим қилинган ўзига хос раббоний зиёфатдир. Ийдул фитр — Рамазон ҳайити байрами Аллоҳ таоло бандаларига Рамазон ойида фарз қилган рўза ибодати адо қилинганидан кейин келади. Банда Рамазонда Аллоҳнинг розилиги учун, У Зотнинг амри бўлгани учун егуликдан, ичимликдан ва рўзани очиб юборадиган бошқа нарсалардан ўзини тияди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзининг фазли, мағфирати ва бу ибодатга лойиқ кўрганидан хурсанд бўлсинлар, деб бандаларини Ийдул фитр зиёфатига таклиф этади.

Ҳайит байрами — инсон шаъни ва қадрининг нечоғли юксаклигини кўрсатувчи хайр-саховат, меҳр-мурувват айёми, диллардаги гина-кудуратлар заволга кетиб, ўрнини унсу улфат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик эгалловчи, Ҳазрат Алишер Навоий таърифидаги каби сўз ва кўз озодалиги, тил ва дил поклиги байрамидир.

Ҳайит байрами шукрона мавсумидир. Инсон ўзига ато этилган неъматларга шукр қилиши вожиб экани буюк алломалар томонидан таъкидланган.

ҲАЙИТ ФАЗИЛАТЛАРИ

Арафа куни кечаси, яъни ҳайит кунига ўтар кечасини зикру тасбиҳ ва дуои истиғфор билан бедор ўтказиш савобли амаллардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки Рамазон ва Қурбон ҳайитининг кечасини бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмайди», деганлар.

Ҳайит кунининг тонгидан ғусл қилиб, хушбўй атирлар сепиб ва энг гўзал, янги ёки тоза кийимларимизни кийиб, ҳайит намози ўқилгунча ҳеч нарса емай, намозгоҳга бормоғимиз суннат амалдир.

Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган кундир. Бу кунда баъзи жойларда одамлар урф қилиб, тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориши, йиғисиғи қилиши шаръан дуруст эмас. Бундай ношаръий амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. Бунинг ўрнига Аллоҳнинг тинчлик, хотиржамлик каби неъматларига шукр қилиб, эрта тонгдан ҳайит намозини адо этиб, кўпчилик билан қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни Яратгандан сўрасак, инша-Аллоҳ, бунинг савоби ўзимизга ҳам, биздан умидвор бўлиб ётганларга ҳам етиб боради.

ҲАЙИТ НАМОЗИ

Аллоҳ таоло мусулмонларга ҳайит намозини ўқишни вожиб қилди. Ҳайит намози туфайли мусулмонларнинг дўстлиги, қардошлиги янада мустаҳкамланади. Рўза ва Қурбон ҳайити кунлари бир ерга жам бўлиб, диний алоқалари кучаяди. Пайғамбар алайҳиссалом мусулмонларни йиғиб, икки ракаат намоз ўқир, уларнинг сафини янада жипслаштириб, ғанимларни енгишда Аллоҳдан мадад сўраб илтижо қилардилар.

Хутба ўқиб, дўстлик, биродарликни рағбатлантириб, долзарб масалаларни айтиб ўтардилар. Намоздан кейин мусулмонлар бир-бирини табриклар, масжиддан чиққан камбағал, бева-бечораларга рўзаи фитр садақасини беришар, қалблари шодликка тўлиб-тошарди. Аллоҳ таолодан бизни ҳам дўст-биродар қилишини сўраймиз.

ҲАЙИТ АНЪАНАЛАРИ

Ҳайит кунларида табаррук отахон, мунис онахонларга йимон, ёшларга тавфиқу ҳидоят тиланади. Қариндош-уруғлар, ёру биродарлар зиёрат қилинади, бева-бечоралар ҳолидан хабар олинади.

Ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш даркор. Иложи бўлса, уларга совға ва махсус ҳадялар улашилса, янада яхши бўлади. Ҳайит кунларида беморларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб иш бўлади.

Ҳайит кунлари силаи раҳм қилиш, қариндош-уруғ, кексалар ва беморларни, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўра таъкидланган бўлиб, савоби кўпроқ бўлади.

Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадриятларимизга нисбатан эҳтиром туйғуси шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.

Таниш-билиш, ёру дўст ва ҳар бир кўринган мусулмон кишини ҳайит билан табриклаб, уларга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш керак.

Ҳайит арафасида қўни-қўшниларга меҳр-мурувват кўрсатиш билан бирга моддий ёрдамга муҳтож кишилар, яъни кам таъминланган оилаларга хайр-эҳсон қилинса, уларнинг хонадонларига ҳам байрам шукуҳи кириб борган бўлади.

Болалар ҳайит куни ҳайитлик совға-саломлари билан сийланган.

Дарҳақиқат, мўмин-мусулмонлар Рамазон ҳайити байрамига олдиндан тайёргарлик кўра бошлайдилар. Байрамдан бир неча кун олдин ҳовлилар, кўча-кўй саранжом-саришта қилинади. Уйни янги буюмлар билан безашга, чиройли уй-рўзғор буюмлари сотиб олишга алоҳида эътибор қаратилади. Кишилар янги либослар кийишга ҳаракат қилади. Қолаверса, тарихий қадамжолар, қабристонлар ҳам тозаланиб, зиёратчиларнинг келиб-кетиши учун қулай шароитлар яратилади.

ҲАЙИТ ОДОБЛАРИ

Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити кунларида ҳар бир мусулмон ўз хурсандчилиги, саховати ва юксак одоб-ахлоқини ҳар қачонгидан кўра кўпроқ изҳор қилиши керак. Шунинг учун уламоларимиз мазкур байрам кунларида мусулмон киши учун зарур бўлган баъзи амалларни тавсия қилганлар:

—ҳайит кунидан аввалги тунни ибодат, дуо ва зикрлар билан бедор ўтказиш.

Ҳайит кунига ўтар кечанинг ҳам ўзига яраша фазилати бор. Уни бутунлай ёки бир қисмини, хусусан, кечасининг учинчи қисмини Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан бедор ўтказиш кўплаб яхшиликларга, улкан савобларга сабаб бўлади;

—ҳайит намозига чиқиш олдидан гусл қилиш, мисвок ишлатиш, хушбўйлик суриш.

Ислом — поклик дини. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Поклик иймоннинг ярмидир», деганлар. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайит намози олдидан ғусл қилар ва мисвок орқали тишларини поклар эканлар;

—чиройли янги кийим кийиш (янгиси бўлмаса, кийимларининг энг яхшисини кийиш).

Бу ҳам суннат. Халқимиз қадимдан ушбу суннатни гўзал тарзда амалга ошириб келган. Ҳайит арафаларида кийим-кечак бозорларимизда савдо-сотиқ қизғин авжига чиқиши ҳам шундан. Бу ишда Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш бор. Аммо шуни ҳам унутмаслик лозимки, аёлларнинг зийнатланишлари шариат доирасида ва маҳрамлар даврасида бўлиши керак.

—фитр садақаси зиммасига вожиб бўлган киши уни ҳайит намозига чиқишдан олдин адо этиши.

Фитр садақаси рўзага боғлиқ садақалардан бўлиб, ҳар бир жон учун икки кило буғдой қийматида берилади. Ҳадисларда келтирилганидек, «фитр садақасини хурмодан бир соъ, арпадан бир соъ миқдорида мусулмонлардан қулга ҳам, ҳурга ҳам, эрга ҳам, аёлга ҳам, кичикка ҳам, каттага ҳам бериш фарз қилинган. Уни одамлар намозга чиқишидан олдин адо этишга амр қилинган».

Фитр садақасини бериш закотга қодир кишиларга вожиб, бошқаларга ихтиёрий ҳисобланади. Уни Рамазон ойи давомида бериш ҳам мумкин, аммо афзали ҳайит намозга чиқишдан олдин беришдир;

—масжидга чиқишдан олдин бирор нарса тановул қилиш.

Рамазон ҳайитида намозга чиқишдан олдин бирор нарса еб олиш — одоб. Расулуллоҳ шундай қилар эдилар;

—ҳайит намозини масжидда жамоат билан биргаликда адо этиш.

Ҳайит куни ҳайит намозини ўқиш бизнинг ҳанафий мазҳабимизда вожиб дейилган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайит намозини узлуксиз ўқиб келганлар. Ундан юз ўгириш залолат дейилган;

—ҳайит намозини адо этгандан кейин ота-она, қариндош-уруғлар ва яқинларни зиёрат қилиш.

Узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки мусулмон биродарига гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шунингдек, ҳайит куни етимлар, мискинлар, фақирлар ҳамда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш ва меҳр кўрсатиш ҳам тарғиб қилинган амаллардан саналади.

Рамазон ҳайити байрамини мазкур одобларга риоя қилган ҳолда ўтказсак, ушбу улуғ кунни муносиб нишонлаб, кўплаб ажру савобларни қўлга киритамиз. Шу билан бирга, халқимиз орасида эзгулик, меҳр-оқибат бардавом бўлишига ҳисса қўшган бўламиз.

ҲАЙИТ ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА

Юртимизда коронавирус билан хасталанганлар сони ортиб боряпти. Бу эса карантин талабларига оғишмай риоя қилишимиз шартлигини англатади. Рамазон ҳайити байрамида ҳам бунга қатъий амал қилишимиз, бир-биримизни асраб-авайлашимиз керак бўлади.

Коронавирус касаллиги билан боғлиқ вазият давом этаётганини инобатга олган ҳолда, 2021 йилда Рамазон ҳайити намозини масжиднинг очиқ ҳаводаги майдонларида (очиқ айвонлар, масжид ҳовлиси, масжидга туташ ички кўчалар) адо этиш баробарида намозхонлар тиббий ниқобда бўлиш, оралиқ масофани сақлаш, тана ҳароратини ўлчаш каби карантин тартиб-қоидаларига риоя қилиши жорий этилди. Зеро, динимиз ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказмасликка чақиради.

Шунингдек, Рамазон ҳайити муносабати билан ёши 65 дан катта ва сурункали касаллиги бор шахсларнинг саломатликларини муҳофаза қилиш мақсадида уларни байрам муносабати билан масофадан йўқлаш, жамоавий тадбирларга жалб этмаслик тав-сия этилди.

ЎЛКАМИЗДА РАМАЗОН ҲАЙИТИ

Ҳайит хурсандчилик, яхши кайфият ва эзгу, савобли ишлардан иборат! Ҳайит намозини адо этгандан сўнг, аввало, дунёга келишимизга сабабчи бўлган меҳрибон ота-оналаримиз, қариндош-уруғларимиз ҳамда ёру биродарларимизни зиёрат қиламиз. Улардан ҳол-аҳвол сўраш ва кўнгилларига хурсандчилик киритишга ҳаракат қиламиз.

Ийдул фитр байрам куни сифатида кенг нишонланади. Бу йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 май куни «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарорга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 13 май — пайшанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарори инобатга олиниб, мамлакатимизда 2021 йил 13 май Рамазон ҳайити байрами сифатида нишонланиши белгиланди.

Юртдошларимиз Рамазон ҳайитини катта хурсандлик ила қарши олмоқдалар. Ушбу байрам маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиб, унда мўмин-мусулмонларнинг сахийлик, шукроналик, меҳр-оқибат каби фазилатлари янада кенгроқ намоён бўлади.

Яратган Парвардигор бутун дунё мусулмонларига Рамазон ҳайити байрамини муборак айласин, бутун оламга тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни даргоҳида қабул қилсин, она Ватанимизни янада обод қилсин, халқимиз ҳаётини янада фаровон айласин.

Президентимизни, бутун элимизни, дунёдаги мўмин-мусулмонларни Ийдул фитр — Рамазон ҳайити байрами билан яна бир бор қутлаймиз, тинчлик-барқарорлик, қут-барака, бахт-саодат тилаймиз!

Азиз юртдошлар, Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Ўзбекистан халқаро ислом академияси фахрий доктори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 13 май, № 97 (353)

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …