Home / ЯНГИЛИКЛАР / ШУКРОНАЛИК, МЕҲР-ОҚИБАТ ВА САХОВАТ АЙЁМИ

ШУКРОНАЛИК, МЕҲР-ОҚИБАТ ВА САХОВАТ АЙЁМИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Меҳр-оқибат айёми бўлган Ийдул фитр — Рамазон ҳайити арафасида турибмиз. Мана шундай файзли кунларга етказгани учун Хақ таборака ва таолога чексиз шукроналар айтамиз. Фазилатли онларда Қодир Аллоҳдан халқлмизга қут-барака, бахту саодат ва тинчлик-офият беришини сўраб дуолар қиламиз.

Куни кеча Президентимизнинг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ушбу ҳужжатда белгиланган муҳим вазифалар ҳайит айёмининг юртимизда кўтаринки руҳда ўтишида асосий омил бўлади.

Жумладан, Рамазон ҳайитининг карантин талабларига мувофиқ, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда нишонланиши юртдошларимизда байрам кайфиятини янада оширади.

Алҳамдулиллаҳ, Рамазон ойида юртимизга Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилди. Мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида ибодатга киришдилар. Файзли оқшомларда эса ифторлик қилиб, қалб роҳати — таровеҳ намозларини адо этдилар.

1400 га яқин жоме масжидларида хатми Қуръонлар қилинди. Мўмин-мусулмонлар Ҳақ таоло Каломига сомеъ бўлдилар. Яратган Парвардигордан илтижо қилиб сўраймиз-ки, мана шундай улуғвор ишлар шарофатидан мамлакатимиздаги осойишталикни бардавом, ризқ-рўзимизни тўкин қилсин ва коронавирус хасталигини бутун дунёдан, хоссатан, юртимиздан кўтарсин.

Меҳр-мурувват ойи — Рамазонда халқимизнинг ҳиммати баланд, шижоати юксак бўлди, ота-оналар, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, кексалар, устозлар, беморлар ва муҳтожларнинг кўнгли олинди. Аллоҳ таоло фарз қилган закотлар адо этилди, фитр садақаси ҳамда фидялар берилди.

Аллоҳ таоло қутлуғ ойда халқимиз ҳаётида муҳим бўлган хайрли ишларни насиб этди. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан “Меҳр-5” инсонпарварлик тадбирининг айни Рамазон ойида амалга оширилишида ҳам ўзига хос улкан маъно бор.

Маълумки, ушбу ойда яхшилик, кечиримлилик, ўзгаларга меҳр-оқибат кўрсатиш, адоватни унутиш каби инсоний фазилатлар янада кўпроқ намоён бўлади. Можароли ҳудудларда оғир аҳволга тушиб қолган юртдошларимиз давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида юртимизга олиб келиниши халқимизга хос кечиримлиликнинг олий намунаси бўлди. Шубҳасиз, кимларнингдир алдовига, сохта чақириғига учиб, азиз юртини ташлаб кетганларнинг оғир ҳаёти барчамизга ибрат бўлиши керак.

Муборак Рамазон ойида Президентимизнинг қўшни Туркманистон давлатига ташриф буюриши икки биродар халқ ўртасидаги маънавий ва диний яқинликни, дўстликни яна бир бор тасдиқлади. Ёзилган ифтор дастурхонида икки мамлакат раҳбарлари ва уламоларининг иштирок этгани сафар мазмунини янада зийнатлади.

Яна бир улуғ воқелик, буюк ватандошимиз Имом Бухорий ҳазратларининг Самарқанд вилоятида жойлашган мажмуаларини ислом оламидаги мақомига муносиб тарзда қайтадан бунёд этишга тамал тоши қўйилди. Бу муҳташам мажмуада тўрт минорали йирик жоме масжиди, баланд айвон ва гўзал хиёбонлар бунёд этиш ишлари айни шу баракотли ойда бошланди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Мир Араб олий мадрасаси ва Ҳадис илми мактаби фаолияти йўлга кўйилгани динимиз ривожида, мамлакатимизда учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай хайрли ишларнинг самараси ўлароқ, заминимиздан яна бухорийлар, термизийлар, насафийлар ва нақшбандийлар етишиб чиқажак, Инша Аллоҳ.

Рамазон ҳайити Ислом динининг учинчи рукни бўлмиш рўза ибодатининг адо этилиши муносабати билан нишонланадиган қувончли воқеадир.

Ийдул фитрни дунё мусулмонлари қатори юртимиз аҳли ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик ила ўтказади. Ушбу кун Яратган эгамнинг раҳмати Ер юзига ёғиладиган, қалблар завқланадиган ажойиб фурсатдир.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор, бу — Ийд куни бизнинг байрамимиздир”, деб марҳамат қилганлар.

Улуғ алломаларимиз “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, деганлар. Ҳайит кунларида хурсандчилигимизни, ўзаро меҳр-оқибатни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ намоён қилишимиз лозим. Ўз навбатида, улуғ байрам кайфияти таъсир этадиган хурофий одатлар ва исрофгарчиликлардан сақланишимиз керак.

Зеро, ҳар бир мўмин-мусулмон учун Роббининг ибодатини адо этиш чинакам буюк бахту саодатдир. Шунинг учун бу байрам имон ҳаловати, ибодат ва дуо-истиғфор байрамидир. Бу байрамда мусулмонлар жоме масжидларга тўпланиб, Ийд намозини жамоат билан ўқийдилар. Сўнг дуолар қилиб, ўтганларнинг руҳини шод этади, эл-юртга, Ватанга, бутун дунёга осудалик тилаб, илтижолар қиладилар.

Аллоҳ таборака ва таоло коронавирус касаллигига чалинган беморларга шифои комил ато этсин. Барчамизни карантин қоидаларига риоя қилиб, соғ-саломат ҳаёт кечиришимизни Ўзи насиб айласин.

Яратган Парвардигор бутун дунё мусулмонларига Рамазон ҳайити байрамини муборак айласин, бутун оламга тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни даргоҳида қабул қилсин, она Ватанимизни, халқимиз ҳаётини янада фаровон айласин.

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистан мусулмонлари идораси раиси, муфтий.
Манба: “Халқ сўзи” газетаси
2021 йил 12 май, № 100 (7880)

Check Also

«ЎРТА ОСИЁ ҚЎЛЁЗМАЛАРИ КОДИКОЛОГИЯСИ ЭЛEМEНТЛАРИ»

1-2 май, 2024 йил соат 10:00 да Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро …