Home / МАҚОЛАЛАР / Илм йўлидаги сафарларнинг фазилати

Илм йўлидаги сафарларнинг фазилати

Ўз юртидаги уламоларнинг илмларини ўзлаштирмасдан, диний илмларни ташқаридан олишни истаган киши ўзи билмаган ҳолда диний илмлар билан бир қаторда ўша халқларнинг урф-одатли ва дунёқарашини ҳам ўзига сингдиради.

Аллоҳ таоло илмли бандаларининг даражасини ва олимларнинг фазилати ҳақида “…Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” дейди. Инсон ҳаётида илм нечоғли катта ўрин тутиши мазкур оятдан ҳам аёнлашади. Чунки ҳар қандай халқнинг салоҳияти, куч-қудрати ва келажаги унинг илмга эътибори ва илмий тараққиёт даражаси билан белгиланади.

Шу сабабли Аллоҳ таоло каломи шарифида “Мўминлар ёппасига (жангга, дунё ишларига) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!” деб, мусулмонларнинг ҳаммаси душман билан, Ватан ҳимояси ва ундан бошқа дунё ташвишлари билан машғул бўлиб қолмасдан, илмга салоҳияти мавжуд бўлган бир жамоаси жамиятнинг дунё ва охирати учун манфаат кетирадиган илм билан машғул бўлиши кераклигини таъкидлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда “Бешикдан қабргача илм изланг”, “Илм олиш ҳар бир эркагу аёл мусулмонга фарздир”, деб илм сари интилишга буюрадилар.

Илмни имкон қадар мукаммал даражада олиш воситаларидан бири илм талабида сафар қилишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ҳақда “Илм агар Хитойда бўлса ҳам уни қидириб боринг!” дедилар. Чунки толиби илм бундай сафар жараёнида турли инсонлар ва турли фикрлар билан танишади. Эътибор қаратиладиган бир жиҳат ҳадис матнида Хитойга урғу берилганидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида Хитой ислом дунёсидан энг узоқда жойлашган макон бўлиб, у жойларга ислом дини етиб бормаган, аммо дунёвий билимлар соҳасида етакчи давлат эди. Демак, мусулмон киши динига, эътиқодига оид бўлмаган дунёвий илмларни ўзлаштириш учун бошқа юртларга сафар қилиши лозим. Чунки дунё халқлари илмий жиҳатдан ўзаро фарқланиб, доим ўзгариш ва ривожланишда бўлади.

Аммо толиби илм диний билимини ошириш мақсадида сафар қилмоқчи бўлса, ундан олдин дин соҳасидаги илмларни ўз ватанида пухта эгаллаб, ўз юртидаги уламоларнинг илмларини, мазҳаб ва ақидага боғлиқ ихтилофий масалаларни ўзлаштириб олиши зарур. Чунки у бориб ўрганмоқчи бўлган манзилларда, хоҳлайдими-йўқми, ислом динига боғлиқ илмлар ўша ердаги халқларнинг дунёқараши ва урф-одатлари билан аралашиб кетган. Ўз юртидаги уламоларнинг илмларини ўзлаштирмасдан диний илмларни ташқаридан олишни истаган киши ўзи билмаган ҳолда диний илмлар билан бир қаторда ўша халқларнинг урф-одатли ва дунёқарашини ҳам ўзига сингдиради. Бу эса юртига қайтгандан сўнг маҳалладошлари ва атрофидаги одамлар билан ўртада турли тушунмовчиликлар ва зиддиятларни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли Ҳофиз Ибн Салоҳ: “Толиби илм ўз юртида муҳим ва олий илмларни олганидан кейин сафар қилсин”, дейди.

Тарихий манбаларга қарайдиган бўлсак, диний илм олиш учун сафарга чиққан уламоларнинг аксари беш-ўн йил муддат ўз юртлда таҳсил олган. Шу сабабли бу заминдан барча соҳаларда, шу жумладан диний билимлар бўйича ҳам дунёга пешво олимлар етишиб чиққан.

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
Манба: yuz.uz

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …