Home / МАҚОЛАЛАР / Оилада аёлнинг ўрни

Оилада аёлнинг ўрни

Оила барчамиз учун мўътабар маскан. Қиёслаш жоиз бўлса, оила бу Она Ватаннинг кичик тимсоли. Агар у тинч ва обод бўлса, уни маскан тутганлар осуда ҳаёт кечиради. Аллоҳ сақласин агар бунинг акси бўлса, уни маскан тутган инсонлар ҳаётидан маъно ва мазмун кетади.

Аллоҳ таоло инсон зотини мукаррам қилиб яратди. Улар ўзаро борди-келди қилишлари ва инсоний муносабатларни ўрнатишлари учун турли элат ва халқларга ажратди. Инсоният насли покиза давом этиши учун никоҳни жорий қилди. Оила деган жамиятда эрни бошлиқ ва аёлни унга ёрдамчи қилди. Уларнинг ҳар бирига ўзига хос ва мос вазифа ҳамда масъулият юклади.

Аёлга, инсоният силсиласини давом эттириши учун оналик бахтини берди. Шу билан бирга аёл, эркак учун умр йўлдош, осойишталик тимсоли ҳамда хонадони посбонига айланди. Аллоҳ таоло бу ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-аломатлар бордир”.[1]

Кишининг оиласи, аёли ва фарзандларига бўлган муҳаббати, бу ҳаёт қийинчиликларини енгиб, мақсади сари олға боришга ундайди. Шу билан бир қаторда эркак ва аёл ўрталарида меҳр-муҳаббат бўлмаганида, инсоният насли аллақачон тугаб битган бўларди. Дарҳақиқат бу, Аллоҳ таолонинг буюк аломатларидандир.

Инсоният тарихига назар солинса, аёлларга нисбатан яхши муносабатда бўлинмаганига ишонч ҳосил қилишимиз мумкин. Аёл зоти дунёнинг кўплаб ерларида хўрланган, камситилган, уларга ҳеч қандай моддий ва маънавий ҳуқуқлар берилмаган.

Ислом дини келгач аёлнинг шарафи, иффати, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаб берди. Ўша даврларда ўзларини бошқалардан устун эканини даъво қилган халқлар аёлни буюм сифатида олди берди қилиб юрган бир даврда, бу илоҳий таълимот аёлни олий мартабага кўтарди.

Уни оддий инсон деб чегараланиб қолмасдан, балки жаннат унинг оёқлари остида бўлган “Она”, эрини рози қилиши билан жаннати бўладиган “Рафиқа” ва уларни тарбиялаб, вояга етказган кишининг жаннатий бўлишига сабабчи “сингил ва қиз фарзанд” деган мақомларни берди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, ҳақ-ҳуқуқларини белгилаб беришда фақат ислом умматига эмас, балки бутун инсониятга ибрат бўлдилар.

Динимиз таълимотларига амал қилган мусулмонлар, бахтли оила ҳақидаги юксак намунани бутун дунёга тақдим қилишди.

Бунга қандай эришилди? Дарҳақиқат бу ҳар доим ҳам жуда муҳим ва долзарб савол бўлиб келган. Ислом дини бунга оддий ва самарали ечим топди. У ҳам бўлса, эркак ҳам, аёл ҳам ўзларига Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳақ-ҳуқуқларни поймол қилмаган ҳолда турмушда зиммаларига юклатилган бурч ва мажбуриятларини масъулият билан амалга оширишлари орқали эришилади.

Натижада бундай оилалар, асрлар давомида бахтли ҳаёт кечириб келган илғор, пешқадам ва намунали оилалардан бирига айланадилар. Ислом, эркакларга ўз аёлига яхши муомалада бўлиш, уларни хорламаслик, таом, кийим, бошпана, рўзғор ашёлари билан таъминлаш, никоҳда маҳрини бериш, илм олиши ва динини ўрганишига шароит яратиб бериши каби мажбуриятларни юклаган.

Аёлларга эрларига итоатли бўлиш, оилани саромжон саришта қилиш, эрининг топганини исроф қилмаслик, сабрли бўлиш ва фарзандларига меҳрибон бўлиб, турмуш ўртоғининг тоқатидан зиёда нарсаларга мажбур қилмаслик каби масъулиятни юклаган.

Ҳозирда оиладаги кўплаб келишмовчиликлар замирида эр-хотинларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлиши ёхуд зиммаларидаги масъулиятга бефарқликлари ётади.

Ислом эркаклар зиммасига қандай бурч ва вазифалар юклаган бўлса, аёлларга ҳам ўзларига хос бўлган вазифаларни белгилаб берган. Аммо, баъзи бир умумий нарсаларда эркаклар ҳам, аёллар ҳам тенг имкониятли ва тенг жавобгар бўладилар.

Мазкур нарсалар ҳақидаги билимга эга бўлиш, ҳар икки томон учун фойдадан холи бўлмайди. Масалан илм олиш эркак ва аёлларга баробар фарз қилингани каби, молиявий муомалаларда эркаклар қандай ҳуқуқларга эга бўлишса, аёллар ҳам худди шундай ҳуқуқларга эга саналишади.

Яхши амалларга эркак ва аёл баробар ажр-мукофотга эга бўлишганидек, гуноҳ ва жазода ҳам улар баробардирлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

“Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўради. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўради”[2].

Демак ҳоҳ эркак, ҳоҳ аёл бўлсин у Аллоҳ таолога имон келтириб, яхши ишларни амалга ошириш билан умргузаронлик қилса, уларнинг ҳар-бир қилган солиҳ амали баробарида, амалларнинг энг чиройлисига бериладиган ажр-савоб берилар экан. 

Алоҳ таоло эркакларни оила бошлиғи, унинг ҳимоячиси ва устуни қилиб яратди ва уларга шу ишларни амалга ошириш учун қобилият ато этди.

Динимизда “бошлиқ” дейилганда, аввало қўл остидаги кишилардан масъул-жавобгарлиги ва уларни авайлаб-асрашлиги тушунилади.

Имон эътиқод ва миллий қадриятлардан йироқ оилалар эса, бахтсизликка учрамоқда. Айниқса бугунлик кунда кўр-кўрона ғарбга тақлид ва “оммавий маданият” каби маданиятсизлик ботқоғига шўнғиган кишилар ҳаётида бу нарсалар яққол намоён бўлмоқда.

Мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бордир. Мўмина, солиҳа аёлларнинг эрларига итоати ўз масъулиятини тушунган ҳолдан келиб чиққан бўлмоғи лозим.

Итоат, мажбурликдан қўрқиб ёки бошқа бирор босимдан эмас, балки тушуниб, ҳаётдаги ўрни, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган гўзал инсоннинг итоати бўлиши лозим.

Бунга эришиш учун эса авваламбор икки жинс вакиллари ҳам ўзларининг бурч ва мажбуриятлари, оиладаги ўринлари нимадан иборат эканини яхши билишлари ҳамда бунга меҳр-муҳаббат ва сабр билан ёндошишлари талаб этилади.

Аёл–аввало онамиз, қолаверса, жуфти ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиз бўлиб, яна бизлар кўпинча унутиб қўядиганимиз бу, аёлнинг “нозик хилқат” эканлигидир.

Агар соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, аёл эркак каби кучли ва чидамли эмас. Биз эркак бўлганимиз боис, ўзимизга хос фикр юритамиз ва шунга кўра баъзан: “наҳотки шу ишларни бажариш шунчалар қийин бўлса?” деб хулоса берамиз ва улардан ғазабланамиз.

Аммо, Аллоҳ таоло бизларни улардан устун қилиб қўйганлигини, нафақат оила бошлиғи сифатида айтганларимизни сўзсиз амалга оширишликда, балки улардан ўтган камчиликларни кечиришликда ва улар билан келишиб умргузаронлик қилишда эканини ҳам унутмаслик керак.

Эр билан хотин орасида бўлган турмушда келишув бўлмаса, ҳар иккиси учун ҳасрат-надомат ва зўр машаққат бўлади. Бунинг натижасида турмуш бузилади ва хонадон аъзолари орасида бир-бирига душманлик пайдо бўлади. Уларнинг турмуши фаровон ва оилалари бахтли бўлиши учун динимизнинг “бахтли оила” ҳақидаги кўрсатмаларига амал қилишлари лозим бўлади.

Тажрибаларга кўра, аёлларнинг гўзал хулқли бўлганлари сабабли эрлари ҳам гўзал хулқли бўладилар ёки эрларнинг гўзал хулқли бўлганлари сабабли аёллари ҳам гўзал хулқли бўладилар. Аллоҳ асрасин, агар бунинг акси бўлса, бундай оила таназзулга юз тутиши муқаррар. Бундай бўлмаслиги учун кишидан улкан сабр ва матонат ҳамда гўзал хулқ соҳиби бўлиш талаб қилинади.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, бугунлик кунда оилавий можоралар гирдобига тобора ботиб бораётган Ғарбдан фарқли ўлароқ, минг йиллар олдин имон-эътиқодли аждодларимиз томонидан тамал тоши қўйилган, ишонч ва поклик устига барпо қилинган “Оила” деган муқаддас даргоҳда, ким бўлишимиздан қатъий назар, ҳар бир оила аъзоси, зиммамиздаги Пайғамбар алайҳиссалом томонларидан белгилаб берилган вазифаларга масъулият билан ёндашсак, келгуси авлодларга ҳам “Бахтли оила” қуришларига замин тайёрлаган бўлардик.

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг оилаларимизни, бахтли оилалардан қилсин!

 

Қутлимуратов Шермамат
Элликқала тумани “Бибимушкул Кушод” масжиди имом хатиби

 

[1] Рум сураси 21-оят.

[2]Залзала сураси  7-8 оят.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …