Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Имом Мотуридий илмий меросига оид халқаро конференцияда Ўзбекистон делигацияси иштирок этди

Имом Мотуридий илмий меросига оид халқаро конференцияда Ўзбекистон делигацияси иштирок этди

Аввал хабар берганимиздек, 2018 йил 25-28 октиябрь кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида Туркия Маданият ва Туризм вазирлиги ҳузуридаги Туркий халқлар парламенти уюшмаси томонидан “Имом Мотуридийнинг ҳидоятга чорловчи меросини ўрганиш” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Буюк мутакаллим калом йўналишининг мотуридийлик таълимоти асосчиси Имом Мотуридийнинг илмий меросига бағишланган халқаро илмий анжуманда 100 дан зиёд маъруза ва музокаралар тингланди. Туркия, АҚШ, Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Афғонистон ва бошқа давлатлардан Имом Мотуридий мероси устида тадқиқот олиб борган олимлар фан докторлари иштирок этишди. Анжуманда маъруза қилган ва музокарага чиққанлар томонидан Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан алломанинг “Китоб ат-Тавҳид” ва “Таъвилот ас-Сунна” асарларининг калом ва тафсир илмидаги ўрни ва соф ислом ақидасини англашда мотуридийлик йўналишида тасниф этилган асарларнинг илмий аҳамияти хусусида фикрлар билдирилди.

Бутун мусулмон оламининг 50 фоизига яқини мотуридийлик эътиқодида бўлган мусулмонларни ташкил этади. Бу ақидавий йўналишнинг ўрганиш бугунги кунда долзарблиги, ботил ғояларга қарши кўрашиш ва соф ақидани тарғиб этиш зарурати муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди. Ўзбекистондан нафақат, Имом Мотуридий балки алломадан кейин бу диёрдан етишиб чиққан мутакаллимлар Абу Муин Насафий, Нажмиддин Умар Насафий, Имом Паздавий, Саффор Бухорий, Алоуддин Бухорийларнинг асарлари ҳам бу йўналишдаги энг нодир асарлардан саналиши қайд этилди.

Самарқанд ҳидоят нури таралган юрт сифатида бутун мусулмонлар қалбидан жой олганлиги анжуманда сўзга чиққанлар томонидан эътироф этилди.

Мазкур анжуманда Ўзбекистондан борган вакилларимиз ҳам ўз илмий маърузалари билан иштирок этишди. Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази директори ўринбосари Ш.Умаров “Мотуридий таълимотида нақлий ва ақлий далиллар” мавзусида маъруза қилди. Имом Мотуридий меросини кенг ўрганиш ва мутакаллимлар юрти бўлган Ўзбекистонда ҳам бу борада олиб борилаётган ишлар янги бино этилган Имом Бухорий ва Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари ҳамда илмий мактаблар ҳақида маълумотлар берилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти С.Оқилов ҳам мотуридийлик таълимотини кенг тарқалишида Имом Мотуридийдан кейин етишиб чиққан мутакаллимлар Абу Муин Насафий ва бошқа мовароуннаҳрлик мутакаллимлар томонидан ёзилган калом асарлари хусусида маълумотлар берди.

Имом Мотуридий таълимотида тадқиқот олиб борган АҚШдан келган доктор Филлип Доролл, Германиялик профессор Анжелика Бродирсин, Туркиялик профессор Сўнмас Қўтлу ва бошқалар томонидан мотуридийлик таълимотидаги муҳим масалалар саналган ақл, адолат, ҳикмат ва ирода мавзулари очиб берилди.

Анжуман Туркий халқлар парламенти уюшмаси томонидан ташкил этилган бўлиб, унда Туркия ҳукумати расмий вакиллари ва Туркия диёнат ишлари вазирлиги масъуллари иштирок этди.

Мазкур анжуманга йиғилганларга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Марказнинг асосий мақсади алломалар меросини ўрганиш, Имом Бухорий, Имом Термизий каби муҳаддислар ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга қаратилганлиги анжуман иштирокчиларини қизиқтирди.

Анжуман сўнгида Турк парламентлар уюшмаси кутубхонасига Марказ илмий ходимлари томонидан тайёрланган “Самарқанд алломалари” китоби тақдим этилди.

Анжуман жуда қизиқарли ва манфаатли бўлди, айниқса соф ислом ақидасини кенг тарғиб этишда мовароуннаҳрлик алломалар асарларини кенг ўрганилаётганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …