Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Бизнинг файласуф устоз”

“Бизнинг файласуф устоз”

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси ҳамкорлигида таниқли олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Абу Райҳон Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати, фалсафа фанлари доктори, профессор Омонулла Файзуллаев таваллудининг 100 йиллигига бағишланган “Фалсафа ва фан методологияси муаммолари” мавзуида илмий-назарий семинар бўлиб ўтди.

Анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, фан-таълим, илмий тадқиқотлар, диний-маърифий йўналишларидаги хайрли ишлар, файласуф олим Омонулла Файзуллаевнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида сўз юритди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Раисининг биринчи ўринбосари А.Саидов олимнинг Ўзбекистон илм-фани тараққиётига, айниқса, фалсафа фани ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўзлар экан, Омонулла Файзуллаев тўғрисидаги хотиралари билан ўртоқлашди.

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Б.Абдуҳалимов, Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги Фалсафа илмий жамоаси раҳбари, фалсафа фанлари доктори, профессор Г.Маҳмудова, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Б.Тўраев ва бошқа фан намояндаларининг Омонулла Файзуллаевнинг фалсафа тарихи соҳасидаги тадқиқотлари, онтология ва табиат, экологиянинг фалсафий муаммолари, ривожланиш жараёнида алоқадорлик тамойиллари, меъёр категорияси, ижтимоий фалсафа ғоялари ҳақидаги маърузалари тингланди.

Анжуманда фалсафа фанлари доктори, профессор Б.Тўраевнинг Оманулла Файзуллаев таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб ёзилган “Бизнинг файласуф устоз” номли китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Бу асардан олимнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолияти, устозлари, шогирдлари ва сафдошлари ҳақидаги хотиралари, олимнинг ҳикматли сўзлари, замондошларининг олим ҳақидаги хотиралари жой олган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …