Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Имом Мотуридий илмий меросига оид халқаро конференция

Имом Мотуридий илмий меросига оид халқаро конференция

2018 йил 25 октябрь куни Туркиянинг Анқара шаҳрида Туркия Маданият ва Туризм Вазирлиги ҳузуридаги Туркий халқлар парламенти уюшмаси томонидан “Имом Мотуридийнинг ҳидоятга чорловчи меросини ўрганиш” мавзусида халқаро илмий конференция ўз ишини бошлади. Мазкур нуфузли анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Ш. Умаров ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти С. Оқиловлар иштирок этмоқда.

Туркий халқлар парламенти уюшмасининг асосий мақсади туркий ва қардош халқлар ўртасидаги ижтимоий, маданий, сиёсий,  иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш, тарихий меросни ўрганиш, халқлар ўртасида дўстлик ва қардошлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ислом динига оид маданий ва маънавий бойликларни кенг тарғиб этишга қаратилган.

Бу уюшма томонидан ўтказилаётган халқаро анжуман буюк мутакаллим Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва унинг ақидавий таълимотига бағишланган. Семинарда, асосан, Имом Мотуридий меросини ўрганиш, унинг илмий қарашлари асосида мусулмон дунёси соф эътиқодни тутганлиги ва бу таълимотни кенг тарқалиши муҳим аҳамият касб этишини тарғиб қилишлик мақсад қилинган. Конференция турк, инглиз ва араб тилларида олиб борилмоқда.

Конференцияда Имом Мотуридийнинг қуйидаги тўрт илмий назарияси ҳақида маърузалар тингланади ва муҳокама этилади:

  1. Имом Мотурудийда Метафизик Тасаввур: Адолат;
  2. Имом Мотурудийда Епистимологик Тасаввур: Ақл;
  3. Имом Мотурудийда Ахлоқий Тасаввур: Ҳикмат;
  4. Имом Мотурудийда Инсон ва Омма тасаввури: Ирода ва Еркинлик.

Конференциянинг очилишида Туркия ҳукумати вакиллари, анжуман иштирокчилари ва таклиф этилган меҳмонлар иштирок этишди. Сўзга чиққанлар Имом Мотуридий томонидан мотуридийлик йўналишига асос солинганлиги,  у кишининг ислом дини соф ақидаси йўлида қилган хизматлари, Мовароуннаҳрдан чиққан мутакаллимларнинг нодир асарлари хусусида фикрлар билдиришди. Шунингдек, маърузачилар томонидан Имом Мотуридийнинг ҳидоят имоми эканлиги, буюк имомнинг хизматлари боис, ўн икки асрки Самарқанд ҳидоят нури тарқалган юрт сифатида эътироф этилиб келинаётганлиги таъкидланди. Анжуман иши давом этмоқда, куннинг иккинчи ва учинчи кунлари 100 дан ортиқ маърузалар тингланиб, вакилларимиз ҳам ўз маърузалари билан иштирок этишади. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …