Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва муассасаларнинг олим ва талабалари иштирокида “Имом Мотуридийнинг дунё фалсафаси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзуида халқаро онлайн-семинар ташкил этилди.
Унда Буюк Британиядаги Имом Мотуридий институти ва Ибн Сино коллежи директори лавозимида фаолият юритиб келаётган асли ўзбекистонлик мотуридийшунос олим Отабек Шукуровнинг ана шу мавзудаги маърузаси тингланди.
Онлайн семинарни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов олиб борди.
Семинар давомида Отабек Шукуров Имом Абу Мансур Мотуридий илмий меросини ўрганиш бўйича узоқ йиллар давомида олиб борган тадқиқотлари билан ўртоқлашди.
Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ўтган тадбирда олим дунё кутубхоналарида сақланаётган мотуридия таълимотига оид қўлёзмаларни жамлаш ва тадқиқ этиш, унинг кўпчиликка ҳали маълум бўлмаган жиҳатларини яқин ҳамкорликда ўрганиш лозимлиги ҳақида сўз юритди.
– Имом Мотуридий ўз асарларини ёзиш давомида ахлоқ масалаларига алоҳида эътибор қаратган, унинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари тафсир илми ривожида беқиёс аҳамиятга эга, унинг “Тавҳид” асари эса ақидавий муаммоларни ҳал этишда қомусий қўлланма бўлган, – деди Отабек Шукуров.
Олимнинг таъкидлашича, бугунги глобаллашув даврида аллома қаламига мансуб асарлар ёки аҳли сунна вал жамоа ақидасига тегишли бошқа манбалардан халқимизни, хусусан, ёшларни яхшироқ хабардор қилиш лозим. Бу борада тадқиқот ва тарғибот ишларини кучайтириш заруратини ислом дини ниқоби остида содир этилаётган бузғунчи ҳаракатларнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Семинарда олим тадқиқотчиларни қизиқтирган саволларга илмий далиллар билан атрофлича жавоб қайтарди.
Шунингдек, келгусида мавзу юзасидан яна илмий-семинар ва конференция ташкил этиш таклифини билдирди.