Жорий йилнинг 29 март куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов Қозоғистон мусулмонларининг диний бошқармаси ва Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти унивeрситeти томонидан “Қозоғистон – динлараро тотувлик бешиги” мавзуида ташкил этилган халқаро (онлайн/офлайн) илмий-амалий конференцияда иштирок этди.
Қозоғистон республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилган мазкур конференцияда, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Татаристондан (Россия) соҳага алоқадор илмий доиралар вакиллари иштирок этди.
Конференцияда дунёдаги глобал диний тенденциялар, диний ва миллий бирлик ўртасидаги муносабатлар, Қозоғистоннинг дин соҳасидаги давлат сиёсати, унинг ижтимоий барқарорликка қўшган ҳиссаси каби масалалар иштирокчилар томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Анжуманда иштирок этган мамлакатларнинг бу борадаги тажрибалари билан ўртоқлашилди.
Хусусан, Ўзбекистон томонидан иштирок этган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш. Зиёдов юртимизда сўнгги йилларда диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар, янгидан бунёд этилаётган тадқиқот муассасалари тўғрисида атрофлича маълумот, динлараро тотувликни сақлашда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг роли қандай бўлиши ҳақида сўз юритди.