Home / МАҚОЛАЛАР / Барча неъматлар инсон учун яратилган

Барча неъматлар инсон учун яратилган

Инсон мураккаб мавжудот, Аллоҳнинг мўъжизаси, ҳаёт гулидир. Инсоннинг буюклиги, афзаллиги ақл-идрок ва тафаккурга эга бўлганлигидадир. Ақл-идрок соҳиби бўлганлиги учун у илму заковати, даҳоси, салоҳияти билан дунёни бошқаради. Инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи барча даврларнинг, жумладан, ҳозирги замоннинг ҳам энг долзарб масалаларидан биридир.

Навоий ҳазратлари ўзининг “Вақфия” асарида “Бутун осмон ва осмондаги жами нарсалар, бутун ер юзи ва ер юзидаги жами нарсалар, ҳамма денгизлар ва унда мавжуд бўлган ҳамма нарсалар, ҳамма мамлакатлар ва уларда бор жами неъматлар – бари, энг яхши нарсалар инсон учун, унинг бахт-саодати учун яратилган, буларнинг жами инсонга хизмат қилмоғи керак”, – деб ёзган. У зот бу сўзларни Аллоҳ таолонинг

 ﴿ وَسَخَّرَ لَكُمْ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا مِنْهُ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ 

“У ўз томонидан сизларга осмонлардаги ва Ердаги барча нарсаларни бўйин сундирди. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир”[1] оятидан илҳомланиб айтган бўлсалар, ажабмас.

Юртимиз истиқлолни қўлга киритган кундан бошлаб инсон ҳуқуқлари ва эркинлиги масаласига биринчи даражали эътибор берила бошланди. Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” йили деб эълон қилинди. Бу инсоннинг эркинлиги ва ҳақ-ҳуқуқларини устувор ўринга чиқарди, унга муносиб ҳаёт шароитлари яратиб беришда муҳим қадам бўлди.

Президентимиз томонидан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” йилида давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш, ҳар бир туман ва шаҳарда “Халқ қабулхоналари”ни ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш, ҳар бир ҳудуддаги вазиятни, аввало, фармон ва қарорлар ижросини, уларнинг самарадорлигини доимий равишда ўрганиб, бу борада давлат органлари масъулиятини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқадиган тизимни шакллантириш каби устувор вазифалар белгилаб олиниб, бу борада 2017 йил феврал ойида “2017-2021-йиллар Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси” ишлаб чиқилди. Ушбу стратегияда давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича энг долзарб вазифалар аниқ белгилаб берилди.

Бу мақсадларга инсонпарвар давлат қуриш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, иқтисодий қудратни юксалтириш, халқни ҳаётдан рози қилиш, унинг янада фаравон яшаши учун барча шарт-шароитларни яратиш орқали эришилади. Халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш бу йўлдаги асосий вазифалардир. Президентимиз айтганларидек, “Одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш – аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади”.

Бугун Ватанимизнинг ҳар гўшаси босқичма-босқич, дастур асосида обод қишлоқларимиз кундан-кун гўзаллашиб бораётгани, айниқса, аҳоли учун намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар, халқ хизмати учун қилинаётган бирча ишлар юртимизда инсон манфаатлари барча нарсадан устун эканини кўрсатмоқда.

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, динимизга, аждодларимиз қолдириб кетган бебаҳо меросга катта эътибор берилмоқда, диний бағрикенглик таъминланди, янги масжидлар, тадқиқот марказлари очилмоқда, йилдан-йилга ҳаж ва умра зиёратларига борувчилар сони ошиб бормоқда.

Буларнинг бари, аввало, Аллоҳнинг юртимизга, халқимизга кўрсатган марҳамати, фазли, сўнгра давлатимиз сайъ-ҳаракати биландир.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари
Ҳасан Расулов

[1] Жосия сураси, 13-оят.

Check Also

ПАЙҒАМБАРЛИКНИНГ ХАЛҚ УЧУН АҲАМИЯТИ ҲАҚИДА КУМУШХОНАВИЙ ҒОЯЛАРИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022  йилга “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб ном берди …