Home / МАҚОЛАЛАР / Ижтимоий-ахлоқий тарбияда ҳадисларнинг аҳамияти

Ижтимоий-ахлоқий тарбияда ҳадисларнинг аҳамияти

Оқил инсон ҳаёти давомида солиҳ кишиларнинг фазилатли жиҳатларидан ўрнак олиб яшайди. Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз с.а.в.нинг муборак сўзлари, узотнинг турмуш тарзлари, ҳаётлари, у кишининг одоб-ахлоқлари ва барча яхши сифатлари ҳар бир оқил кишига ва барчамизга умримиз учун дастурул амал қилиб олса арзигулик буюк бир намуна мактабидир. Бу умматнинг камолоти учун у зотнинг оғизларидан чиққан сўз-ҳадислари, ҳаёт тарзи тўғрисидаги маълумотлар ҳақида муҳаддис алломаларимиз томонидан том-том китоблар битилди. 

Ислом динида Қуръондан кейинги мўътабар манба саналган Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифларида ота-онага ҳурмат, Ватанга садоқат, меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат, эҳсон, сабр-тоқат, камтарлик, вафо-садоқат, поклик, атрофидагилар билан  хушмуомала бўлиш, бутун борлиқ – табиатга меҳр-шафқатли бўлиш каби инсонга хос ахлоқий фазилатлар тарғиб қилинган. Шунингдек, ҳадисларда ахлоқий масалалар билан бир қаторда ижтимоий масалалар ва уларнинг ечимлари баён қилинган муборак ҳадислар ҳам ўз ўрнини топган. Шулардан: ғийбат, чақимчилик, гап ташиш, ҳасад, аразлашиш каби салбий иллатлар ва  савдо-сотиқ, закот, етимлар, қариндошлар, инсоннинг ижтимоий камол топиши, ёши улуғларни ҳурматлаш каби ўзаро муамолотлар ечими баён қилинган.

Шу сабабдан ҳам Марказий Осиё халқлари Қуръон ва ҳадисларга маънавий баркамол инсонни тарбияловчи муҳим манбалар сифатида қараб, оила, мадраса ва дорилфунунларда уларни ўқиб-ўрганиш ва ёд олишга этибор бериб келинган.

Ҳадислар мусулмонларнинг қимматли маънавий қадрияти ҳисобланиб, улар асрлар давомида ёшларнинг онгини маънавий жиҳатдан такомиллаштиришда, ота-оналарнинг тарбия усулида, масжид, мадраса ва мактабларда таянч қўлланма сифатида хизмат қилиб келган. Ҳадисларни ўз ҳаётига татбиқ этиш орқали ҳар бир мусулмон кишида шахсий (ота-она, оила, қариндош уруғ, фарзанд олдидаги масъулият) бурчи ва ижтимоий (халқи, жамоаси олдидаги жавобгарлик ҳисси, Ватаннинг гуллаб яшнашида, халқ манфаатлари учун ҳалол меҳнат қилиш) бурчларининг мутаносиблиги асосида шаклланган маънавий-маданиятининг юксак намунасини кўриш мумкин.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳадислар нафақат мусулмонларнинг ахлоқи ва маънавиятини юксалтиришда Қуръони каримдан кейин турадиган асосий манба ҳисобланади ҳатто, Қуръондан баъзи кўплаб оятлар маъноларини аниқлаштиришда, оятларда келтирилган воқеа – ҳодисаларни тушунтиришда шарҳ – тафсир вазифасини ҳам ўтаган.

“Ҳадис илмининг султони” мақомини олган буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг ислом маданияти тарихида улкан ишни амалга оширди. Унинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китоби мусулмон дунёсида ниҳоятда қимматли манба ҳисобланади. “Буюк мутафаккир ва алломаларимизнинг ислом маданиятини равнақ топтиришга қўшган бетакрор ҳиссаси тоғрисида сўз юритганда, энг аввало, ҳақли равишда мусулмон оламида ”муҳаддислар султони” дея улкан шуҳрат қозонган Имом Бухорий бобомизнинг муборак номларини ҳурмат эҳтиром билан тилга оламиз. Бу мутабар зот меросининг гултожи бўлмиш энг ишончли ҳадислар тўплами – “Ал жомеъ ас-саҳиҳ” китоби ислом динида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба бўлиб, аҳли ислом эътиқодига кўра, у башарият томондан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланади. Мана ўн икки асрдирки, бу китоб миллионлаб инсонлар қалбини иймон нури билан мунаввар этиб, ҳақ ва диёнат йўлига чорлаб келмоқда”.[1]

Имом Бухорий ривоят килган ҳадисда  Расулуллоҳ  с.а.в. бундай деганлар: “Иймон дарахт янғлиқ олтмишдан ортиқ шохга эгадир. Аллоҳ ва бандаларидан уялиб гуноҳ қилмасилик ўша шохлардан биттасидир”[2]. Демак, инсонда мужассам бўлган инсоний фазилатлар ва у томонидан амалга оширалаётган хайрли ва савобли ишларнинг аксари имон билан боғлиқ экан. Ушбу фазилатларнинг энг аълоларидан бири ундаги ҳаё сифати алоҳида аҳамиятга моликдир. Чунки, инсонни бошқа махлуқотлардан ажратиб турувчи энг олий сифат ундаги шарм-ҳаёдир.

Шунингдек, саҳобаи киромлардан ҳам Ватан туйғуси ҳақида ибратли фикрлар ривоят қилинган. Жумладан ҳазрати Умар “Ватанни севиш бўлмаганда ёмон юртлар (яшашга ноқулай) хароб бўлур эди”, Ҳазрати Алидан эса “Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлади”, каби ҳикматлар етиб келган. Юқоридаги келтирилган оят-ҳадисларни Ислом динида шаръий-нақлий далиллар дейилади. Тор маҳаллийчилик, ёки миллатчиликни, ақлга ҳам нақлга ҳам мувофиқ келадиган ватанпарварлик билан чалкаштириб юбориб, иккинчисини исломга зид деб даъво қилиш жаҳолатдан дарак беради. Юқоридаги оят-ҳадислар эса ватанпарварлик, ватан ҳисси исломга бегона тушунчалар эмаслигини кўрсатади.

Шу ўринда “Ҳуббу-л-ватани мина-л-иймон” (Ватанни севиш – иймондандир) ибораси ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни ўринли деб билдик. Бу ибора (ёки шартли равишда ҳадис) ҳақида Ибн Ҳажар ва Муборакфурий каби ҳадис алломалари “келиб чиқиши номаълум, лекин маъноси дуруст” дейдилар. Яъни “ҳадис” номини кўтариши учун керакли талабларга жавоб бермаса-да унинг маъно-мазмуни шариат мезонига зид эмаслигини айтадилар.

Ҳадисларда улуғланувчи инсоний фазилатлар билан бир қаторда, инсонларга таъқиқланган ва исломда қораланувчи иллатлар ҳақида ҳам гапирилади. Шундай ҳадислардан бири  “Расулуллоҳ с.а.в.: “Бадгумон бўлманглар, тирноқ остидан кир қидирманглар, гап пойламанглар, бир-бирингизга ҳасад қилманглар, бир-бирингиздан аразламанглар ва нафратланманглар. Ака-ука тутиниб, Оллоҳнинг солиҳ бандалари бўлинглар! Мусулмон одам ўз биродари билан диндоши билан уч кундан ортиқ аразлашмасин!” – дейдилар”[3].

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в. жамиятни бадбахтликка элтувчи иллатлар; бадгумонлик, бировни айбини қидириш, гап пойлаш, гап ташиш, ҳасад, араз ва нафратдан сақланишга ҳамда ўзаро биродар, ака-ука бўлиб умргузаронлик қилишга буюрдилар. Агар, инсон зоти Пайғамбаримизнинг ушбу кўрсатмаларига амал қилиб яшаса, ер юзида  ундай жамиятдан гўзал жамият бўлмайди.

Маълумки, Исломда мунофиқлик, яъни ичи бошқа усти бошқаликдан қаттиқ қораланган. Мадинада мунофиқлар бир у тарафга бир бу тарафга ўтиб,  Расулуллоҳ ва мусулмонларга қаттиқ зарар етказишган.  Тилда иймон келтириб дилларида куфр ва адоватни сақлаган ҳолда мусулмонларга муомала қилганлар. Хозирги вақтда ўзбек халқи учун Ватан мустақиллиги ва унга дахлдор неъматларга садоқат  Расулуллоҳ даврларидаги ислом неъматларига садоқат каби ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Расулуллоҳ замонларида мунофиқлар кофирлардан кўра муаммолироқ бўлишган бўлса, ундан кейинги ҳамма даврларда саботсиз, бебурд, лоқайд одамлар билан муомала қилиш жамият учун турли қийинчиликлар ва муаммолар туғдирган. Шунинг учун Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ҳадиси шарифларида Ватанга, дин-диёнатга садоқат нималигини билмаган мунофиқ кимсалар қаттиқ қораланади. Мунофиклик холислик ва самимийлик пардаси билан пардаланганлиги ҳамда уни очиқ кўриш имконияти бўлмаганлиги учун Расулуллоҳ бир ҳадиси шарифларида унинг белгиларини, далолат ва аломатларидан муҳимларини зикр килиб ўтдилар: “Мунофиқнинг аломати учта: сўзласа, ёлғон сўзлайди, ваъда берса ваъдасига вафо қилмайди, омонат берилса унга хиёнат қилади.” [4]

 Бироз фикр юритсак маълум бўладики юкоридаги уч иллат қасддан содир этилса, кишининг ўша ҳолатда ичи бошқа таши бошқа бўлганлигини билдиради. Агар бу икки-уч бор қайтарилса демак, бу иллатлар ўша одамнинг феъл-атворига айланиб бўлганлигини кўрсатади. Мунофиқлик иллати Расулуллоҳ даврларидаги айнан мунофиқларнинг белгиси сифатида тушунишни келтириб чиқарди. “Дейлик фалон иш мушрикларнинг иши” дейилса, у ишдан қанчалар хазар қилсак,  юкоридаги иллатларни содир этиб мунофиқ бўлиб колишдан ёки мунофиққа ўхшаб қолишдан шунчалар сақланишимиз керак .

Қуръони каримда: “Мунофиқлар дўзахнинг энг тубида, энг қаърида бўладилар” дейилганига қараганда мунофиқликнинг жазоси мушрик бўлишдан хам оғиррок. Шунинг учун тафсирларда дўзахнинг табақалари ҳакида гапирилганда унинг энг тубида, яъни азоби энг оғир қисмида мунофиқлар бўлишини айтганлар. Юқорида келтирилган холислик тушунчаси орқали ёшларимизни барча муносабатларда айникса миллат ва мамлакатга бўлган муносабатларида садоқатли, холис ва содиқ бўлишга даъват этиш мумкин. Маълумки ҳар қандай улуғ ғояни амалга ошириш учун одамлар тарафидан ўша ғояга ишонч, садоқат, холислик жуда муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Шунингдек, ёлғончилик сифати ҳам ҳадисларда қаттиқ қораланиб, “Ёлғончилар менинг умматим эмас” дейилади. Жумладан, ота-онага оқ бўлиш, қўшничилик ҳақларини бажармаслик, Ватан ҳимоясида душманга орқа ўгириш, ҳаёсизлик, ахлоқсизлик каби иллатлар қаттиқ қораланган.

Пағамбаримиз с.а.в.нинг муборак ҳадислари одоб-ахлоқ ва маърифатга асослангани учун ҳам ҳар бир шахсни ақлий, жисмоний, ахлоқий жиҳатдан камолга етказишга оид эътиқод ва имондан иборат бўлиб, фақат эзкуликка хизмат қилади. Диний қадриятларимиз олижаноб бўлиш, покиза юриш ва бир бурда луқмани ҳалол қилиб ейиш, жаҳолат ва жаҳолатпарастликка йўл қўймаслик, ўз биродарининг, қариндош-уруғларининг, миллатининг ва Ватанининг қадриятларини асрашдан иборатдир.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Қобилов Нодир

 

[1] Karmov I. A.  Yuksak ma’naviyat-yengilmas kuch. T.:Ma’naviyat, 2008. –B.38

[2] Имом Бухорий Муҳаммад ибн Исмоил. “Саҳиҳи Бухорий”, “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси”, Т.: 2008.  –Б 15.

[3] Имом Бухорий Муҳаммад ибн Исмоил. “Саҳиҳи Бухорий”, “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси”, Т.: 2008. –Б 101.

[4] Имом Бухорий Муҳаммад ибн Исмоил. “Саҳиҳи Бухорий”, “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси”, Т.: 2008. –Б 15.

Check Also

ХIХ АСР ОХИРИ ВА ХХ АСР БОШЛАРИДАГИ САМАРҚАНД МАЪРИФАТПАРВАРЛИК АДАБИЁТИ НАМОЯНДАЛАРИДАН БИРИ САБРИЙ МУФТАҚИРИЙ МЕРОСИ

Сабрий нақшбандия тариқати вориси, ХХ аср бошлари адабий жараёнига ўзига хос ҳисса қўшган, шоир, шайх …