Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони каримда Идрис алайҳиссалом қиссаси

Қуръони каримда Идрис алайҳиссалом қиссаси

Идрис алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Одам ва Шис алайҳиссаломлардан кейинги учинчиси ва Қуръон каримда зикр қилинган пайғамбарлардан Одам Атодан кейингисидир[1].

وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِدْرِيسَ  إِنَّهُ كَانَ صِدِّيقًا نَّبِيًّا

Ва китобда Идрисни эсла. Албатта, у сиддиқ ва Набий бўлган эди.  (Марям,  56 –оят).

وَرَفَعْنَاهُ مَكَانًا عَلِيًّا

Ва уни олий мақомга кўтардик. (Унинг қадрини юксак, зикрини олий қилдик. Дунёда шундай олиймақом зотлар ўтган.)(Марям,  57 –оят).

وَإِسْمَاعِيلَ وَإِدْرِيسَ وَذَا الْكِفْلِ كُلٌّ مِّنَ الصَّابِرِينَ

Ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир (Анбиё, 85- оят).

وَأَدْخَلْنَاهُمْ فِي رَحْمَتِنَا  إِنَّهُم مِّنَ الصَّالِحِينَ

Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир. (Анбиё, 86-оят).

Қуръони каримда қуйидаги пайғамбарларнинг номлари зикр қилинган: Одам, Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Айюб, Шуайб, Мусо, Ҳорун, Юнус, Довуд, Сулаймон, Илёс, ал-Ясаъ, Закариё, Яҳё, Зул-Кифл, Исо ва Муҳмаммад алайҳиссаломлар. Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули, Пайғамбарлар қанча?» деб сўрадим. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Бир юз йигирма тўрт мингта», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, улардан қанчаси Расуллар?» дедим. У зот: «Уч юз ўн учтаси, кўпчилик», дедилар (Ибн Мурдавайҳ ривоят қилган).

Қуръони каримда Идрис алайҳиссалом ҳақларида бундан бошқа маълумот йўқ. Ушбу ояти карималарда бошқа пайғамбарлар қатори Идрис алайҳиссаломнинг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда: сиддиқлиги, набийлиги, олий мақом соҳиби эканлиги, сабр қилувчи эканлиги, Аллоҳнинг раҳматига дохиллиги, солиҳлиги.

Идрис (алайҳиссалом)нинг насаблари Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари Шис алайҳиссаломга етиб боради. У кишининг оталарининг исми Ёрид, боболарининг исми Маҳлоил бўлган. У зотга Одам ва Шис алайҳиссаломлардан сўнг, учинчи бўлиб пайғамбарлик берилган.

Ибн Исҳоқ (раҳматуллоҳи алайҳ) Идрис алайҳиссалом қалам билан ёзув ёзган биринчи одамлигини таъкидлаган. Идрис алайҳиссалом Бобилда таваллуд топганлар. Аввал Шис алайҳиссаломдан илм ўрганганлар. Кейинчалик Аллоҳ таоло у зотга пайғамбарлик берган.

У зот пайғамбар бўлганларидан кейин кишиларни Одам ва Шис алайҳиссаломларнинг шариатига даъват қилганлар. У зотнинг даъватларини озчилик қабул қилиб, кўпчилик қабул қилмаган. Шу сабабли у зот ўзларига эргашганлар билан Бобилни тарк этиб, Мисрга борганлар. Мисрда турган пайтларида одамларни динга даъват қилганлар.

Баъзи китобларда Идрис алайҳиссаломдан қолган баъзи ҳикматлар келтирилади:

  • Дунёнинг яхшиси ҳасратдир. Ёмони надоматдир.
  • Бахтиёр – ўзига назар солган кишидир. Унинг Рабби ҳузуридаги шафоатчиси солиҳ амалидир.
  • Сабр иймон ила бўлса, зафар келтиради.

Идрис алайҳиссалом саксон икки йил умр кечирганлар. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари
Ҳасан Расулов

 

 [1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ислом тарихи биринчи китоб 24 бет

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …