Home / Имом Бухорий ҳадислари / Расули акрам мўъжизалари: қурғоқчиликдан – серсувликка, балодан – омонликка…

Расули акрам мўъжизалари: қурғоқчиликдан – серсувликка, балодан – омонликка…

«Саҳиҳул Бухорий»

(II) 933. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида одамларга қурғоқчилик етди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни хутба қилиб турганларида бир аъробий: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мол-ҳол ҳалок бўлди, оилалар оч қолди, биз учун Аллоҳга дуо қилинг!» деди. Шунда у зот қўлларини кўтардилар. Осмонда бир парча ҳам булут кўрмаётган эдик. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, қўлларини туширмаслариданоқ тоғдек булутлар қўзғалди. Кейин у зот минбарларидан тушмай туриб, ёмғир соқолларидан томаётганини кўрдим.

Ўша куни ҳам, эртасига ҳам, индинига ҳам, ундан кейинги куни ҳам то кейинги жумагача ёмғир ёғди.

(Бу галги жума куни) ҳалиги аъробий туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Бинолар вайрон бўлди, мол-ҳол ғарқ бўлди. Биз учун Аллоҳга дуо қилинг!» деди.  

Шунда у зот қўлларини кўтардиларда: «Аллоҳим! Атрофимизга, устимизга эмас», дедилар. Булутлардан қайси тарафдагисига қўллари билан ишора қилсалар, тарқалиб кетар эди. Мадинада ёмғир ёғмай қолди, лекин атрофдаги водийда бир ой сел оқди. Теварак-атрофдан келган киши борки, жалани гапирар эди».

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Манба: ЎзА

Check Also

АЙЁМ ФАЗИЛАТИ: Етимнинг кафили

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ва етимнинг кафили …