Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Мадриднинг Комплутенсе университети ҳудудида буюк аждодимиз Муҳаммад Хоразмий ҳайкали ўрнатилди

Мадриднинг Комплутенсе университети ҳудудида буюк аждодимиз Муҳаммад Хоразмий ҳайкали ўрнатилди

Мадриднинг Комплутенсе университети ҳудудида буюк аждодимиз Муҳаммад Хоразмий ҳайкали ўрнатилди.

МАДРИД, 19 декабрь. /«Дунё» АА /. Мадрид Комплутенсе университети ҳудудида буюк мутафаккир ва аллома Муҳаммад Хоразмий ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Испаниянинг энг йирик олий ўқув юртларидан бири бўлган Комплутенсе университети 1499 йил ташкил этилган. Бугун у мамлакат университетлари орасида биринчи ўринда туради.

Муҳаммад Хоразмий ҳайкали физика, кимё ва математика факультетлари бинолари ўртасида жойлашган боғ ҳудудида ўрнатилди.

Тадбирда университет раҳбарияти, Испания илмий жамоатчилиги вакиллари, талабалар ва ўзбекистонлик ватандошлар иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси Жаҳонгир Ғаниев ўз сўзида буюк мутафаккир ва олим, бобокалонимиз Муҳаммад Хоразмий ўзининг кашфиётлари билан дунё илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшганини таъкидлади.

Шунингдек, элчи Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, мазкур тизимнинг асоси бўлган мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар, жумладан 2030 йилгача таълим тизимининг барча бўғинларини янги поғонага олиб чиқиш бўйича концепциялар қабул қилинганини айтди.

Комплутенсе университети ректори Хоакин Гояче Гони барча замонларнинг даҳоларидан бири, буюк мутафаккир Муҳаммад Хоразмий ҳайкали университетнинг Билимлар майдонида ўрнатилгани ва бу олий таълим муассасаси учун катта шараф эканини қайд этди.

— Хоразмий ҳайкали барча талабалар учун ўрнак бўлиб хизмат қилади, шунингдек, буюк олимнинг дунё илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини эслатиб туради, — деди ректор. — Комплутенсе университети номидан Ўзбекистон раҳбариятига тақдим этилган ёдгорлик учун миннатдорлик билдираман. Икки мамлакат халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари ўзаро муносабатларни янада чуқурлаштиришнинг муҳим омилидир. Испаниянинг энг нуфузли университетида Муҳаммад Хоразмий ҳайкали очилгани Испания-Ўзбекистон алоқаларининг дўстона мазмунини яна бир бор тасдиқлади.

Ректорнинг маданият, спорт ва университетлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосари Изабель Гарсия Фернандез Муҳаммад Хоразмий ҳайкалининг очилгани бир неча йил давомида амалга оширилган ишлар самараси эканини таъкидлади.

— Санъат профессори сифатида шуни ҳам таъкидлашни истардимки, ҳайкал ўз соҳасининг ҳақиқий мутахассиси томонидан яратилган ва у университетимиз ҳудудига кўрк бағишлади, — деди у. — Буюк олим нафақат математик, балки астроном ва географ ҳам бўлган. Муҳаммад Хоразмий инсониятга бебаҳо мерос қолдирган. Шу маънода унинг илмий асарлари ҳаммамизга, бутун инсониятга тегишли мулкдир.

Муҳаммад Хоразмийнинг математика ва бутун тамаддун тараққиётидаги хизматлари алоҳида эътироф этилади. Буюк аллома исми «алгоритм» атамасида муҳрланган, шунингдек, унинг асарларидан бири – «алгебра» ҳам бизга мутафаккир ҳақида эслатиб туради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …