Home / ЯНГИЛИКЛАР / Конфессиялар ишлари кенгашида Ўзбекистоннинг бағрикенг диёр сифатида намуна экани эътироф этилди

Конфессиялар ишлари кенгашида Ўзбекистоннинг бағрикенг диёр сифатида намуна экани эътироф этилди

Сўнгги йилларда юртимизда виждон эркинлиги, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик борасида асрларга татигулик ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари кенгашининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Дин ишлари бўйича қўмитанинг Ахборот хизмати.

Тадбирда турли конфессиялар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик алоқаларини янада яхшилаш, конфессия вакиллари томонидан тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар, хусусан, Ўзбекистоннинг АҚШ Давлат Департаменти томонидан махсус кузатувдаги мамлакатлар рўйхатидан чиқарилгани кенг муҳокама қилинди. Бу каби ютуқ ва эътирофлар диний соҳада олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг ёрқин натижаси экани ҳам алоҳида таъкидланди. Ўз навбатида, Конфессия вакиллари томонидан Ўзбекистондаги диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни бутун дунёга тарғиб қилиш таклифи илгари сурилди.

Шунингдек, йиғилишда мураккаб пандемия даврида ҳам турли диний конфессия вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда фаолият олиб борганлари, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш йўлидаги муносиб фаолиятлари ҳам алоҳида қайд этилди.

Дарҳақиқат бу каби учрашувлар юртимизда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги янгилик ва ўзгаришлар борасида фикр алмашиш, диний бағрикенглик, ўзаро тушуниш, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда фаолият олиб бориш учун катта аҳамият касб этади.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбир якунида Дин ишлари бўйича қўмита томонидан барча конфессиялар вакилларига эсдалик совғалари, фахрий ёрлиқлар топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЎРТА ОСИЁ ҚЎЛЁЗМАЛАРИ КОДИКОЛОГИЯСИ ЭЛEМEНТЛАРИ»

1-2 май, 2024 йил соат 10:00 да Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро …