Home / ЯНГИЛИКЛАР / Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг собиқ ўринбосари Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори лавозимига тайинланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг собиқ ўринбосари Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори лавозимига тайинланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига асосан ташкил этилган.

Марказ Сурхондарё вилоятида жойлашган бўлиб, ўтган қисқа давр мобайнида термизий алломалар ва бошқа мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ва кенг тадқиқ этиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йил 30 ноябрь куни ZOOM видеоконференция дастури орқали Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Ахмедов раҳбарлигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, вилоят, шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари ҳамда уламолар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган.

Йиғилишда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгандан бошлаб, жорий йилнинг ноябрь ойига қадар унга раҳбарлик қилиб келган марҳум манбашунос олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов бошлаган ишларни давом эттириш, Марказ олдига қуйилган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида Марказ директори лавозимига юқори малакали ва салоҳиятли номзодни тайинлаш кун тартибидаги асосий вазифа этиб белгиланган.

Жорий йилнинг апрель ойида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари лавозимидан, Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори лавозимига ўтказилган ва шу вақтга қадар ушбу лавозимда самарали фаолият олиб бораётган Шукурилло Хурсандмуродович Умаров Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори лавозимига тайинланган.

Шундан сўнг, диний соҳа раҳбар ва ходимлари томонидан Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида якунига етиб бораётган 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, унинг фаолиятидаги ютуқ ва камчиликларга тўхталиб ўтилган.

Шунингдек, Марказ фаолиятини янада такомиллаштириш, турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тадқиқ этиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни халқимизга етказиш, ёшларимизда соғлом дунёқарашни шакллантириш, уларни кўп асрлик миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий меросимизни ўрганишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланиш борасида амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди, дейилади Қўмита матбуот хизмати хабарида.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …