Home / ЯНГИЛИКЛАР / СамДУ талабаларига “Терроризм ва экстремизмнинг ёшлар онгига салбий таъсири” мавзуида маъруза қилинди

СамДУ талабаларига “Терроризм ва экстремизмнинг ёшлар онгига салбий таъсири” мавзуида маъруза қилинди

Жорий йил 30 ноябрь куни Самарқанд давлат университетида “Терроризм ва экстремизмнинг ёшлар онгига салбий таъсири” мавзуида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходимлари, вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходими ҳамда университетнинг Кимё факультети педагог ходимлари ва талабалари иштирок этди.

Тадбирда дастлаб, маърузачилар томонидан бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, ёшларнинг билим олишлари, замонавий касб-ҳунарларни пухта ўзлаштиришлари учун яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар хусусида гапирилди. Шунингдек, “терроризм” ва “экстремизм” тушунчаси, унинг салбий оқибатлари, ёшлар онгига таъсири ҳақида сўзлаб берилди.

Йиғилишда дунёдаги барқарор тинчликни, осуда ҳаётни кўра олмайдиган, онгу-тафаккури бузғунчи ғоялар билан тўлиб тошган ғараз ниятли турли оқим ва гуруҳлар учраб тургани, улар ўзларининг қабиҳ ниятларига эришиш йўлида муқаддас ислом динини ниқоб қилиб олгани, экстремизм ва ақидапарастликни тарғиб қилишда, жамиятда норозилик кайфиятини тарқатишда ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланаётганлиги айтиб ўтилди. Айрим ҳолларда ёшларнинг билиб-билмай унинг таъсирига тушуб қолаётганлиги афсус билан тилга олинди.

Шу боис иштирокчиларга юртимиздаги барқарор тинчликни қадрига етиш, яратилган шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланиш, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардан оқилана фойдаланиш, ҳамиша огоҳ ва хушёр бўлиб яшаш лозимлиги таъкидланди.

– Юртимизда тинчлик, фаровонлик ва миллатлараро тотувлик ҳукм сурмоқда. Ушбу бебаҳо неъматнинг қадрига етиш барчамизнинг бурчимиздир. Экстремизм ва терроризмга қарши курашда барчамиз огоҳ бўлишимиз, ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз даҳлсизлигини таъминлаш фақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг иши эмас, балки бунга барчамиз бирдек масъул эканимизни унутмаслигимиз керак, – деди учрашувда сўзга чиққан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Т.Эвадуллав.

Самимий мулоқот тарзида ўтган тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …