Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / «ЎЗБЕКИСТОН – КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАГАН ЮРТ» МАВЗУИДАГИ КОНФЕРЕНЦИЯ ТАФСИЛОТЛАРИ

«ЎЗБЕКИСТОН – КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАГАН ЮРТ» МАВЗУИДАГИ КОНФЕРЕНЦИЯ ТАФСИЛОТЛАРИ

Ўзбекистон фахрийларини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорлигида “Ўзбекистон – кексаларни эъзозлаган юрт” мавзуида амалий конференция ўтказилди.

Тадбирда узоқ йиллар халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали меҳнат қилган ва бугунги кунда ҳам маҳаллаларимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда ўзларининг бой тажрибалари, панду насиҳатлари билан ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ фахрий нуронийлар ва Марказ илмий ходимлари иштирок этди.

Конференция очилиш маросимида сўзга чиққанлар сўнгги йилларда юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, халқимизни эртага эмас, бугун бахтли яшаши йўлида қилинаётган ишлар, хусусан, кўп йиллик бой тажрибага эга бўлган фахрий нуронийларга қаратилаётган эътибор хусусида гапиришди.

– Кексаларга эҳтиром, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш асрлар оша яшаб келаётган боқий қадриятларимиздан саналади. Бежизга доно халқимиз “Қариси бор уйнинг париси бор” дейишмайди. Чунки, кексалари бор хонадонда қувонч, файзу барака, хотиржамлик бўлади. Мамлакатимизда нуроний отахон ва онахонларга ҳурмат кўрсатиш, уларга ғамхўрлик қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани боис, бугун дунё халқлари Ўзбекистонга кексалари улуғланган юрт сифатида ҳам хавас билан қарамоқда.

Сўнгги йилларда айниқса, нуронийларнинг саломатлигини асраш, ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Давлатимиз раҳбарининг алоҳида қарор ва фармонлари имзолангани биз нуронийларнинг кучимизга-куч қўшди десам хато қилмаган бўламан. Юртимиздаги бугунги ислоҳотлар жараёнида бой ҳаётий тажрибага эга нуронийларимиз ҳам фаол иштирок этиб келмоқда, деди-конференцияда сўз олган, Ўзбекистон Қаҳрамони, “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Ҳасан Нормуродов.

Шундан сўнг, конференция дастуридан ўрин олган маърузалар тингланди. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев “Исломда кексалик масъулияти”, мавзуида маъруза қилди.

Тадбир доирасида меҳмонлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан танишди. Марказ директори Ш.Зиёдов ушбу илм масканининг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик, илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Марказ музей фондидан ўрин олган турли экспонатлар, деворий суратлар ва китоблар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Меҳмонларга Марказ томонидан нашр этилган китоблар жамланмаси совға қилинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …