Home / МАҚОЛАЛАР / АЛОУДДИН УСМАНДИЙНИНГ “БАЗЛУ-Н-НАЗАРИ ФИ УСУЛИ-Л-ФИҚҲ” АСАРИ – УСУЛУ-Л-ФИҚҲГА ДОИР МУҲИМ МАНБА

АЛОУДДИН УСМАНДИЙНИНГ “БАЗЛУ-Н-НАЗАРИ ФИ УСУЛИ-Л-ФИҚҲ” АСАРИ – УСУЛУ-Л-ФИҚҲГА ДОИР МУҲИМ МАНБА

Мовароуннаҳр тарихи, маданияти ва маънавиятини юксак даражага кўтаришда самарқандлик алломаларнинг ҳам ўрни беқиёс бўлган. Бу соҳада нафақат Самарқанд шаҳри балки, унга қарашли бир қанча қишлоқларидан етишиб чиққан муҳаддис, фақиҳ, мутакаллим ва дунё илм-фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшган алломаларни ҳам тилга олиб ўтишимиз мумкин. Самарқанд қишлоқларида яшаб илмий фаолият олиб борган жуда кўп алломаларнинг номлари аниқланган.

Шундай забардаст олимлардан бири – Алоуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандий Самарқандийдир.

Олимнинг тўлиқ исми – Абулфатҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид ибн Умар ибн Ҳасан ибн Ҳусайн Усмандий Самарқандий бўлиб, туғилган ва вафот этган йили ҳақида манбаларда турли маълумотлар келтирилган. Баъзи манбаларда “Аллома 408/1017 йилда Самарқандда туғилиб, 502/1109 йилда шу ерда вафот этган” – деб келтирилса, кўпчилик манбаларда “У 488/1095 йили Самарқанд қишлоқларидан бири “Усманд”да таваллуд топиб, 552/1157 йилда 64 ёшида вафот этган” – дейилади.

Аллома қатор исломий илмларда, айниқса, фиқҳ, ҳадис ва калом илми, шунингдек, турли мазҳаблар ўртасидаги ихтилофларни ўрганадиган махсус соҳа ҳисобланган илму-л-хилоф бўйича етук олим ҳисобланган. У мазкур соҳалардаги илм аҳллари орасида бўладиган баҳс ва мунозараларда ўзининг чуқур билими, беназир иқтидори ва фавқулодда салоҳияти билан ажралиб турган. Шунинг учун ҳам у илм аҳли орасида “Ал-алоу-л-олам” (“Оламнинг устуни”), “Ал-ало” (“Устун”), “Ал-алоу-с-Самарқандий”, “Алоуддин” (“Диннинг устуни”) каби юксак лақаблар билан машҳур бўлган.

Алломанинг биз ўрганаётган “Базлу-н-назари фи усули-л-фиқҳ” асари асосан араб олимлари томонидан чуқур ўрганилиб, тадқиқ ва таҳқиқ қилинган. Жумладан, мисрлик тадқиқотчи олим Муҳаммад Закий Абдулбирр мазкур асар қўлёзма нусхасининг Искандария (Миср) кутубхонасида М-0135075 рақами остида сақланаётган микрофильмини ўрганиб, 1992 йилда “Дору-т-турос” матбааси (Қоҳира)да нашр эттирган.

Тадқиқотчи ўзининг мазкур асар юзасидан олиб борган илмий изланиши натижаси ўлароқ қуйидаги маълумотларни келтириб ўтади:

“Таржимаи ҳоллар ва табақотларга оид асарларда Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандийнинг “усулул фиқҳ”га доир бир китоби борлиги ҳақида қайта-қайта гапирилади. Жумладан, Лакнавий “Ал-фавоид”да (– Б.2.), Зириклий “Ал-аълом”да (Ж.6. – Б.187.), Умар Ризо Каҳҳола “Муъжамул муаллифийн”да (Ж.10. – Б.130.) ва Бағдодий “Ҳадиятул орифийн”да (Ж.2. – Б.92.) шундай зикр қилиб ўтишган. “Ийзоҳу-л-макнун фи-з-зайли алаа кашфи-з-зунун” (“Кашфу-з-зунун” асарига ёзилган иловада келган яширин маъноларни ёритиш) да (– Б.177.) “Базлу-н-назари фи-л-усул” номи билан тилга олинади.

Биз китобнинг ўзига мурожаат қиладиган бўлсак, унинг муқаддимасида қуйидаги ибораларни кўришимиз мумкин бўлади:

“Аллоҳга Унинг Ўзи муносиб ва мустаҳиқ бўлганидек ҳамду санолар бўлсин. Унинг Расули ҳамда у зотнинг аҳли байтларига салавотлар бўлсин. Улуғ ва буюк имом, устоз, шайхул ислом, динни юксалтиргувчиси, Шарқ ва Чин ўлкасидаги уламоларнинг олими Муҳаммад ибн Абдулҳамид раҳимаҳуллоҳ деди:

Сўнгра:

Мен “Тариқату-л-хилоф”(китоби)ни ёзиб, ундаги масалалар ичига қисқартириш ва тежамкорлик йўли билан фиқҳ асосларидан эҳтиёж учун керак бўладиган миқдорини жойлаб чиқдим. Кейинчалик баъзи қадрдон дўстларим бу китобдан қониқиш ҳосил қилмаганлари учун ҳам бу борада алоҳида бир китоб ёзишимини, унда фиқҳнинг барча боблари мавжуд бўлишини, ундаги ҳар бир боб юзасидан унга ўхшаган ишларда одатга айланиб қолган услуб ёрдамида кераклича гапириб ўтишимни сўрадилар ва мен Аллоҳ таолодан ҳақиқатни топиб ёзишимга муваффақ қилиши ва хатога йўл қўйишимдан сақлашини сўраган ҳолда бу сўровга жавобан (ушбу китобни ёздим). Албатта, У зот ана ўша ишга қодирдир”.[1]

Юқорида ўтган гаплардан бизга аён бўладики, Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандийнинг “усулу-л-фиқҳ”га доир яна бир китоби бор ва бу китобнинг муқаддимасида унинг исми келмаган. Китобнинг муқовасида: “Ал-мийзон фи усули-л-фиқҳ” (“Усулу-л-фиҳқга доир мезон”) китоби шайх, буюк имом, олим, динни юксалтиргувчиси, Шарқ ва Чин уламоларининг олими Муҳаммад ибн Абдулҳамид Самарқандий –Аллоҳ қабрини мунаввар қилсин – асаридир” деган ёзув келган.[2]

Лакнавий, Бағдодий, Каҳҳола ва Зириклийлар китобнинг номини “Базлу-н-назар фи-л-усул” (“Фиқҳ асосларида назарни ишга солишлик”) деб зикр қилганлар ва биз шунисини оламиз.

Аммо ғилофнинг устида ёзилган гапларга келадиган бўлсак, нусха кўчирувчи уни қаердан олиб ёзган эканини биз билмаймиз. Эҳтимол, у бир-бири билан отдош, замондош ва ўлкадош бўлган бу икки шахснинг ўхшашлигидан таъсирлангани учун ҳам бу номни “Туҳфату-л-фуқаҳо” асарининг муаллифи бўлган Алоуддин Самарқандий қаламига мансуб “Мийзону-л-улум” китобининг номи билан чалкаштириб юборгандир. Бундай ҳолат, юқорида айтиб ўтганимиздек, таржимаи ҳоллар ёзиладиган айрим асарларда ҳам учраб туради.

Бизнинг фикримизча, мана шундай чалкаштиришларнинг энг кўзга кўринарлиси Исмоил Бағдодийнинг асаридир. Чунки у Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Самарқандий (ваф. 539 ҳ.) қаламига мансуб “Мийзону-л-усул фи натоижи-л-уқул” китобини Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандийнинг қаламига мансуб деб зикр қилади.

Олиб борилган тадқиқотимиз натижасида шу нарса аён бўлдики, алломанинг мазкур асари манбаларда икки ном билан номланган. Бири “Базлу-н-назари фи-л-усул” бўлса, иккинчиси “Ал-мийзон фи усули-л-фиқҳ”дир. Бунга юқорида зикр қилинганидек, асарнинг бир нусхасига хаттот томонидан адашиб бошқа Самарқандий алломанинг асари номини ёзиб қўйиши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ҳатто, ҳозирда ушбу асар икки хил ном билан нашр қилинган.[3]

Тадқиқотчи мазкур китобни ўрганиб қуйидаги қимматли хулосаларни келтиради:

Ушбу китобни мутолаа қилган киши қуйидагиларга эришади:

  1. Илм юзасидан юксалади.
  2. Муаллиф (Алоуддин Усмандий)нинг ҳанафийлик мазҳабининг етук фақиҳларидан бири бўлганлиги ҳақида айтилган сифатларнинг ростлигига гувоҳ бўлади.
  3. Асар Алоуддин Самарқандийнинг “Мийзону-л-усул фи натоижи-л-уқул – ал мухтасар”идан тубдан фарқ қилади. Зеро, “Мийзону-л-усул”да келтирилган услуб ихтилофли қарашларни кўрсатиб ўтади ва кўп ҳолларда муноқаша ва мунозарага киришиб кетмаган ҳолда ҳар бирининг ҳужжатини баён қилиб беради. Аммо бу китоб эса ўзида келган ҳар бир масала юзасидан тахминий баҳс ва мунозараларни зикр қилиши билан ажралиб туради. Бу эса муаллифнинг калом ва мунозара илмининг пешқадамларидан бири бўлганлиги ҳақида айтилган сифатларни таъкидлайди. Китобхон ана шу нарсани аниқ учратади.
  4. Бу асар мўътазилийлар наздидаги Абулҳусайн ибн Муҳаммад ибн Али ибн Тоййиб Басрий (ваф. 436 ҳ.) қаламига мансуб “Ал-муътамад фи усули-л-фиқҳ” ва ҳанбалийлар наздидаги Маҳфуз ибн Аҳмад ибн Ҳасан Абулхаттоб Калвазоний (ваф. 510 ҳ.) қаламига мансуб “Ат-тамҳид фи усули-л-фиқҳ” китоби сингари ҳанафийлар наздида усулул фиқҳга оид асосий манбадир. Ва биз мана шу “Базлун назар фи усулил фиқҳ” китобини таҳқиқ қилиш жараёнида юқоридаги икки асарга кўп ўринларда (50-51 бетлар) мурожаат қилганимизнинг гувоҳи бўласиз.

Китобнинг муаллифи ҳақида тўхталиб тадқиқотчи ўқувчи эътиборини қуйидаги фикрларга қаратади:

“Биз ушбу китоб айнан Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандийнинг қаламига мансубдир деб ишонч билан айта оламиз. Зеро:

  1. Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандийга тавсиф берилар экан, уни буюк мунозарачи ва калом илмининг моҳирларидан биридир дейилган. Биз ҳам, шунингдек, китобхон ҳам унинг китобини ўқиб ана шу сифатнинг яққол намоён бўлганини кўрамиз.
  2. Биз, аввал бошда, бу китобни “Туҳфатул фуқаҳо” ва “Мийзонул усул фи натоижил уқул – ал мухтасар” китобининг муаллифи Алоуддин Самарқандийнинг усулул фиқҳга оид “Мийзонул усул фи натоижил уқул – ал мабсут” китоби бўлса керак деб ўйлагандик. Биз Аллоҳнинг тавфиқи ва ёрдами билан ана шу “Мийзонул усул фи натоижил уқул – ал мухтасар” китобини биринчи марта таҳқиқ ва нашр қилишга муваффақ бўлган эдик. Аммо, диққат билан назар солганимиздан сўнг шу нарса аён бўлдики, ана шу ҳар иккала буюк имомларнинг услублари юқорида айтиб ўтганимиздек бир-биридан кескин фарқ қилади. Бу нарса бизларни ушбу китобни нашр қилишга янада шижоатлантириб юборди. Чунки, у “Мийзонул усул фи натоижил уқул – ал мухтасар” ёки “Ал мабсут”нинг такрорий суврати эмасди. Умид қиламизки, тадқиқотчилардан бирортаси ана шу иккала асарнинг ўртасини солиштириб кўрса. Тавфиқ Аллоҳдандир”.

Китобнинг нусхалари ҳақида тўхталар экан, тадқиқотчи шундай қимматли маълумотларни келтиради:

“Биз бу асарнинг фақатгина бир дона нусхасини топа олдик. У ҳам бўлса, Истанбулдаги Сулаймония кутубхонаси қошидаги Домод Иброҳим Пошшо кутубхонасида сақланаётган 485 рақамли қўлёзма асардир ва у 212 саҳифадан иборат бўлиб, унинг ичидан бир саҳифасида бир қатор жумла ҳамда нусха кўчирувчининг ибораси келган. Биз микрофильм ёрдамида ундан бир нусха олиб, кейинроқ уни катталаштиришга эришдик.

Биз ўзимиз сарф қилган узлуксиз изланишларимизга қарамай Ал-Азҳар ёки Дору-л-кутуби-л-мисрийя кутубхонасида, шунингдек, Истанбулдаги бошқа кутубхоналарда ҳам бу асарнинг бошқа бирор нусхасини топа олмадик.

Китобнинг ҳолатига келсак, умуман айтганда, бу нусха жуда ҳам яхши сақланган. Унда айрим имловий ва грамматик хатолар мавжуд бўлса, табиийки, бу нусха кўчирувчининг ишидир. Айрим жойларда иборалар ичида учрайдиган чалкашликлар ҳам худди шундай. Биз китобнинг ҳошиясида ана шуларнинг барчасига ишора бериб ўтдик.

Демак, унинг барча варақлари тугал ва бус-бутун бўлиб, нўқсонли, қурт еган ва емирилган жойлари мавжуд эмас. Мана шу қўлёзма нусханинг ичида қуйидаги иборалар ёзилган эди:

“Оламларнинг Парвардигорига ҳамду санолар, саййидимиз Муҳаммадга ва у зотнинг аҳли байтларига Унинг саловотлари бўлсинки, “Ал-мийзон фи усулил фиқҳ” китоби Салом шаҳрида – Аллоҳ уни обод ўлкалардан қилсин – икки юз олтмиш тўққизинчи йилнинг (биз шундай деб ўқидик) Рабиул охир ойи охирларида ниҳоясига етди. Уни туғилиб ўсган жойи Самарқанд бўлган Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ёзди. Аллоҳга шукрлар бўлсин!”

Ва у, китоб сўнгидаги 213-саҳифани ҳисобга олмаганда 212 саҳифадан иборат бўлиб, ёзувлари тиниқ, ҳошиясида айрим тузатишлар ва асосан ўқиб бўлмайдиган кичик ёзувлар билан кўплаб ҳошиялар бор. Биз истар эдикки, ана шу ҳошиядаги битикларни ўқий олсагу, уларни ҳам ана шу китобнинг ҳошиясига қўшиб юборсак. Зеро, уларда ҳам манфаат борлигида ҳеч бир шубҳа йўқдир.

Биз Истанбулда жойлашган “Тарих, фан ва ислом маданиятини ўрганиш маркази”га мактуб юбориб, у ерда Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандийга тегишли “Мийзонул усул” китобининг бошқа бирор нусхаси бор ёки йўқлигини суриштирганимизда унинг мудири, дўстимиз устоз профессор Акмалиддин Эҳсон Ўғлидан “Марказдаги каталоглар ва библиография мутахассиси Доктор Рамазон Шушан олиб борган изланишлар жараёнида шу нарса аниқ бўлдики, Сулаймониядаги Домод Иброҳим Пошшо кутубхонасида сақланаётган 485 рақамли қўлёзма нусхадан бошқаси Истанбулда мавжуд эмас. Бинобарин, у мана шу китобнинг ҳозирга қадар топиш мумкин бўлган ягона нусхасидир” деган жавоб хатини олдик. (Унинг бизга юборган хати 18.05.1408/06.01.1987 даги 10-88 рақам остида келган эди). Аллоҳ у кишини яхши мукофотлар билан сийласин! Ана шу хатда кўрсатиб ўтилган нусха айнан бизнинг қўлимиздаги энди нашр қилмоқчи бўлиб турган нусхадир.

Биз Худо хоҳласа, ушбу китобни қайта нашр этишимизда фойдаси тегадиган бошқа бирор нусхаси топилиб қолишидан умидвор бўлиб қоламиз.

Биз “Тариқатул хилоф байнал аиммати” номли Усмандийнинг қаламига мансуб яна бир қўлёзмани учратиб қолганимиздан кейин ушбу китобнинг ўша муаллифига мансублиги тўғри эканлигидан хотиржам бўлдик. (Ушбу қўлёзма “Дору-л-кутуби-л-илмийя”даги ҳанафий фиқҳига доир асарлар бўлимида Қ-217 рақами остида сақланмоқда). Негаки, бу икки асарнинг манҳажи ҳам, ёзилиш услуби ҳам бир хил эканлиги унинг айнан битта муаллифга тегишли эканлигини таъкидлаб турар эди.

Бундан ташқари, унда “Тариқатул хилоф байнал аиммати”га ҳам ишора бериб ўтилган жойлари бор эди. Биз, юқорида айтиб ўтганимиздек, мазкур асарни “Тариқатул хилоф фил фиқҳи байнал аимматил аслоф” номи билан олдин нашр ҳам қилганмиз”.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, алломанинг мазкур асари усулул фиқҳ бўйича ўз даврининг ноёб ва қимматли асарлардан бири бўлган. Ҳозирги кунга келиб, бу асар ҳали тўлиқ ўрганилмаганлиги боис тадқиқотчилар орасида турли ихтилофларга сабаб бўлиб, ўз тадқиқотчиларини кутмоқда.

Дарҳақиқат, Самарқандга қарашли шаҳар ва қишлоқлардан чиққан олимлар ҳаёти ва фаолиятларини тадқиқ этиш Самарқанд тарихи, ислом илмлари ва маданиятини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда, улар билан танишиб боришимиз қалбларимизда аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросига нисбатан ворислик ва ифтихор туйғуларини уйғотишдек хайрли мақсадларга хизмат қилади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Атаев М. Жиззах алломалари. – Т. Adib, 2014. -Б.85.
  2. Абдулқодир ибн Абулвафо Қураший. Ал-жавоҳиру-л-музийя фи табақоти-л-ҳанафийя. – Байрут: Муассасату-р-рисола, 1993. Т.2. -Б.74-75.
  3. Самъоний. Насабнома. Арабчадан А. Раззоқ таржимаси, 1-жилд. – Бухоро: Бухоро, 1999/ Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий. Ал-фавоиду-л-баҳийя фи табақоти-л-ҳанафийя. − Қозон: Матбаъату-л-хизона, 1903.
  4. Кафавий. Китобу-аъломи-л-ахёр. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази. №91-ашёвий рақамли қўлёзма/ Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий. Ал-фавоиду-л-баҳийя фи табақоти-л-ҳанафийя. – Қозон: Матбаату-л-хизона, 1903.
Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари
________________________________________________________________
[1] Ушбу ибора бизга Алоуддин Самарқандий ўзининг “Туҳфату-л-фуқаҳо” ва “Мийзону-л-усул” номли икки асарининг муқаддимасида айтган сўзларини эсга солади.
[2] Қуйида (57-бетда) қўлёзма нусханинг ғилофи берилган суратга ва унинг тагида жойлашган сўнгги саҳифанинг суратига (61-бетда) қаранг.
[3] Д-р Яҳё Мурод мазкур асарни таҳқиқ қилиб, “Ал-мийзону фи усули-л-фиқҳ” (432 бет) номи билан 2004 йилда Байрутнинг “Дору-л-кутуби-л-илмийя” нашриёти томонидан нашр эттирган бўлса, Шайх Аҳмад Фарид Мазидий асарни таҳқиқ қилиб, “Базлу-н-назари фи усули-л-фиқҳ” (592 бет) номи билан 2015 йилда айнан шу нашриётда нашр эттирган.

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …