Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАДИС АҲЛИ МАДРАСАСИ ЁХУД ҲИЖОЗ МУҲАДДИС ВА ФАҚИҲЛАРИ

ҲАДИС АҲЛИ МАДРАСАСИ ЁХУД ҲИЖОЗ МУҲАДДИС ВА ФАҚИҲЛАРИ

Ҳадис аҳли мадрасалари ичида Ҳижоз мадрасалари алоҳида ўрин тутади. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий фаолиятлари Макка ва Мадина билан боғлиқ бўлган. Оятларнинг нозил бўлиши ва ислом шариати мана шу ўлкада тўлиқ шаклланган.

Бу мадраса ҳадис ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилишнинг кўп аҳамиятли экани билан ажралиб туради. Зеро, Мадина шаҳри Пайғамбар алайҳиссалом ва маккалик мўминларнинг ҳижрат қилиб келган диёрлари эди. Шунингдек, Расулуллоҳдан сўнг халифалик маркази ва кибор саҳобаларнинг қароргоҳи бўлган. Шу сабаб у ерда илм ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилиш кўпайган. Чунки, саҳобаларнинг эркаклари, аёллари-ю болаларининг барчаси Расулуллоҳни кўришган ва эшитишган.

Ҳижоз аҳлининг раъй билан ҳукм қилишга мажбур бўлмаганларининг сабаби шундаки, ҳадисларнинг етарли бўлгани райъ қилиб гапиришдан қайтарган.  

Бу мадраса уламо ва устозлари сирасига Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Умар ва Оиша розияллоҳу анҳо каби саҳобаларни кўрсатиш мумкин.

Бу мадрасадан қуйидаги уламолар етишиб чиқишган: Саид ибн Мусаййиб, Урва ибн Зубайр, Абу Салама ибн Абдураҳмон ибн Авф, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Ибн Умарнинг мавлоси Нофиъ, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар ва бошқалар.

Маккада эса, Абдуллоҳ ибн Аббос ва баъзи саҳобалар ҳадис ҳамда фиқҳ илми уламолари бўлишган.

Ҳижоз аҳли мадрасасининг ўзига хос хусусиятлари қўйидагилардан иборат:

  1. Ҳукм сўрашни ва масалаларни тасаввур қилишни ёмон кўрганлари. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга асосланган ҳолда бўлган. Абу Саид Худрийдан риваоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан Қуръондан ўзгасини ёзиб олманг, кимки Қуръондан бошқасини ёзиб олса, уни ўчириб ташласин! Ҳадисни оғзаки айтаверинглар, бунинг зарари йўқ!”, дедилар” (Муслим ривояти).
  2. Ҳадисга суяниш ва турли хабарлардан ўзларини тийиш. Ҳадис аҳли мадрасасидан моликий, шофеъий, ҳанбалий ва зоҳирий мазҳаблари келиб чиққан.

Мадинада  фақиҳлар машҳур бўлди. Уларга “етти фақиҳ” деб ном берилган. Улар: Саид ибн Мусаййиб ибн Ҳазн ибн Абу Ваҳб Махзумий Қураший (13-94/634-713), Урва ибн Зубайр ибн Аввом (22-93/643-712), Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ (37-107/657-725), Хорижа ибн Зайд ибн Собит Ансорий (29-99/650-717), Абу Бакр ибн Абдураҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишом Махзумий (ваф. 94/713 й.), Уммул мўминийн Маймуна онамизнинг мавлоси Сулаймон ибн Ясор (34-107/654-725), Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд Ҳузалий (ваф. 98/716 й.). Уларнинг барчаси фиқҳ ва ҳадис илми пешволаридан бўлган. Улар ҳақида шоир бундай назм айтган:

Агар “илм борасида етти денгиз ким, уларнинг ривоятлари илмдан ташқари чиқиб кетмаган” дейилса,

Улар “Убайдуллоҳ, Урва, Қосим, Саид, Абу Бакр, Сулаймон, Хорижадир” деб айтинг[1].

Ушбу алломалар Мадинадаги тобиъийнларнинг саййидларидан бўлиб, ҳадис ва фиқҳ илмилари устозлари бўлишган. Бу даврида Ҳижозда фиқҳий мадрасалар ҳадис илмига таянган ҳолда шаклланиб ривожланган.

Кибор саҳобалар мактабини кўриб улардан таълим олган мазкур улуғ алломаларнинг динда ҳадиснинг ўрни қанчалик муҳим эканини кўрсатишган. Уларнинг ҳадис борасидаги қарашлари, ҳозирги давримизда қанча-қанча илмсиз кишиларни адаштириб келаётган, фақат Қуръонни шариат манбаи деб ҳисоблайдиган ва уни ўзларининг истакларига мос равишда таъвил қиладиган “қуръонийлар” деб аталмиш суннатни инкор этадиган тоифаларга раддия бўлади. Чунки Ислом динининг асосий манбалари Қуръони карим ва Суннат эканлиги Қуръон оятлари билан ҳам исботланган.

Ислом бизга фақат Қуръоннинг ўзи билан эмас, балки, суннат орқали, қолаверса, саҳобалару тобиъийнлар ижмоси, қиёс, истеҳсон ва урф каби манбалар асосида асрлар давомида етиб келмоқда. Шу билан бирга мазкур манбаларга таяниб, асрлар давомида ислом уламолари динимизнинг барча замон ва маконга тўлақонли жавоб бера олишини амалий равишда исботлаб келишмоқдалар.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
[1] Муҳаммад ибн Абу Бакр Заръий. Иъломул муваққиъин. –Байрут. Дорул жийл, 1973. –Б.23.

Check Also

МЕҲР КЎРСАТГАН МЕҲР КЎРАДИ

  Имом Бухорийнинг устозларидан бири Имом Муҳаммад ибн Салом Байкандийдан қуйидаги ҳадиси муборак ривоят қилинади: …