Home / АЛЛОМАЛАР / МАШРАБ ФЕНОМЕНИ: ШОИР, ВАЛИЙ ЁХУД ДЕВОНА?

МАШРАБ ФЕНОМЕНИ: ШОИР, ВАЛИЙ ЁХУД ДЕВОНА?

Мустақиллик шарофати билан улуғ валийлар қадрияти тикланиши хусусида адабиётшунос Ш.Сирожиддинов қуйидаги фикрларни келтирган:

Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда қадим миллий-диний қадриятларимизни тиклаш йўлида жуда катта ишлар қилинди. Халқимизнинг илмий-маънавий тафаккури юксалди, ҳақ ва ноҳақ таълимотларни фарқлашга ўтди. Соғлом эътиқод шакллана бошлади. Буюк бобокалонларимизнинг ибратли ҳаёти ва таълимотларини чуқур ўрганиб, ўз эътиқодини занг ва ғубордан сайқаллади. Хусусан, бугунги кунда Абу Мансур Мотуридий, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳақидаги рисолалар ҳар бир хонадоннинг азиз мулкига айланди, десак муболаға бўлмас [6: 3-4].

Машраб шеъриятида мажзублик аломатлари сезилади. Онасига бағишланган шеърида: “Жазби жунуним лашкаркашимдур,

Тарожи роҳат доим ишимдур”, деб ёзади.

“Мажзуб” дегани луғатда – тортилган, маъхуз – олинган, жазб этилган, маслуб –ажратиб олинган, волиҳ – берилган, мафтун бўлган, жазбали деган маъноларда келади. Тасаввуфда эса Ҳақ таолонинг Ўзига дўст билган, унс мақоми учун Ўзи танлаган ва поклик суви билан поклаган валийси, дўсти деган маънодадир. Мавлоно Жомий “Нафаҳот ул-унс” китобида “ўзлигидан кечиб, Ҳақ таолога эришган ва фано денгизида йўқ бўлиб, қайта ўзига келмаган киши” деган маъносини қайд этади. Яна тасаввуф луғатига кўра, ўз ҳолига мағлуб ва маҳкум бўлган сўфий мажзуб дейилади. Лекин ўз ҳолига ғолиб ва ҳоким бўлган валийларнинг даражаси улуғроқ саналади [3: 15].

Машрабнинг мажзублигида маърифат, тавҳид ва таҳқиқ сирри бор.

Бу ўз ошиқлиги ва Ҳақ таолони кўп зикр қилувчи зот эканини изҳор этувчи мажозий ифодадир. “Беҳудлик” (беҳушлик) ҳам шу маънодадир. Ироқий таърифига кўра, “девоналик” ошиқнинг ўз ишқига мағлуб бўлиб, ўзини бошқара олмай қолишидир. Девона сўзи ақл-ҳушини йўқотган мажнун деган маънода келса-да, Аллоҳни кўп зикр қилувчи баъзи зотларга нисбатан “ошиқ” деган маънода қўлланади. Жилва, яъни сулук аҳлининг, ориф зотларнинг қалбида порлаган илоҳий нурлар уларни девона қилади. Инсон ҳам, олам ҳам Ҳақ таоло нурларининг жилваланадиган мистоқидир. Аслида тўлиқ ифодаси “Девонаи Ҳақ”, яъни “Ҳақнинг ошиғи” демакдир. Чунки “Тасаввуф луғат”ига кўра, ишқ ва девоналикда зоҳир ва ботиннинг (ички олам билан ташқи оламнинг) маҳв бўлиб (йўқ бўлиб) кетиши бор. Машраб девонаи Ҳақдир [3: 17].

Машрабнинг девоналиги беҳуш девоналик эмас, балки айни “Хуш дар дам” рашҳасига мувофиқ огоҳлик ифодасидир. Аслида бу ҳам катта даъводан ўзини йироқ тутиш, ҳолни хаспўшлаш, тавозуъ кўрсатиб, гумномлик касб этишдир. Машрабнинг “девоналиги” “Ба Худо девона бош, ба Муҳаммад боадаб”, яъни: “Аллоҳга девона бўл, ҳазрати Пайғамбарга одобли бўл” деган тасаввуфий шиорга таянади [3: 17].

Бобораҳим Машраб жуда чуқур маънода сўфий қаландарлар мазҳабига мансуб шоирдир. Унинг “Мабдаи нур” асари сарлавҳасининг ўзиёқ тийран сўфиёна маънога эга, яъни у сўфиёна талқинида Аллоҳ нурининг жило бериши, дунёни, кишилар қалбини ёритиш каби маъноларга эга. Зеро, тасаввуф шеърияти энг аввало инсон қалбини илоҳий нур ва туйғулардан ажралишдан муҳофаза этадиган шеъриятдир.

Тасаввуф хулқнинг ҳусни, ақлнинг имони, ишқнинг шуъласи, руҳнинг самовий саёҳати ҳисобланади.

Тасаввуфшунос олим Нажмиддин Комилов шайх Колободийнинг “Тасаввуф сарчашмаси” китобига ёзган сўзбошини “Қимматли манба” деб атаган:

“…Халқ билан раббоний сифатда муомала қиладиган валий, мажзуб, ғойиб нарсаларни ҳам кўра оладиган, шоҳлар ҳузурига ҳам дарвешона кийимда борадиган, қабилалар ихтилофини бостирадиган, барча инсоний фазилатларни ўзида жамлаган, ҳужжат ва далиллар манбаи, қулоқлари тингловчи, диллари мусаффо, таъриф ва тавсифлари кенг тарқалмаган, сўфиёна, нуроний, софдирлар…” [7: 10].

Тасаввуфга берилган таърифдаги ҳол Бобораҳим Машраб мақомини белгилаб берганлигига шоҳид бўламиз “… ғойиб нарсаларни ҳам кўра оладиган, шоҳлар ҳузурига дарвешона кийимда борадиган…” Ҳиндистонда Абулғози, Балхда Маҳмуд Қатағонбий ҳузурида ҳам Машраб дарвеш ҳирқасида эди.

Машраб мешкобчилик қилди, мешда тоза сув ташиб, одамлардан дуо олган.

Тасаввуфда муршидга шундай изоҳ берилган. Муршид – тариқат пири, тўғри йўлга бошловчи раҳнамо. Муршиди комил эса – Ҳаққа етишган, фанофиллоҳ мартабасига юксалган вали.

Сир эса – яширин, пинҳон нарса. Тасаввуфда Аллоҳ ила қул орасидаги яширин ҳақиқат. Тил ила изҳор этилмас маъно. Руҳ – ишқ, қалб – маърифат, сир – мушоҳада манзили эрур. Сир инсон вужудидаги руҳга ўхшаш бир латифлик. Руҳ қалбдан устун бўлганидек, сир руҳдан устун маънога эга. Сирни сирга улаш – илоҳий бирликка етишмоқликни англатади.

Офоқхожа Нажмиддин Кубро айтган тасаввуфдаги тариқат муршиди бўлиб, яширин, пинҳоний сирлардан воқиф, Ҳақ-ҳақиқат-ғайб синоатларидан хабардор валий, сўфий пир эди.

Офоқхўжа Махдуми Аъзам хожаги Косонийга чеварадир. Машраб пири ва устози Офоқхожанинг катта боболари Махдуми Аъзамнинг Даҳбеддаги хилхонасини зиёрат қилиш билан устозига чексиз ҳурматини изҳор этган:

Неча бир кун Даҳбед ичра истиқомат айласак,

Хожаи Офоқни ҳам дам зиёрат айласак,

Қўл бериб, хизмат қилиб, гаҳ базми суҳбат айласак,

Рухсат олиб боз алардин роҳ азимат айласак,

Маъдани илму адолат деб Бухор истар кўнгил [2: 421].

Толибу илм ота-онасининг дуосини олиши билан бирга таълим берадиган устозининг ҳам дуосини олиб, уларнинг назарига тушиб, юксак даражаларга эришиши лозим. Зеро, ота-она фарзандини моддий томондан едириб-ичирса, устозлар уларнинг руҳониятларини тарбиялаб, одоб-ахлоқ билан зийнатлаб, ҳидоят йўлини кўрсатадилар. Шунинг учун ҳам доно халқимиз “Устоз отангдан улуғдир”, дейишган.

Машраб Офоқхожадан “Шуҳрат талабнинг кейнидан офат келур” деб Офоқхожадан хатти иршод олмаган. Яъни пири муридлик рутбасини олишни хоҳламаган, “қўл олмаган”, дарвешликни ихтиёр этиб, ҳирқа кийган:

Шуҳратим Офоқ олар деб Машрабинг қўл олмади.

Бу энди комилликнинг энг юқори нуқтаси деса бўлади. Чунки тасаввуфдаги комил инсон мақоми дарвешлик, фақирлик ва гадолик, ишқ йўлидаги талабнинг моҳияти шу ўзи.

Машраб пири комили Офоқхожанинг олдига кейинги боришларидан бирида “Кони зар, толиби заргар”, “шуълаи ахгар” бўлишни, еттинчи осмонга чиқиб Исосифат, “ташналарга соқийи кавсар бўлиш”ни ва комил инсон бўлишликни Аллоҳдан сўрайди.

Адабиётшунос Дилором Салоҳий таъкидлаганидек, Шарқ маънавий тафаккури булоқлари, адабиёти ан-ъаналарини XV асрда Алишер Навоий, XVI асрда Бобур, XVII-XVIII асрларда эса Бобораҳим Машраб давом эттирди. Тасаввуф ва ислом маънавияти тадрижий-тарихий давомийлиги Машрабнинг “Мабдаи нур”, “Кимё”, “Увайс Қараний” ва бошқа шеърий ижодиётда давом эттирилди [1: 6].

Офоқхожа нақшбандия таълимоти тариқати каби Шарқий Туркистон, Ўрта Осиё ва қўшни мамлакатлар халқлари ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий ҳаётида муҳим ўрин эгаллади.

Офоқхожани Шарқий Туркистон ва Ўрта Осиё, Шимолий Ҳиндистон, Чин, Мочин, ҳатто, Русия мусулмонлари ҳазрати валийлардан ҳисоблайди [5: 17].

Шарқий Туркистондаги тасаввуф оқими нақшбандия таълимоти қонун-қоидаларига қаттиқ амал қилган. Айниқса, унинг қуйидаги қоидаларига урғу берилган.

Офоқхожанинг мурид ва мушрифлари хондан то олим ва оддий халққача бўлган шахслар эди. У ана шулар билан биргаликда жуда кўп кишиларни ислом динига киритди, тасаввуфий йўлга эргаштириб борди.

Машрабнинг шахсияти атрофида халқ орасида кўплаб манқаба ва латифалар яратилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги “Қисса”га тўплангандир. Қисса автори китобга тўпланган барча манқаба ва латифаларни бевосита равишда Машрабнинг ўз саргузаштлари деб тасдиқ этишга ҳаракат этади [4: 109].

Чунки ҳозиржавоб, қўрқмас, журъаткор ва ҳажвий шоирнинг ҳар бир жасоратли фаолияти ҳақидаги ривоятлар омма орасида дарҳол кенг тарқалиб, унга қўшимча равишда Машраб табиат кишилар тарафидан уларга ўхшатма тарзда янгилари ҳам яратила бошлаган. Қисса тузувчи шоирнинг барҳаёт вақтидаёқ содир бўлган ва унга нисбатан берилиб тўқилган воқеалар заминида яралган ҳамма манқаба ва латифаларни тўла-тўкис қамраб ололмаган ва олиши ҳам қийин эди. Лекин ҳар ҳолда, у манқабаларнинг кўпчилик сермазмун шакллари қиссадан ўрин олган. Аммо қисса тузувчи даврдаги тарихий шароит билан ҳисоблашишга мажбур бўлган [4: 110].

“Шоир сиймосининг “Қиссаи Машраб”да ёритилиши” мавзусида айтилганидек, ундаги ривоят ва афсоналарнинг ҳаммаси шоир сиймосини яратишда зарурий асарлардан эканлигини таъкидламоқчимиз. Машраб ҳаёти ва ижоди ҳақидаги тарихий-биографик манба вазифасини бажара олмаса-да, унда хассос ижодкор дунёқарашининг кўпгина нозик қирраларини тушуниш имконини берадиган энг муҳим маълумотлар, шоир яшаган давр руҳини ўзида акс эттирувчи ҳаётий лавҳалар учраши билан унинг илмий-амалий аҳамияти қимматлидир.

Шунингдек, у оммабоп ва ҳаммабоплиги, жамият турли қатламлари томонидан тез қабул қилиниши ва эсда қолиши билан, ўқимишлилиги, назм ва наср намунаси билан омухта эканлиги, бадииятининг жозибаси, халқоналиги, миллий қадриятлар билан қоришиқлиги, асосийси, тез эсда муҳрланиб қолиши, мазмун ва моҳиятида янада чуқур мантиқ борлиги билан аҳамиятли ва муҳим асардир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Дилором Салоҳий. Навоий насрида тасаввуф. – Самарқанд, 1995.
  2. Машраб. Девон. – Т.: Янги аср авлоди, 2006.
  3. Машраб. Куллиёт. – Т.: Muharrir nashriyoti, 2017.
  4. Муҳсин Зокиров. Машраб. Адабий-танқидий очерк. – Т., 1966.
  5. Омонбек Жалилов. Офоқхожа маноқиби. – Андижон: Ҳаёт, 2001.
  6. Сирожиддинов Ш. Илм ва тахайюл сарҳадлари. – Т.: Янги аср авлоди, 2011.
  7. Шайх ал-Колободий. Тасаввуф сарчашмаси. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 2002.
Мумин ХОШИМХОНОВ,
Жиззах давлат педагогика институти фал.ф.д.

Check Also

ХОРАЗМНИНГ ИЛК РОВИЙЛАРИ

Уйғониш даври тарихини ўрганиш жараёнида шу нарсага амин бўламизки, Хоразм ўлкаси VIII асрдан мусулмон дунёсига …