Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Туркиялик олимлар: “ БМТ минбаридан ўзбек тили янграгани тузилма тарихида янги давр бошланганидан далолат”

Туркиялик олимлар: “ БМТ минбаридан ўзбек тили янграгани тузилма тарихида янги давр бошланганидан далолат”

Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси томонидан Туркиянинг “Турк тили қўмитаси” билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги ва давлат тилининг кенг тарғиботига бағишланган “Ўзбек тили ва маданияти” мавзусида онлайн анжуман ташкил қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири, тарих фанлари доктори, профессор Абдуғаффор Қирғизбоев, Ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Раҳматилла Назаров, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов, Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаев ва бошқалар иштирок этди.

Анжуманда Туркия томонидан “Турк тил қўмитаси” раҳбари Г.Гулсевин, “Отатурк маданият, тил ва тарих олий органи” раиси М.Ҳекимоғлу, “Турк тил қўмитаси” бошқарув кенгаши аъзоси, Анқарадаги Ҳожи Барам Валий номидаги университет профессори Ҳ.Ченгел ва бошқалар қатнашди.

Анжуманда Ўзбекистонда давлат тилини ривожлантириш, Ўзбекистон билан Туркия ўртасида гуманитар соҳада ҳамкорликни кенгайтириш, келгусида биргаликда янги тадбирлар ўтказиш, шунингдек, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси саммитидаги нутқида илгари сурилган ташаббуслар аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат тили ва уни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди.

Анқара университети Замонавий туркий тиллар ва адабиётлар кафедрасининг ўзбек тили фани ўқитувчиси Айнур Ўзўзжан ўз маърузасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси тарихий сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлагани нафақат 34 миллионлик Ўзбекистон халқининг балки дунёдаги миллионлаб ўзбек тили ихлосмандларини ҳам ҳаяжонга солганини таъкидлади. Олиманинг фикрича, “Бу давлат раҳбарининг Ўзбекистон халқига, давлат тилига бўлган самимий муносабати ифодаси ҳамда ўз мамлакатининг дунёдаги ўрни ва келажагига бўлган ишончидан далолатидир”.

Ўз навбатида, Анқаранинг Ҳожи Барам Валий номидаги университети профессори Ҳюля Ченгел эса давлатимиз раҳбарининг БМТ юксак минбаридан туриб ўзбек тилида чиқиш қилганини “Олқишга муносиб муҳим сиёсий одим” деб баҳолади.

Унинг фикрича “Тил – дил калити, шунинг учун ҳам БМТдаги ушбу нутқ нафақат Ўзбекистон учун, балки туркий тилни тушунадиган Туркий дунё аҳли учун қалбларга чуқур кириб борадиган хушхабар бўлди”.

Ҳ.Ченгелнинг таъкидлашича, “Алишер Навоий, Маҳмуд Кошғарий, Абдулҳамид Чўлпон ва туркий дунёнинг бошқа кўплаб ёрқин намояндалари мулоқот тили бўлган қадим чиғатой тили бугунги ўзбек тилида ўз ифодасини топган. Ўзбек тили Марказий Осиёнинг тил маданияти асоси, ҳатто қомусидир”.

Олиманинг фикрича, БМТ юксак минбаридан ўзбек тили янграгани мазкур глобал ташкилот тарихида ҳам янги давр бошланганидан далолат беради.

Тадбирда ўзбек тилини ўрганиш ва тарғиб қилишда қатор лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишиб олинди. Анжуман, “YouTube” ва “Facebook” орқали ҳам тўғридан-тўғри намойиш этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

ОКСФОРДДАГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ОИД ХАЗИНАЛАР

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзолари Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ҳақ …