Home / МАҚОЛАЛАР / ОММАВИЙ МАДАНИЯТ – ИСЛОМГА ЗИД ҲАЁТ ТАРЗИ ДЕМАКДИР

ОММАВИЙ МАДАНИЯТ – ИСЛОМГА ЗИД ҲАЁТ ТАРЗИ ДЕМАКДИР

Ер юзи ҳамда инсоният обод ва фаровонлиги учун самодан нозил қилинган Илоҳий дин Ислом, ҳақиқатан тинчлик ва эзгулик динидир. Бу диннинг икки буюк манбаси: Қуръони карим оятлари ва муборак ҳадисларни ўқиб ўрганган, улар билан танишиб чиққан ҳар қандай киши Ислом динининг эзгулик ва тинчлик дини эканига ишонч ҳосил қилиши аниқ.

Муқаддас китоб, Аллоҳнинг каломи Қуръони каримда “Батаҳқиқ, (Биз) одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик[1], бошқа оятда эса “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман[2] дейилган.

Азизу мукаррамлик мақомида, Аллоҳ таолонинг ер юзидаги халифаси ўлароқ яратилган инсониятга У Зот шу мақомга муносиб бўлишга, Аллоҳнинг ўринбосарига хос амал қилишга, яхши ва эзгу ишларни адо этиб яшашликка буюрган. Эзгуликнинг акси бўлган барча ёмонликдан қайтарган.

Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир”.[3]

Юқоридаги ояти каримага ўхшаш инсоният учун, жамият ободлиги учун солиҳ амаллар, эзгу ишларда бардавом бўлишимизга амр қилинган, шунингдек оқибати ёмон ишлардан сақланишимиз керак бўлган оятлардан яна кўплаб келтириш мумкин.

Жаноб Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам йигирма уч йиллик пайғамбарлик фаолиятлари давомида сизу биз умматларини эзгуликка, яхши ишларни амалга оширишга тарғиб қилиб ўтганлар.

Шу дин қадриятларини ўз миллати қадриятларига тенглаган халқимиз, бугунги кунда четдан кириб келаётган ўзгача маданиятни, тўғрироғи ахлоқсизликларга тўлган маданиятсизликни таъсирини кўришга мажбур бўлмоқда. Динимизнинг гўзал маънавий қадриятларга йўғрилган ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё каби тушунчалари ҳаётимизга сингиб кетган. Айниқса, ота-онага ҳурмат, аёлга эҳтиром, мардлик ва жасурлик, меҳмондўстлик сингари туйғуларимиз бутун дунё халқларини ром этиб келади. Ҳозирда ёшларимиз ҳаётимизга кириб тус олаётган “оммавий маданият” ҳам маънавий таҳдидлардан биридир.

Замонавийлик, тезкор тараққиёт билан ҳамқадам бўлиш ёшларимизнинг ҳаёт тарзига айланиб бормоқда. Албатта, бу қувонарли ҳол. Чунки бир неча тилда бемалол сўзлаша олиш, интернет оламига кириб дунё янгиликларидан хабардор бўлиш имкониятининг мавжудлиги уларнинг билими, дунёқараши кенгаяётганидан дарак беради. Аммо, турли ғоялар кураши, ахборот хуружлари, мафкуравий тазйиқлар тобора авж олаётгани ҳам сир эмас. Кичик, зарарсиз бўлиб кўринган хабар ҳам одамларнинг, айниқса ёшларнинг ҳаётини ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас. “Оммавий маданият” соясида кириб келаётган ахлоқсизлик, беҳаёлик, зўравонлик ва бузуқлик каби иллатлар дунёдаги ҳеч бир халқнинг миллий маданиятига ҳам, умумбашарий қадриятларга ҳам тўғри келмайди.

Инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб: “Икки неъмат мавжуд бўлиб, кўпчилик одамлар уни қўлдан бой берадилар. Бу – тансиҳатлик ва бўш вақтдир[4], – деганлар. Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукурлик қилиб футур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Ислом динининг оммавий маданиятга бўлган фикри, албатта ислом бутун дунёда халқларнинг аҳил бўлиб кун кечиришлари, бир само остида тинчлик, барқарорликда яшашини, қолаверса бир ота-онанинг фарзандларидек бўлишини хоҳлайди.

Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Шу боис “оммавий маданият” таҳдидига қарши туриш долзарб ишлардан бирига айланмоқда. Бугун турли йўллар билан, ҳар хил “эзгу” ниқоблар остида “оммавий маданият” мамлакатимизга ҳам таҳдид солаётгани сир эмас. Айниқса, жангари филмлар, ёшларни соатлаб ўтиришга “мажбур” қилаётган компьютер ўйинлари, ахлоқсизликка бой сериаллар, интернет оламида аёл ва эркакларга лаззатланиш тўғрисидаги маслаҳатлар, гўзал қилиб яратилган танага турли хил расмларни солиш ва шу кабилар, динимиз, шунингдек халқимиз маънавиятига тўғри келмайдиган бузуқлик кўчаси сари чорлайди.

Буларнинг барчаси шайтоннинг найрангидир. Бундан қутулиш учун ҳар бир киши ўзида куч топа олади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг. Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у фоҳиша ва мункарга буюради. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклайдир. Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир[5]. Яна: “Уларни адаштираман, хом хаёлларига соламан, уларга амр қилсам, чорваларнинг қулоқларини кесарлар ва уларга амр қилсам, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирарлар”, деди. Кимки Аллоҳни қўйиб шайтонни дўст тутса, батаҳқиқ, очиқ-ойдин зиёнга учрайдир«[6]. Яъни, Аллоҳ шайтонни лаънатлади, ўз раҳматидан қувди. Шайтон эса, қувилаётган пайтда: “Қасамки, бандаларингдан маълум насибани оламан”, деди. Мени шуларнинг сабабидан лаънатлаяпсан, мен булардан маълум миқдорни ўз йўлимга чиқариб, куфр ва исёнга чорлайман, деди. Яъни, бандаларингни тўғри йўлдан – сенинг йўлингдан адаштираман ва уларни хом хаёлларга соламан – умримиз узун бўлади, маза қилиб юрамиз, қайта тирилиш ҳам, ҳисоб-китоб ҳам, қиёмат ҳам йўқ, деб юраверадиган қилиб қўяман, дейди. Қуръон карим бундай ярамас ишларни, шайтонга бўйсуниш, деб уқтиради. Одамларнинг бегона йўлларга кириб қолишига ўзлари сабабчи экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай дейди: “…Агар адашув йўлини кўрсалар, уни ўзларига йўл тутаётганларни Ўз оятларимдан бураман. Бундай бўлиши уларнинг оятларимизни ёлғонга чиқаришлари ва улардан ғофил бўлишлари сабабидандир[7].

Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзини бошқа қавмга ўхшатган киши, уларнинг қавмидандир”, – деганлар”[8]. Пайғамбаримиз бу ҳадислари билан исломга зид бўлган қавмларнинг одатларини ўзида мужассам қилиш ниҳоятда катта гуноҳлигини, қолаверса ўзини ўхшатган қавмдан бўлиб қолиши мумкинлигини таъкидлаб, огоҳ бўлишга чақирганлар.

Халқимизга нотаниш, динимизда гуноҳ ҳисобланган иллатли маданиятсизликдан воз кечайлик. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида умумбашарий ва демократик қадриятларни чуқур ўзлаштирган ҳолда барпо этилаётган ҳуқуқий ва демократик жамият қуриш йўли бугун ўзини тўла оқламоқда. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, ҳар бир ҳалқнинг анъана ва қадриятларига эҳтиром кўрсатиш жамиятимизнинг энг муҳим тамойиллари этиб белгиланган. Бунга муносиб бўлиш ва ҳар биримиз бунда фаол иштирок этишимиз фуқаролик бурчимиздир. Буюк аждодларимиз қолдирган бой маданий ва маънавий меросни, мардлик ва жасоратни аллақандай “оммавий маданият”га алмаштиришга эса ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

Ихтиёр ҚУШШАҚОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири (Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур). – Тошкент: «Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2012. Б. (Мақоладаги барча оятлар мазмуни мазкур манбадан олинди)
[1] Исро сураси: 70- оят мазмуни.
[2] Бақара сураси: 30- оят мазмуни.
[3] Моида сураси: 2 – оят мазмуни.
[4] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ж.2., “Ўзбекистан миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. -Т.: 2008. –Б.437.
[5] Нур сураси: 21-оят мазмуни.
[6] Нисо сураси: 119-оят мазмуни.
[7] Аъроф сураси: 146-оят мазмуни.
[8] Абу Довуд. Сунани Абу Довуд. Ж.4. Дору-л-кутуби-л-арабий. Байрут. –Б.78.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …