Home / МАҚОЛАЛАР / Имом Бухорийга берилган икки фазилат

Имом Бухорийга берилган икки фазилат

Албатта, сўзнинг энг тўғриси Аллоҳ таолонинг сўзидир, ҳидоятнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятидир.

Маълумки, биз ислом умматига Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан бири, Ислом арконларини ўзида мужассам этган Қуръони каримни сақлашни Ўз зиммасига олганидир. Аллоҳ таолонинг: “Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз[1] деган сўзи фикримизни қувватлайди.

Динимизда “Суннати Набавийя” Қуръони каримдан кейинги иккинчи ваҳий деб эътибор қилинади. Буни Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шу ўринда: “Билиб қўйингларки, менга Китоб билан бирга унинг мисли ҳам берилди[2], деб айтган сўзлари тасдиқлайди. Демак, “Суннати Набавийя”ни сақлаш ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларга жорий қилган ҳукмларни авайлаб-асраш билан баробардир. Зеро, Аллоҳ таоло уни асрашни бандаларга топшириши У Зотнинг уларга қилган улуғ миннатидир. Шу сабабли Аллоҳ таоло бу масъулиятли ишни маълум бир кишиларга топширди. Бу буюк инсонлар бузғунчиларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини ўзиники қилиб олишидан ҳамда хиёнаткор ва жоҳилларнинг уни бузиб таъвил қилишидан сақладилар. Улар бу йўлда саҳиҳ ҳадисларни тўплаш мақсадида бир қанча машаққатли йўлни босиб ўтдилар.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўзгаришдан ва ҳалокатдан сақлашни топширган ўша кишилардан бири, ҳадис илмида мўминларнинг амири ҳисобланган Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ҳазратларидир. Зеро, Имом Бухорий молининг энг сарасини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тўплаш йўлида сарф қилдилар. У кишининг сермаҳсул ижодлари натижасида бу олам ўзида жуда нафис дурдоналарни жамлаган “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” (Ишонарли тўплам) деган китобга гувоҳ бўлди.

Аллоҳ таоло Имом Бухорийга бир вақтнинг ўзида иккита фазилатни жамлаб, у кишини улуғлаб қўйди. Биринчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ривоят қилиб, уни келажак авлодга етказиш фазилати. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Биздан бирон бир нарсани эшитиб сўнг уни бошқаларга эшитганидек етказган кишиниг юзини Аллоҳ ёруғ қилсин. Баъзан етказилган киши эшитувчидан кўра ёдида сақлагувчироқ бўлади[3], деб айтган сўзлари ёрқин далилдир. Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларига мушарраф бўлган инсонлар қаторига Имом Бухорийни ҳам келтириш ўринлидир. Чунки у киши ҳадисларни ёд олиб, омонатдорлик билан келажак авлодга етказдилар. Бу, у киши учун жуда катта фазилатдир.

Иккинчиси, дин аҳкомларини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тушуниш фазилати. Шу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (шариат қонунларини яхши тушунадиган) қилиб қўяди”[4], деган сўзлари ўз исботини топади.

Бинобарин, Имом Бухорийнинг ижтиҳодлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан чиқариб олинадиган фиқҳий фойдалардан кўпини ўз ичига қамраб олади. Бунга мисол қилиб ўзининг асарларидаги бобларнинг сарлавҳаларида ҳам кўпгина фойдаларни жойлаштирганини келтириб ўтиш мумкин. Бундан маълум бўладики, у киши фиқҳ илмида ҳам теран билимдон эканлиги кўринади. Бу эса Имом Бухорийнинг фиқҳ илмида ва ҳукмларни чиқариб олишда мустақил якка ҳолатда ижтиҳод қилганига ҳужжат бўлади. Албатта, бу борада ўзидан олдин ўтган Имом Молик, Аҳмад ибн Ҳанбал, Суфён Саврий ва Авзоъий каби мужтаҳид имомларнинг ижтиҳодларидаги тутган услубларидан фойда олган. Қолаверса, ўзидан олдин яшаб ўтган машҳур имомларнинг тасниф қилган китоблари устида қаттиқ шуғулланган ва уларни тўлиқ ёдлаб, эгаллаб олган.

Хулоса қиладиган бўлсак, Имом Бухорий ўзидан кейинги авлод учун яхши ўрнак бўлиб, ҳимматларининг улуғлиги ва меҳнатларининг самараси билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини чалкашлик ва ўзгариб кетишдан сақладилар. Бу йўлда муҳаддис ўзига хос услубларни яратиб, йигирмадан ортиқ китоб ёзиб қолдирди.

Отабек БАҲРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот бўлими
илмий ходими
[1] Ҳижр, 15/9.
[2] Сунану Абу Довуд. Суннат китоби. “Суннатни лозим тутиш” боби. 4064-ҳадис.
[3] Сунан ат-Термизий. “Илм боблари” боби. 2657ҳ.
[4] Саҳиҳу Муслим. Китабул кусуф. 2657ҳ.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …