Home / ЯНГИЛИКЛАР / ИЛМИЙ КЕНГАШНИНГ НАВБАТДАГИ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

ИЛМИЙ КЕНГАШНИНГ НАВБАТДАГИ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

Коронавирус пандемияси муносабати билан юртимизда карантин эълон қилингани боис, Марказ Илмий кенгашининг навбатдаги йиғилиши жорий йил 9 июнь куни онлайн тарзда ташкил этилди.

Йиғилишни Кенгаш раиси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов кириш сўзи билан очиб бериб, кенгаш аъзоларини кун тартибидаги масалалар билан таништирди.

Унда дастлаб, Марказнинг илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий йўналишлардаги фаолияти тўғрисида ахборот берилди. Олимлар томонидан илмий ишлар самарадорлигини оширишга доир қатор таклифлар билдирилди. Илмий изланишларни карантин даврида ҳам ортга сурилишига йўл қўймаслик, тадқиқот йўналишларига оид манбаларни тўплаш ва таҳлил этишни изчил давом эттириш ва эришилган натижаларни онлайн тарзда муҳокамаларини ташкил этиб бориш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Шунингдек, Илмий кенгаш йиғилишида Марказ нашрлар бўлими бошлиғи, мустақил тадқиқотчи Отабек Муҳаммадиевнинг “XI-XII асрларда Мовароуннаҳр мотуридия калом мактаби ривожида Алоуддин Усмандийнинг ўрни (“Лубобул калом” асари мисолида)” мавзусидаги фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрлаган диссертациясининг муҳокамаси бўлиб ўтди.

Тадқиқотчи, кенгаш аъзолари ва олимларни мавзунинг долзарблиги, илмий-амалий аҳамияти, ўрганилиш даражаси, илмий янгиликлари ва хулосалари билан яқиндан таништирди.
Мазкур тадқиқот иши муҳокамаси савол-жавоб кўринишида қизғин давом этди. Олимлар диссертация иши сифатини оширишга доир фикр-мулоҳазаларини билдириб, зарур кўрсатмаларини беришди.

Илмий кенгаш йиғилишида кун тартибидаги барча масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Янги лойиҳа бошланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) …