Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИНИ ТАЪЛИФ ЭТИШДАГИ УСЛУБЛАРИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИНИ ТАЪЛИФ ЭТИШДАГИ УСЛУБЛАРИ

Тарихдан маълумки, ҳадис илмининг ривожида олтин давр ҳисобланган ҳижрий учинчи (милодий IХ) асрда ҳадис илми борасида жуда катта муваффақиятли ишлар амалга оширилган. Ҳадис илми мусулмонлар учун аҳамиятли бўлгани сабабли муҳаддислар бу йўлда ўзларининг самимийлигини намоён қилиб, тинмай меҳнат қилиб, ўз ниятларини амалга оширдилар. Натижада ўзларидан кейинги авлодлар учун яхши ўрнак бўлиб, ҳимматларининг улуғлиги ва меҳнатларининг самараси билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини чалкашлик ва ўзгариб кетишдан сақладилар. Бу йўлда ҳар бир муҳаддис ўзига хос услубларни яратиб, китобларини туздилар.

Зеро, бутун ислом оламида энг нуфузли манбалар деб тан олинган олтита ишончли ҳадислар тўпламининг (ас-Сиҳоҳ ас-Ситта) муаллифлари ҳам шу даврда яшаб ижод қилганлар. Яна эътиборли тарафи шундаки, мазкур олтита муҳаддиснинг деярли ҳаммаси Марказий осиёлик бўлиб, улар: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий, Имом Муслим ибн ал-Ҳажжож (206/819 – 261/874), Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (209/ 824 – 279/892), Имом Абу Довуд Сулаймон Сижистоний (202/817 – 275/880), Имом Аҳмад Ан-Насоий (215/830 – 303/915), Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язиб ибн Можжа (209/824 – 273/886) каби муҳаддислардир. Шулар ичидан ҳадис илмида “Амирал мўминийн” деган шарафли номга сазовор бўлган Имом Бухорий алоҳида эътиборга молик шаҳсдир.

У кишининг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардазбеҳ Жуафий Бухорий бўлиб, ҳижрий ҳисобда 194 йил шаввол ойининг 13-куни (810 йил 20 июль)да Бухорои шарифда таваллуд топган.

Буюк алломанинг энг муҳим асари, шубҳасиз, Ислом оламида Қуръони каримдан кейинги манба деб эътироф этилган “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асаридир. Бу асар “Саҳийҳул Бухорий” номи билан ҳам машҳур. Унинг ғоят аҳамиятли томони шундаки, Имом Бухорийгача ўтган муҳаддислар ўз тўпламларига эшитган барча ҳадисларини танлаб ўтирмай қаторасига киритаверганлар. Имом Бухорий эса турли ровийлардан эшитган ҳадисларни табақаларга бўлиб, уларнинг ишончлиларини ажратиб, алоҳида китоб яратди. Аллома ибн Салоҳнинг таъкидлашича, Имом Бухорийнинг бу асарига киритилган ишончли ҳадисларнинг сони такрорланадиганлари билан бирга 7275 та бўлиб, такрорланмайдиган ҳолда эса 4000 ҳадисдан иборат.

Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарини ёзишда ўзларининг йўналишига хос бўлган бир нечта услубларни қўллади ва бу услублардан баъзилари ровийлар санадига[1] боғлиқ бўлса, баъзилари фиқҳга[2] оид услублардир.

Имом Бухорийнинг санадга оид бўлган услублари жуда ҳам кўп бўлиб, уларни англаш ва фаҳмлаш фақатгина жиддий эътибор қилиш ва бу асарни диққат билан ўқиш орқали амалга ошади. Қуйида Имом Бухорийнинг шу мавзуга боғлиқ бўлган баъзи услубларини келтириб ўтамиз:

Мутабиат[3] ҳадисларни кўп келтиради.

Имом Бухорийнинг мутабиатлари бошқа муҳаддисларнинг мутабиатларидан анчагина мушкулдир. Шунинг учун кўпинча у киши мутабиат ҳадисларни зикр қилмайди. Бу нарса фақатгина ровийлар табақаларидан ва шайхларнинг[4] бир-бири билан йўлиқишидан хабардор бўлган кишигина билади[5].

Санадлардан энг аввалгиларнинг санади билан ривоят қилинган ҳадисни ихтиёр қилиши.

Имом Бухорийнинг наздида санадларнинг энг олийси уч кишидан иборат бўлган санад бўлиб, ўзининг саҳиҳларида 22 та ҳадисни “Суласий иснод” билан ривоят қилган[6]. Бу ҳадисларнинг кўпроғи Маккий ибн Иброҳимдан, баъзилари Зоҳҳак ибн Мухолладдан ва баъзилари Холлад ибн Яҳёдандир. Саҳиҳул Бухорийда санадларнинг энг узуни тўққизталик санад бўлиб, бу санад билан фақатгина битта ҳадис, яъни “Фитна”лар китобидаги “Яъжуж-маъжуж” бобида келтирилган ҳадисдир[7].

Санадларнинг энг саҳиҳи деб сифатланган санадларни танлаши[8].

Масалан,

  1. Молик, у Нофеъдан, у Ибн Умардан
  2. Зуҳрий, у Солимдан, у отасидан
  3. Нахаъий, у Алқамадан, у Ибн Масъуддан
  4. Зуҳрий, у Али ибн Ҳусайндан, у отасидан
  5. Абдуроҳман ибн Қосим, у отасидан, отаси Оиша онамиздан[9].

“Бизларга ҳадис айтиб берди”, “Бизларга маълум қилди”, “Бизларга хабар берди” ва “Бизлар эшитдик” жумлаларининг ўртасини фарқламайди.

Имом Бухорий бу сийғаларнинг ўртасида фарқ бўлмаганлиги сабабли “Саҳиҳул Бухорий”нинг “Илм” китобида алоҳида боб тузган1. Ваҳоланки бу Ҳижоз ва Куфа улуғларининг танлаган йўлидир. Аммо баъзи муҳаддислар бу сийғаларнинг ўртасида фарқ бор, деганлар. Имом Муслим ўзининг саҳиҳида Имом Бухорийнинг фикрига мойил бўлганини, айтган.

Агар ҳадиснинг ровийси Имом Бухорийга нотаниш бўлса, ровийнинг насабини ва ватанини зикр қилиб ўтади2.

Диққат билан қаралса, Имом Бухорий ўзларининг саҳиҳларини мукаммал даражада бўлиши учун ҳеч нарсани назардан четда қолдирмаган.

Ҳадисни саҳобадан эшитган тобеъинларнинг ёзган саҳифаларидан олиб нақл қилиши.

Тобеъинларнинг ёзган саҳифаларидан ҳадис олиб ривоят қилишда муҳаддисларнинг йўллари ҳар хил бўлган. Бу масалада Имом Бухорий шундай йўл тутганки, саҳифадаги биринчи ҳадисни зикр қилиб, сўнгра шу бобда айтилиши ирода қилинган ҳадисни зикр қилади. Худди тобеъинлардан бўлган Абу Зиноднинг саҳифасидаги ҳадисни келтиргани каби. Бу ҳадисни Абу Зинод Аърождан, у айтади: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бизлар пешқадаммиз, охиргилармиз” деяётганларини эшитган экан”.

Имом Бухорий шу санад билан бобга алоқаси бўлган: “Бирортангиз оқмайдиган турғун сувга бавл қилмасин, (чунки) кейин унда ғусл қилиши бор”3 деган ҳадисни келтирди.

Имом Бухорийнинг дўсти Имом Муслим бу борада бошқа йўл тутган. Масалан, у киши келтириб ўтган ҳадисига ишора қилиб, Ҳумам ибн Мунаббаҳ саҳифасида4 айтади: “Бу ҳадисни бизларга Абу Ҳурайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтиб берди”. Шундан кейин у кишидан ҳадисларни зикр қилади ва “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар” дейди.

Гоҳида “Ҳаддасана” (Бизга ҳадис айтиб берди) сўзидан олдин вов ҳарфини келтириб, “Ваҳаддасана” деб айтиши.

Бу борада Имом Бухорий битта ҳадис ривоят қилган. Имом Муслимда бунга ўхшаш жумлалар жуда кўп келган.

Абдулҳақ ибн Абдулвоҳид Ҳашимий Маккий раҳимаҳумуллоҳ шундай деганлар: “Бунга эътибор қаратиш жуда аҳамиятли иш бўлиб, бирорта ҳадис шарҳловчиларининг буни китоб ўқувчига огоҳлантириб кетганини топмадим. Мен бу йўлда хар қанча изланиш олиб борсам ҳам, таваққуф топадиган илмга эга бўлмадим. Шу масалада мен учратган муҳаддис ва фуқоҳалардан сўраганимда, менинг кўнглимдан чигаллик кетказадиган жавобни бермади, балки кўпчилиги “Бу бекорчи савол” деб мендан ажабланар эди. Хатто бир марта Анвар Шоҳ Дибандийга5 мактуб ёзганимда, менга “Муқаддимату шарҳу Нававий” китобини ўқишликни тавсия қилди. Ваҳоланки мен шу вақтгача шу китобнинг ўзидан ҳам, шарҳидан ҳам излаган нарсамнинг жавобини топалмадим.

Баъзилар, бу вов атф вови бўлиб, юқоридаги саҳиҳ ҳадисни кейинги ҳадисга боғлайдиган вовдир. Бу эътиборсиз гапдир. Чунки Имом Муслим кўпинча бу вовни олдиндаги ҳадисга ҳеч қандай алоқаси бўлмаса ҳам келтиради.

Баъзилар айтади: Бу вов шайхнинг ривоят қилган ҳадисларига кўра атф учундир. Бунинг кўриниши шундай бўлади: Масалан, бир муаллиф (ҳадис тўпловчи) устозидан мажлисларнинг бирида юзта ҳадис эшитди. Шунда муаллиф биринчи ҳадисдан бошқа битта ҳадисни ривоят қилишни ҳоҳласа, ўша ҳадисга ишора қилиб вовни келтиради.

Отабек БАҲРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
[1] Ҳадисни ривоят қилган кишилар занжири.
[2] Ислом динидаги хукмларга оид масалалар
[3] Агар ровий бир ҳадисни ривоят қилган бўлса, бошқа ровий ҳам ўша ҳадиснинг лафзларига ёки маносига уйғун бўлган ҳадисни ривоят қилса, бу ҳадис мутабиатдир.
[4] Шайх – У кишидан ҳадис олинган узтоздир.
[5] «Умдатул Қори шарҳу Саҳиҳул Бухорий». Бадруддин Айний. 1/8.
[6] Уламоларнинг бир жамоаси «Суласийятул Бухорий» деб алоҳида китоб тузганлар. Фуад Сизгин ўзининг «Тарихул туросил арабиййи» асарида баъзиларини зикр қилиб ўтган. 1/337,338.
[7] 7135-ҳадис. Ҳофиз ибн Ҳажар «Фатҳул Барий» китобида: «Бу ҳадис Бухорийдаги санади энг узун ҳадис бўлиб, санади тўққизтадир». 3/105.
[8] «Луббул Лубаб» китобининг «Асанидун» бобида келган.
[9] «Маърифату анваъи илмул ҳадис» китобининг «Асаҳҳул асаниду» боби. Ибн Салаҳ. 12С.

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …