Home / МАҚОЛАЛАР / Та’вилот Қуръон ва унинг шарҳи ҳақида янги маълумотлар

Та’вилот Қуръон ва унинг шарҳи ҳақида янги маълумотлар

Самарқандда Абу Мансур Мотуридий асос солган калом таълимоти йиллар ўтиб, бутун ислом оламига тарқалади ва суннийликдаги икки йирик мактабнинг бирига айланади. Ушбу таълимотнинг мазмун-моҳиятини, тарихини ўрганишдан аввал Мотуридийнинг ҳаёти ва жамиятда тутган мавқеини чуқур тадқиқ қилиш керак. Мотуридия таълимоти XI асрдан бошлаб ислом оламида шуҳрат қозонади ва шу даврдан алломанинг шахсига қизиқиш кучаяди.

Мутакаллим ислом динидаги суннийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиб, ўзи ҳам араб тилида тафсир ва эътиқодга оид “Таъвилот аҳли ас-сунна” (Та’вилот Қуръон) ни ёзади. Бундан кўзланган асосий мақсад “Аҳл ас-сунна ва ал-жамоа” таълимотига зид қарашларни рад қилишдир. Бу асардан эътиқодий масалалар ҳамда фиқҳда кенг фойдаланилади. Абу Мансур Мотуридий бу асарини ёзишда асосан Абу Ҳанифанинг қарашларига суянади. “Та’вилот Қуръон” илк бор биринчи жилди 1971 йилда Сайид ва Иброҳим ‘Авадайнлар томонидан нашр этилди. Худди мана шу китоб  бангладешлик олим  А.А. Раҳмон  томонидан 1981 йил янги қўшимчалар билан қайта нашр қилинди. Асарнинг чоп қилиниши Мотуридий каломига оид бир қатор мақолаларнинг ёзилишига сабаб бўлди. Ф. Сезгин ўзининг «Араб қўлёзмалари тарихи» китобида «Китоб та’вилот» асарининг дунё фондидаги нусхалари ҳақида қимматли маълумот беради. Сўнгги йилларга  келиб, унинг тўлиқ нашрлари ҳам амалга оширилди. 2004 йил Фотима Юсуф Хайми томонидан 1-5 жилдлари Байрутда нашр этилди. Яна бири Муждий Баслум томонидан тайёрланган бўлиб, 2005 йил Қоҳирада  “Мактабат ул карамат” нашриётида нашр бўлган. Энг сўнгги 2008-2009 йиллардаги илмий нашри Туркияда доктор Эртигул Бойнукалин томонидан тайёрланган, унга профессор, доктор Бекир Тўпалу ўғли илмий муҳаррир бўлган. Туркиядаги “Дарул мезон” нашрётида унинг етти жилди чоп этилди.

 “Та’вилот Қуръон” асарининг 2 та  нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг  Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида № 5126 ва №5127 рақамлари остида сақланади.

Тошкент фондидаги № 5126 рақами остидаги нусхаси асарнинг иккинчи жилдидир. Иккинчи жилд (дафтар) нинг умумий ҳажми 258 варақ, шарқ қоғозига қора сиёҳ билан кўчирилган Қўлёзма асарнинг бир қисми – LXII-CXIV суралар та’вилини ўз ичига олади. Қўлёзманинг 171а саҳифасида бу асар Хожа Муҳаммад Порсо кутубхонасида сақланганлиги тўғрисида белги бор. Унда жумладан шундай дейилади; “Ушбу китоб Бухоро шаҳрининг Ку-йи Дихқон манзилидаги кутубхонага Аллоҳ бандаси Муҳаммад ал-Хофизи ал-Бухорий томонидан вақф қилинган”.

Эътиборли жиҳати – юқорида тилга олинган  бу қўлёзма «Китоб ат-та’вилот»нинг ҳозирги кунга қадар дунёдаги энг қадимий нусхаси бўлиб турибди. Мазкур нусханинг тавсифи СВР (Собрание восточных рукописей. – Т. I-XI. – Т.: Фан, 1952-1987.)га киритилмаган эди ва у илк бор мақола муаллифи (Ш.З) томонидан илмий муомалага киритилди (Абу Мансур ал-Мотуридий ва унинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” асари ҳақида янги маълумотлар // Шарқшунослик. – 1999. – № 9. – Б. 66-73).

Бу қўлёзма 529/1134–35 йилда кўчирилган. Бухоро жомеъ масжидида қабул қилиниб ва таҳрир этилган (Қубила ва суҳҳиҳа фи масжиди жа‘ми ал-Бухара).

“Китоб ат-та’вилот” асарининг яна бир нусхаси 5127 инв. рақами остида сақланади. Бу нусха асарнинг охирги жилдидир. Насх ёзувида кўчирилган бу нусха 294 варақдан иборат. Китоб ўлчами 19,5 х 15,5 см., матн ҳар саҳифада 19  қатордан жойлаштирилган. Қўлёзма қора сиёҳ билан шарқ қоғозига ёзилган. Бу жилд жигарранг чарм муқовали, ғилоф ишланган; бундай муқовалаш усули Усмонийлар даврига хос. Муқованинг юзида бир бўлак қадимий қоғозга “Китоб ат-та’вилот” сўзлари ёзилган бўлиб, ёзув йиллар давомида эскириб, кўз илғамайдиган даражага келиб қолган. қўлёзманинг бошланғич варағидаги (1а) юқори сатрда “Тафсир-и шайх Абу Мансур ал-Мотуридий” деб ёзилган. Шу саҳифанинг қуйироғида шундай ёзувлар бор: “Бу охирги дафтар буюк имом, зоҳид, ҳидоят йўли имоми, аҳли сунна ва жамоа раиси шайх Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридийдан нақл қилинган”. Варақнинг чап тарафига “Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Наср ал-Ҳофиз ал-Бухорий мулки” деб ёзиб қўйилган.

Икки нусха ҳам машҳур Хожа Муҳаммад Порсонинг кутубхонасига тегишли (қаранг: Shovosil Ziyodov, Ashirbek Muminov et Elizaveta Nekrasova «La “Bibliothèque de Khwâja Muhammad Pârsâ” revisitée», [Studia Iranica. Cahier 40], Paris: 2009, pp. 17-41;).

Шу фонднинг ўзида «Китоб ат-та’вилот» асарининг машҳур ҳанафий фиқҳ олими ‘Ало’ ад-дин ас-Самарқандий (GAL, Suppl., I, 640) томонидан ёзилган  шарҳи ҳам мавжуд бўлиб, унинг нусхалари № 3249 ва № 3155 рақамлари остида сақлана. Буларнинг ҳам ҳар иккиси Хожа Муҳаммад Порсо кутубхонасидандир. Бу нусхаларнинг бири (№ 3249), айниқса, қимматлидир. Унинг энг диққатга сазовор жойи – унинг сарварағидир (1а). Унда икки исноднинг келтирилган.

Қўлёзманинг сарварағи шундай иборалар билан бошланади:

اسناد تصانيف عالم الهدى رئيس اهل السنة ابى منصور الماتريدي رضى الله عنه و اباته الجنة قال… اخبرنا الشيخ الامام حافظ الدين محمد بن محمد بن نصر البخاري قال اخبرنا الشيخ الامام العالم الرباني الحبر الرحماني صاحب الاصول و الفروع شمس الدين محمد بن عبد الستار العمادي الكردري رضي الله عنه تغمد الله بالرحمة و الرضوان قال اخبرنا الشيخ نجم الدين ابو حفص عمر بن محمد بن احمد النسفي قال اخبرنا الشيخ الامام القاضي ابو اليسر محمد بن محمد بن الحسين بن عبد الكريم النسفي عن ابيه عن جده عن ابيه عبد الكريم عن الشيخ الامام عالم الهدى رئس اهل السنة ابي منصور محمدبن محمد بن محمود الماتريدي السمرقندي تغمد الله بالرحمة و الرضوان.

الدفتر الاول من كتاب شرح التأويلات للشيخ الامام الزاهد رئس اهل السنة و الجماعت ابي منصور الماتريدي طيب الله تربته و اعلاه رحمة شرحه الشيخ الامام علاؤ الدين ابو بكر محمد بن احمد السمرقندي

“Аҳл ас-сунна раиси Абу Мансур ал-Мотуридий Аллоҳ ундан рози бўлсин ҳидоят илми пешвосидан аш-шайх ал-имом Ҳофиз ад-дин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Наср ал-Бухорийга асарлар қуйидаги иснод билан етиб келди: аш-шайх ал-имом ар-раббоний, усул ва фуруъ соҳиби Шамс ад-дин Муҳаммад ибн Абд ас-Саттор ибн Муҳаммад ал-Имодий ал-Кардарий хабар қилди (Аллоҳ уни раҳматига ва ризосига йўлласин), унга ўз навбатида аш-Шайх ал-Имом Нажм ад-дин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафий айтди, аш-Шайх ал-Имом ал-қози Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн ал-Ҳусайн ибн Абд ал-Карим ан-Насафий, у – отасидан, у – бобосидан, у эса – отаси Абд ал-Каримдан, у эса – аш-шайх, ҳидоят йўлига бошловчи, аҳл ас-суннанинг раиси Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандийдан Аллоҳ уни раҳмати ва ризоси билан қўлласин айтади”, деган сўзлар билан биринчи иснод матни тугайди. Иккинчи иснод “Шарҳ Та’вилот” дан бу биринчи дафтарни шайх имом ар-роҳиб аҳл ас-сунна ва жамоанинг раиси Абу Мансур ал-Мотуридийдан Аллоҳ унинг тавбасини қабул этиб раҳмати ва ризоси билан қўлласин Шайх ал-Имом ‘Ало’ ад-дин Абу Бакр Муҳаммад  ибн Аҳмад ас-Самарқандий шарҳлаган” деган жумла билан тугайди.

Юқоридаги изоҳда ал-Мотуридий таълимоти, асарлари ўз замонасида кейинги даврлардагидек машҳур бўлмаганига ишора бор. Бу асар дастлаб ‘Абд ал-Карим ал-Паздавий (ваф. 999 й.) оиласи аъзолари орасида нақл этилади. XII асрдан бошлаб эса уламолар орасида кенг тарқала бошлайди. Яна шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Мотуридийа таълимоти Самарқанддан Бухорога ёйилиши тафсилотларини ҳам шу манба асосида ўрганиш мумкин.

Ҳозирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази араб тилидан ўзбек тилига таржима ишлари олиб борилмоқда.

Айтиш мумкинки, бу янги манбалар ал-Мотуридийнинг шахсий ҳаётига оид бир қадар аниқликлар киритади ва таълимоти билан боғлиқ қимматли маълумотлар беради.

 Шовосил Зиёдов
 тарих фанлари номзоди, доцент,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …