Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Самарқанд ва Бухоро – илм- маърифат ва ҳикматнинг қибласи

Самарқанд ва Бухоро – илм- маърифат ва ҳикматнинг қибласи

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Туркиянинг ислом тафаккури институти ҳамкорлигида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди.
 
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизматининг хабар беришича, мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда марказ тадқиқотчилари, юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва муассасаларнинг ёш олим ва изланувчилари иштирок этди.
 
Тадбирда илоҳиёт, ҳадис ва дин илмлари бўйича таниқли олим, Туркиянинг Ислом тафаккури институти раҳбари, профессор Меҳмет Гўрмез “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг ҳадис илмида тутган ўрни, буюк муҳаддиснинг ушбу асарда ҳадисларни тасниф этишдаги ўзига хос услуби” мавзусидаги маърузаси тингланди.
 
Олим 1994 йилда “Суннат ва ҳадисни тушуниш ва талқин қилишда методология муаммоси” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилгани, ушбу диссертацияни ёзиш давомида дунёнинг қатор ислом мамлакатларида бўлиб, Имом Бухорийга оид кўплаб манбаларга мурожаат қилганини ва қимматли маълумотларга эга бўлганини қайд этди.
 
– Меҳнат фаолиятим давомида кўплаб мамлакатларда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бўлганман, – деди профессор Меҳмет Гўрмез. – Ўшанда юртингизда улуғ алломалар хотираси, уларнинг илмий меросига бўлган ҳурмат, эътиборни кўриб, ниҳоятда хурсанд бўлгандим. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Форобий каби улуғ мутаффаккирларни вояга етказган Мовароуннаҳр заминига, хусусан Ўзбекистонга меҳр ва муҳаббатим ортган. Самарқанд ва Бухоро ўз даврида илм-маърифат ва ҳикматнинг қибласи бўлганига амин бўлганман. 
 
“Суннат ва ҳадисни тушуниш”, “Ҳадис илмининг асосий масалалари”, “Глобал дунёда дин ва цивилизация”, “Суннат ва ҳадиснинг бугунги кундаги аҳамияти” каби китобларни нашр этган Меҳмет Гўрмез ҳадисшунослик йўналишида илмий-тадқиқот ишлари билан машғул бўлган ёш олимларга ўз тавсияларини берди.
Манба: ЎзА

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …