Home / КИТОБЛАР / ШОГИРДЛАРИ

ШОГИРДЛАРИ

Имом Бухорийнинг шогирдлари ниҳоятда кўп бўлган. Мўътабар манбаларнинг гувоҳлик беришича, улуғ олим ҳаётининг бош китоби бўлмиш «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ»дан у кишининг бевосита раҳбарликларида тўқсон минг киши таълим олди. Уларнинг сафида машҳур муҳаддислар Муслим ибн Ҳажжож, имом Термизий, имом Насоий, Ибн Хузайма, Ибн Абу Довуд, Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий, Иброҳим ибн Маъқал Насафий, Ҳаммод ибн Шокир Насафий, Мансур ибн Муҳаммад Баздавий ва яна кўплаб улуғ олимлар бор.
Ҳали болалик чоғларидаёқ имом Бухорийнинг шогирдларининг саноғи йўқ эди. Ёшлик чоғларида Басра аҳлининг маърифат толиблари у кишининг ортларидан югурар эдилар. Ҳаттоки йўл устига ўтирғизиб олиб, мажбур қилиб ҳадис сўрашарди.
Ўша мажлисларда минглаб одам жамланар эди. Уларнинг кўпчилиги ҳадисларини одамлар ёзиб оладиган шайхлар бўларди. Имом Бухорий эса ҳали мўйлаби чиқмаган ёш бола эди.
«Тарихи Бағдод» китобида бу ҳақда қўйидагиларни ўқиш мумкин:
«Абу Бакр ал-Айян айтади:
«Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг эшиги олдида Муҳаммад ибн Исмоилдан ҳадис ёзиб олдик. Унинг юзида бирорта ҳам тук йўқ эди.

Бир марта Бухорий Басрага келганида жарчи:
«Эй аҳли илмлар! Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий келди!» деб жар солди.
Уни излаб борганлар Басра жомеъ масжидида, устун ортида намоз ўқиётган қоп-қора соқолли ёш йигитни кўрдилар. У намозини ўқиб бўлиши билан ўраб олиб, улар учун имло мажлиси қуришни илтимос қилишди. У киши рози бўлдилар.
Шунда жарчи Басра жомеъ масжидида туриб, иккинчи марта: «Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий келди! Биз ундан имло мажлиси қуришни сўрадик! У эртага фалон жойда мажлис қуришга рози бўлди!» деб жар солди.
Эртасига фақиҳлар, муҳаддислар, ҳофизлар ва нозирлардан кўп минг одам жамланди.
Бағдодда ҳам у кишининг минглаб шогирдлари бор эди. Абу Али Солиҳ ибн Муҳаммад Бағдодий айтади:
«Муҳаммад ибн Исмоил Бағдодда мажлис қурар эди. Мен унинг имлосини одамларга етказиб турар эдим. Унинг мажлисига йигирма мингдан зиёд одам жамланар эди».
Гапни қисқа қиладиган бўлсак, имом Бухорийнинг шогирдлари саноғига етиш қийин. Ўша вақтдаги кўзга кўринган барча олимлар у кишига шогирд бўлган, десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАРИ ҲАҚИДА

Имом Бухорийнинг фиқҳий мазҳаблари ҳақида аҳли илм турлича гапларни айтганлар. Тожуддин Субкий ўзининг «Табақотуш-Шофеъийя» китобида, …