Home / Имом Бухорий ҳадислари / РАМАЗОНДА ҚАНДАЙ ТАҚВО ҚИЛИНАДИ?

РАМАЗОНДА ҚАНДАЙ ТАҚВО ҚИЛИНАДИ?

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Ким ёлғон гапиришни ва ёлғонга амал қилишни ташламас экан, Аллоҳ таоло унинг таомланиш ва ичимликдан тийилишига асло муҳтож эмас” (Имом Бухорий ривояти).  

     Шарҳ: Ушбу ҳадисда рўза тутишнинг ҳикматларидан бири, ахлоқий иллатлардан халос бўлиш экани баён қилинган. Рамазон ойи  ёлғон, ғазаб, ғийбат, чақимчилик, сўкиниш, гина-адоват сақлаш каби ёмон иллатлардан банда фориғ бўлиши учун муносиб онлардир.

Инсон табиий муҳтож бўлган еб-ичишдан ўзини тийиш ила асло эҳтиёжи бўлмаган ёлғон сўз, ғазабланиш ва чақимчилик каби ишлар билан машғул бўлишида манфаат қозонмайди. Чунки рўза тутиш билан нафс истаги синади ва у  иймон тақозо этган нарсага бўйсуна бошлайди. Ҳадисда, айнан ёлғон сўз ва унинг шериклари бўлган ғийбат, чақимчилик, ҳасад, хиёнат ва зулм каби иллатлар тарк қилинмас экан, Аллоҳ таоло ундай кимсаларнинг очлигига муҳтож эмаслиги таъкидланган.

Рамазон ойида савобли ишлар қилган ва гуноҳу зулмлардан тийилган кишига Аллоҳ таолонинг раҳмати чексиз. Ибн Ҳажар Асқалоний[1] раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Киши ёлғон гапириш, ғазаб қилиш ва сўкиниш каби ёмон иллатларни тарк қилмас экан, унинг рўза тутишида савоб йўқ. Ёлғон сўз ва унинг шерикларидан сақланган кишиларгина мукофотларга эга бўлади”

Ибн Мунир[2]: “Ҳадисда, таом ва ичимликдан тийилишига Аллоҳ таоло муҳтож эмас” дейилиши билан ундай кимсаларнинг амаллари қабул бўлмаслиги ишора этилган…”, дейди.

Соддароқ қилиб айтганда, рўза гўё бадан бўлса, унинг либоси солиҳ амаллар бўлади. Шу боис банда бутун вужуди билан рўза тутмоғи лозим. Ҳатто бошқалардан тазйиқ етганида ҳам “мен рўзадорман”, дея ғазабига ҳоким бўла олмоғи керак.

Рўза банда ва Раббисининг ўртасидаги сир бўлиб, унинг мукофотини ҳам Ўзи бериши ваъда қилинган. Емаслик, ичмаслик, ҳар нарсага сабр қилиш ва шаҳватни тарк этиш билан нафсни синдириш Рамазон ойидаги тақводир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “…Рўза – қалқондир[3]. Энди сизлардан ким Рамазонда рўза тутса, фаҳш сўзларни сўзламасин,  овозини баландлатмасин. Агар уни бирор киши сўкса ёки у билан уришмоқчи бўлса ҳам «мен рўзадорман, мен рўзадорман», деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

  Ибн Ҳузайма розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар сен рўзадор бўлсанг бирор кишини сўкма, агар сени бирор киши сўкса ҳам «мен рўзадорман» деб айт! Агар турган бўлсанг ўтириб ол, ғазабинг сўнади (Бошқа бир ривоятда, ўтирганингда ҳам кетмаса, таҳорат қил ва икки ракат намоз ўқи дейилган)”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Парвардигор жамолини кўриш ва Раййон эшигидан кириб, абадий жаннатга мушарраф бўлиш ҳар бир банданинг орзусидир. Бунинг учун зиммамиздаги буюрилган нарсаларни қилиб, қайтарилганларини тарк қилмоғимиз керак. Аллоҳ таоло барчаларимизнинг тутаётган рўзаларимизни нуқсонсиз ва бериё қабул қилган бўлсин!

Изоҳ: Саъийд ибн Саъд ибн Синан Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Зарар бериш ҳам, зарарланиш ҳам йўқ” (Имом термизий ривояти). Яъни, исломда бошқаларга озор бериш ҳам ва ўзимизни зарарга қўйишимиз ҳам мумкин эмас. Демоқчи бўлганимиз, айниқса, шундай улуғ кунларда карантин қоидаларига қатъий риоят этишимиз лозим бўлади. Зеро, Рамазон кунларида ҳар бир қилган амалимиз савоби улуғ бўлганидек, қилган хато ишимизнинг жазоси ҳам қаттиқ бўлади. Яратган Роббимиз, ушбу муборак ойда дуо-ю илтижоларимизни қабул қилиб, коронавирус вабосини бизлардан, бутун дунё мусулмонлари бошидан тезда бартараф этсин!

Фатҳул Борий шарҳи Саҳиҳил Бухорий”[4] китоби асосида»
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади. 
[1] Абул Фазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар Асқалоний Шофиъий )1372-1449( мисрлик машҳур муҳаддис олим. Аллома ўз давридаёқ шуҳрат қозонган алломалардан биридир. Мисрда бир неча марта қозиликка таъйинланган, сўнгра ижодий ишлар сабабли истеъфога чиққан. Юздан ортиқ асарлар муаллифи. Алломанинг “Саҳиҳи Бухорий”га битган “Фатҳ ал-Борий” асари жуда машҳур.
[2] Аҳмад ибн Мунир ибн Аҳмад Абул ҲусайнТаробулисий (1080-1153) Шомда туғилиб, Дамашқда яшаган муҳаддис, луғатшунос олим ва шоир бўлган.
[3] Абу Заннад: «Жаҳаннамдан қалқондир» дейди.
[4] Имом Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий”- Байрут. “Дорул Маърифа” нашриёти. 1379ҳ 1958 м.

Check Also

Ота-она сўрамасдан фарзандининг мулкидан “ўғринча” фойдаланишга ҳаққи борми?

Дин ва ҳадис илмлари инсонни ҳамиша маънавий камолотга етаклайди. Ундан олинадиган фойдалар беқиёсдир. Хусусан, зулм …