Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Буюк аждодларимиз меросининг яна бир халқаро эътирофи

Буюк аждодларимиз меросининг яна бир халқаро эътирофи

Истиқлол туфайли халқимизнинг асрий орзулари рўёбга чиқиб, миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Ўзбекистонда барча жабҳалар қатори диний–маърифий соҳани ҳам ривожлантириш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш, асл инсонпарварлик тамойилларини очиб бериш, бу йўналишда малакали кадрлар тайёрлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда коронавирус туфайли карантин жорий қилинган бўлса-да, бошқа идора ва ташкилотлар сингари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази  ҳам ўз фаолиятини изчил давом эттирмоқда. Маълумки, Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раиси шайх доктор Аҳмад Тоййибнинг 2018 йилда юртимизга  ташрифи чоғида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети ўртасида Англашув меморандуми имзоланган эди. Бу хужжат ҳадис илмининг ривожига беқиёс ҳисса қўшган ватандошимиз Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирларнинг улкан илмий меросини ўрганиш, илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган конференция, семинар, симпозиум, кўргазма ва тренинглар ташкил этиш, икки муассаса ходимларининг ўзаро тажриба алмашиши ва малака ошириши учун кенг шароитлар яратишда  ҳамкорликни назарда тутади.

Англашув меморандуми ижроси доирасида 21 апрель куни Марказда Ал-Азҳар мажмуаси Ислом тадқиқотлари институти ҳамкорлигида “Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан алломаларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзуида он-лайн семинар бўлиб ўтди. Унда Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси Ислом тадқиқотлари институти Бош котиби Назир Муҳаммад Аяд, Марказ илмий ходимлари ва ўзбекистонлик 50 дан зиёд олим ва тадқиқотчи иштирок этди.

Мисрлик олим Имом Абу Мансур Мотуридий ҳақида сўзлаб, у зот аҳли сунна вал жамоанинг буюк алломаларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло Ислом динининг соф ақидасини шу улуғ алломанинг илми ва яратган мактаби шарофати билан муҳофаза қилганини таъкидлади. “Мотуридия таълимоти мактаби инсоният цивилизациясининг ривожланишида муҳим ўрин тутади, – деди Назир Муҳаммад Аяд. –  Имом Мотуридий нафақат ақида ва илми каломда, балки тафсир, фиқҳ, дин асослари, мантиқ ва қиёсий диншунослик соҳаларида ҳам илмий изланишлар олиб борган етук олим сифатида эътироф этилади. “Таъвилот ал- Қуръон” асари тафсир илмига оид бўлса-да, уни ўқиган киши шаръий, ақлий ва нақлий ҳамда араб тилига оид илмлар жамланганига ҳам гувоҳ бўлади”.

Имом Мотуридий фақат шаръий, ақлий ва нақлий илмлар билан кифояланиб қолмасдан, балки муҳандис ва математик олим ҳам бўлган. Бунинг далили сифатида мотуридия мактабининг таниқли вакили – Муҳаммад ибн Ашраф ас- Самарқандийнинг амалий ва табиий фанлар бўйича изланишлар олиб боргани мисол қилиб келтирилди.

Мисрлик олимнинг айтишича, мотуридия мактаби  шундай собит ва мустаҳкам таълимотни яратдики, у башарият цивилизациясининг турли даврларида, айниқса, ислом тамаддунининг шаклланиши ва ривожланишида ғоят муҳим ўрин тутди. Хусусан, бугун ислом ақидаларини  Имом Мотуридий қаламига мансуб “Таъвилот ал- Қуръон”  ва “Тавҳид”  каби асарларсиз мукаммал тасаввур этиб бўлмайди.  Алломанинг қиёс, мисол, мантиқ ва мунозара бобидаги юксак тафаккури, турли зид оқимларга раддиялари, ҳатто даҳрийлар билан мубоҳасада муҳолифларни уларнинг ўз сўзлари билан ботилга чиқариш санъати ҳали –ҳануз кўплаб олимлар учун нафақат илм, балки улкан ҳайрат манбаи ҳам бўлиб келмоқда.

Назир Муҳаммад Аяд мотуридия таълимоти ашъарий мактаби билан бирга аҳли сунна вал жамоани тўлдириб туришини таъкидлади. Унинг фикрича, жаҳон кутубхоналарида сақланаётган мотуридия таълимотига оид қўлёзмаларни ўрганиш ва тадқиқ этиш баробарида ушбу таълимотнинг кашф қилинмаган жиҳатларини биргаликда, яқин ҳамкорликда очишга киришиш вақти келди.

Семинарда яна бир атоқли исломшунос эксперт – Туркия ислом илмлари академияси раҳбари шайх Аҳмад Даманҳурий ҳам иштирок этди. Олим Имом Мотуридий каби уламоларнинг илмий мероси ва таълимотини ўрганмаслик Пайғамбардан (с.а.в) узоқлашиш билан баробар эканани қайд этди. Зеро, бу улуғ уламолар каломшунослик, тафсир, ҳадис ва фиқҳ каби илмларни Расули Акрамдан (с.а.в) бизга қадар етказиб келган ришта ҳисобланади.

“Ўзбекистон  – қадим ва бой тарихга эга бўлган, дунёга кўпдан – кўп етук аллома ва мутафаккирларни етиштириб берган буюк диёр. Киндик қони бу заминга тўкилган уламоларнинг ҳар бири бутун ислом оламига зиё тарқатиб турган маёқдир. Хусусан, Имом Мотуридий нафақат Ўзбекистон фахри, балки бутун мусулмонлар пешвосидир. Ўзбекистонда бугун яшаётган авлод Имом Мотуридий, Имом Бухорий ва Имом Насафий каби мовароуннаҳрлик уламолар илмий меросини ўрганишда бошқаларга нисбатан масъулроқдир. Чунки, бу борада алломалар ватанида сусткашликка йўл қўйилса, бу бутун умматга таъсир кўрсатади”, деди Аҳмад Даманҳурий.

 Туркия ислом илмлари академияси раҳбари Мовароуннаҳр уламоларининг ҳаёти ва илмий меросини ўрганишда юртимизда янада сермаҳсул тадқиқотлар олиб борилишига қатъий ишонч билдирди.

Аҳмад Даманҳурийга ўзи учун қулай вақтда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида илмий-амалий семинар ўтказиш таклифи билдирилди ва олим буни катта мамнуният билан қабул қилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН!

Сизни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиядаги Йилдирим Боязид университети ҳамкорлигида «МОВАРОУННАҲРДАН ЕТИШИБ ЧИҚҚАН …